Илгари тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқаро ойлаб, йиллаб сарсон бўлгани сир эмас. Бунга тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун жуда кўп ҳужжат талаб қилингани, турли идораларга қатнаш, соатлаб навбат кутишга тўғри келиши асосий сабаб эди. Оқибатда бошлаган ишини охирига етказмай ташлаб кетганлар ҳам кўп бўларди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти учун имкониятларни янада кенгайтириш мақсадида кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар бу борадаги муаммоларга бутунлай барҳам бермоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган тамойил инсон манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида алоҳида устуворлик касб этмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, унинг шаҳар ва туман марказлари ташкил этилгани демократик ислоҳотлар йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди.
Авваллари “Ягона дарча” марказлари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, 2018 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматлари марказлари аҳолига ҳам хизмат тақдим этиши белгилаб қўйилди. Эндиликда Халқ қабулхоналари билан бир жойда фаолият олиб борадиган давлат хизматлари марказларида жисмоний ва юридик шахсларга тез, қулай, шаффоф давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, давлат хизматлари кўрсатиш марказларининг моддий-техник базасини яратиш бўйича амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари тизим фаолиятини самарали йўлга қўйишда муҳим омил бўлди. Масалан, Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига “Карбонам” МЧЖ тасарруфидаги фойдаланилмай турган тўрт қаватли бино берилди. Бу ерда лойиҳа қиймати 15 миллиард сўмдан зиёд реконструкция ва жиҳозлаш ишлари бажарилди. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан 5 миллиард сўмдан ортиқ энг сўнгги русумдаги оргтехника жиҳозлари билан таъминланди.
Марказда мурожаатчиларнинг навбат кутиб қолиши ва бошқа муаммоларнинг олдини олиш мақсадида энг замонавий электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, кунига 800-1000 нафар фуқаро ва тадбиркорга 80 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариус, ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизматлари, банк шохобчаси жойлашган. Мижозларга янада қулайлик яратиш мақсадида биринчи қаватда болалар майдончаси ҳамда кафе фаолияти йўлга қўйилган.
Давлат хизматлари марказининг асосий вазифаларидан бири этиб олис қишлоқларда, марказдан узоқда жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатиш ва сайёр қабуллар ташкил этиш белгиланган. Бу борада ҳам тегишли ишлар қилинмоқда. Хусусан, Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан 12 туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари “Дамас” автомашинаси ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан битта “Исузу” автобуси билан таъминланди. Автобус энг замонавий компьютер ва бошқа оргтехника воситалари, шунингдек, кўчма сайёр банк кассаси ва панелли қуёш батареялари билан жиҳозланган.
Жорий йилнинг ўтган даврида барча маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда, лицей, коллеж ва олий таълим муассасаларида давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиб келинаётган давлат хизматлари, унинг афзалликлари, аҳоли учун яратилаётган зарур шароитлар хусусида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди. Аҳоли гавжум жойлар, бозор ва савдо комплексларида, марказий чорраҳаларда 50 дан ортиқ ижтимоий баннер ва плакатлар ўрнатилди.
Вилоят давлат хизматлари бошқармаси масъул ходимлари, нотариал идора ва ФҲДЁ органлари билан биргаликда 100 дан ортиқ жойда сайёр қабул ташкил этилди. Унда 2 мингдан ортиқ фуқаро қабул қилиниб, ҳуқуқий тушунтириш берилди. 300 дан зиёд жисмоний ва юридик шахсларга жойида амалий ёрдам кўрсатилди. 500 дан ортиқ кексалар, ижтимоий кўмакка муҳтож ва ногиронлиги бўлган шахсларга фуқаролик паспортини алмаштириш бўйича сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Жорий йилнинг 1 июнидан синов тариқасида қўшимча тарзда 31 йўналишда давлат хизматлари кўрсатиш жорий қилинди. Туғилганлик ва ўлимни қайд этиш, ФҲДЁ ва нотариал муассасалар томонидан архив ҳужжатлари бериш, Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш, судланмаганлик ҳақида маълумотлар, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш, ишсизлик нафақасини тайинлаш, жисмоний шахсларга СТИР рақамини бериш кабилар шулар жумласидандир.
Жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида марказ томонидан 5 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. 50 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсга давлат хизматлари кўрсатилишига эришилди. Бу давлат хизматлари кўрсатиш ўтган йилга нисбатан 5 баробар ошганини тасдиқлайди.
Акромжон Акромов,
Наманган шаҳар давлат хизматлари
маркази директори.
Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
Тип классификации обращения | Способ направления | Дата принятия | Дата рассмотрения | Регион |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоийская область |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Ташкентская область |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Джизакская область |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхандарьинская область |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Ташкентская область |