Давлат хизматлари – бу энг кўп қулоққа чалинадиган сўзларга айланди. Ахир 160 дан ортиқ хизматлар давлат хизматлари марказлари орқали бир жойда кўрсатилмоқда.
Демак, бундан тўрт йил илгари айнан шу хизматлардан фойдаланиш учун одамлар шунча идорага борган. Бир неча хизматга эҳтиёжи бор киши ишларини бир кунда битириши мутлақо имконсиз эди. Бир идорага бориб ишини битириб чиқиб кетишнинг ўзи даргумон эди, ҳатто. Хизматлар яхши йўлга қўйилмаганидан турнақатор навбатлар, турли бюрократик тўсиқлардан осонликча ўтиб бўлмасди.
Бундан ўн йилча муқаддам ҳайдовчилик гувоҳномасини олганимда шундай ҳолга тушгандим...
Давлат хизматлари марказлари ҳақида мақола ва хабарлар ёзган эканману, лекин бирор марта марказ хизматидан фойдаланмаган эканман. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш баҳонасида Тошкент шаҳар Яшнобод тумани давлат хизматлари марказига бордим.
Замонавий бинодаги шарт-шароитлар ҳар қандай кишининг дилини ёриштириб юборади. Ходимларнинг хушмуомаласи, электрон навбат тизими борлиги, кутиш залидаги қулай шароитлар... Ҳаммаси рисоладагидек!
Электрон навбат рақамини олишим билан бу рақам эгаси қаерга бориши кераклиги ҳақида “электрон табло”да сўзлар пайдо бўлди ва яна овозли чақирув янгради. Мен фойдаланмоқчи бўлган хизмат бўйича навбат кутиш ҳам шарт эмас экан.
Хизмат кўрсатувчи оператор ҳузурига борганимдан кейин мендан паспорт ва эски ҳайдовчилик гувоҳномасини сўрашди. Тақдим этганимдан кейин бир неча дақиқа ўтгач, у электрон тарзда тўлов қилишим мумкинлигини ва шу ерда суратга тушишимни айтди (ва бу бажарилди).
Орадан беш дақиқа ўтгач қўлимга янги ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этди!
Тўғриси, ҳайратимни яшира олмадим. Ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин бирор соатдан кейин олсам керак, унгача марказни бир кўздан кечириб чиқаман, деб ўйлагандим.
Барибир шундай қилдим, марказни нафақат кўздан кечирим, балки бир неча киши билан суҳбатда ҳам бўлдим.
- Марказга электрон имзо калитини олиш учун келгандим, - дейди “Гиомед” фирмаси директори Улуғбек Палванов. – Навбатим келиши билан ишим тезда битди. Аслида бу ерга келмай туриб ҳам бу ишни электрон тарзда амалга оширсам бўлар эди. Йўлим тушганига марказга кириб ўтдим. Турли ишлар билан келган тадбиркорлар кўп экан. Шунга навбатимни бироз кутиб қолдим. Операторлар кўпайтирилса яна ҳам яхши бўлар эди.
- Тадбиркорликни қачон бошлагансиз? Ўша вақтда қийинчиликка дуч келганмисиз?
- Бундан ўн йил олдин тадбиркорликни бошлаганман. Албатта, ҳозирги давлат хизматлари кўрсатилиши билан аввалгисини ҳатто солиштириб ҳам бўлмайди. Идорама-идора юриш, ишим битмай ҳуноб бўлишлар кўп бўлган, тўғриси. Ҳозир жуда катта қулайлик яратилди. Ҳар қандай иш бўйича бир жойга келиш, ҳеч қандай бюрократик тўсиқсиз иш битириш – бу жуда катта имконият. Тизим жуда яхши ўйланган ва амалда ишламоқда.
Марказга келиб ишини битириб чиқиб кетаётган бошқа фуқаролар ҳам қулайликдан миннатдор эканликларини таъкидлади.
Бу давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғояси амалда таъминланаётгани натижасидир!
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бундан бор-йўғи тўрт йил олдин ташкил этилган. Ўтган қисқа вақт мобайнида бу тизим халқимиз учун энг керакли, муҳими, энг қулай манзилга айланди.
Агентлик ахборот хизмати маълумотига кўра, тизимдаги давлат хизматлари марказлари орқали 2018 йилгача бўлган даврда фақат тадбиркорлик субъектларига 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунда ушбу хизматлар сони қарийб 162 тани ташкил қилмоқда.
2017 йилда тадбиркорларга 170 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат хизматлари кўрсатиш бўйича 40 миллионга яқин мурожаатлари қабул қилинди.
Ташриф буюрувчилар учун қулай, кўркам бўлган Давлат хизматлари марказларининг 160 га яқин (70 таси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида) инновацион бинолари барпо этилди. Қирққа яқин бинода қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Марказдан олисда жойлашган ҳудудларда ва аҳоли зич жойлашган маҳаллаларда давлат хизматлари марказининг 150 га яқин филиаллари ташкил этилди, бугунги кунда улар томонидан кўрсатилган хизматлар сони қарийб 280 мингдан ошди.
Олис ҳудудда яшовчи аҳолига енгиллик яратиш, уларнинг вақти ва маблағини тежаш мақсадида 1 миллионга яқин сайёр (мобиль) хизматлар кўрсатилди.
Давлат хизматлари кўрсатишда илк бора хизмат кўрсатишнинг экстерриториал тамойили жорий этилди. Бунинг маъноси шуки, мамлакатнинг қаерида бўлишингиздан қатъи назар, давлат хизмати марказига кириб хизматлардан фойдаланиш мумкин. Аввалгидек яшаш ҳудудингизга боринг, дейилмайди.
Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда онлайн банк ҳисобрақамларини очиш механизми йўлга қўйилди. Бунда муҳр ва штамплардан фойдаланиш мажбурияти бекор қилинди.
Давлат хизматларини олишда навбатни бошқариш, ходимлар фаолиятини баҳолаб бориш ҳамда хизмат кўрсатиш самарасини автоматик тарзда таҳлил қилиб борувчи “ақлли” тизим жорий этилди.
Навбатни тартибга солиш ва уларга хизмат кўрсатишни баҳолаб бориш мақсадида 200 дан ортиқ электрон навбат ҳамда баҳолаш тизимлари аҳоли кўпроқ борадиган марказларга ўрнатилди.
Тадбиркорлар бўлажак бизнес ҳамкорига оид, масалан, рўйхатдан ўтган вақти, устав жамғармаси миқдори, муассислар ҳақидаги маълумотларни онлайн режимда олиши йўлга қўйилди.
Фуқаролар томонидан фарзанд туғилганлигини қайд қилиш билан бир вақтда 6 турдаги (шифохонадан туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома олиш, ФҲДЁ органида туғилганликни қайд этиш, поликлиникага ҳисобга қўйиш, бир марталик нафақа пулини олиш, яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш, болани давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш) хизматлардан фойдаланиш имконини берувчи композит давлат хизматлари кўрсатилиши жорий қилинди.
Давлат хизматларини онлайн олишда янада қулайликлар яратиш мақсадида Электрон рақамли имзо сертификатини онлайн олиш имконияти яратилди.
Давлат хизматлари кўрсатилишида шаффофликни таъминлаш мақсадида тўловлар ҳақида смс-хабар юборилиши жорий қилинди. Бунда давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳар бир босқичида тўланган пул маблағлари ҳақида мурожаат муаллифларининг телефон рақамларига смс-хабар юборилади.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилган аризалар кўриб чиқилишида ваколатли органлар томонидан қонунбузилишига йўл қўйганлик ҳолати бўйича фуқаролар томонидан мустақил равишда Агентликка хабар бериш имконияти яратилди.
ФҲДЁ органларида далолатнома ёзувлари ва гербли гувоҳномаларни “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали электрон кўринишда QR-кодли бланкаларда чоп этиш тизими йўлга қўйилди. Бунинг учун ФҲДЁ органлари махсус принтер ва компьютер қурилмалари билан таъминланди.
Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда 30 та тижорат банкда онлайн ҳисобрақамлар очиш имконияти яратилди.
Кўрсатилган давлат хизматлари учун давлат божи ва йиғимларни электрон тўлов тизимлари (Click, Payme, Upay, Paynet, Uzcard, Oson, Websum ва барча банк мобиль тўлов иловалари) орқали тўлаш тизими жорий этилди.
Тадбиркорлик соҳасида лицензия, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартибларини амалга ошириш имконини берувчи “Лицензия” ахборот тизими ишлаб турибди.
Қонун ҳужжатларида белгиланган 33 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиш бекор қилинди. Натижада йилига ўртача 2 миллионга яқин фуқаронинг оворагарчилигига чек қўйилди ва уларнинг қарийб 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағи тежалди.
Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида 17 турдаги давлат хизматини аутсорсинг асосида кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Аҳоли гавжум бўлган ва жамоат жойларида, шу жумладан, Тошкент автовокзали биносида интерактив инфокиосклар ўрнатилди ва ўзига ўзи хизмат қилиш тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш тартиби жорий қилинди.
Аҳоли орасида электрон давлат хизматларидан фойдаланишни оммалаштириш мақсадида давлат хизматларининг ҳар бир оилага кириб бориши таъминланмоқда.
Ҳозирги кунда Агентлик тизимида 3 минг 900 нафар ходим фаолият юритмоқда. Шундан 2 минг 259 нафари туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари, 968 нафари ФҲДЁ бўлимларига тўғри келади.
Давлат хизматлари марказлари ходимлари хатти-ҳаракатларини назорат қилиш, шунингдек, таъмагирликка йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида тўрт мингга яқин “Сирли мижоз” ва рейд тадбирлари ўтказилиб, ҳуқуқбузар ходимларга нисбатан интизомий ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ чоралар кўрилди.
Давлат хизматлари агентлиги томонидан давлат хизматларини кўрсатиш устидан доимий тарзда назорат олиб борилмоқда. Ўтган давр давомида давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 546 минг 134 қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Мазкур қонун бузилиш ҳолатлари бўйича ваколатли идораларга нисбатан 20 минг 416 таъсир чоралари қўлланилди.
Ўтган давр мобайнида Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига жами 36 минг 285 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 90 фоизи қонуний ҳал этилди. Биргина “1148” қисқа рақамли ишонч телефони ва ижтимоий тармоқлар орқали ўртача бир кунда 500 га яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, реал вақт режимида тезкорлик билан муносабат билдирилиб келинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат хизматлари кўрсатиш бўйича аҳолига янада кенг қулайлик яратиш мақсадида марказлар орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 200 тага етказиш вазифасини қўйган. Соҳа ходимлари буни амалда таъминлаш йўлида изчил ишларни давом эттирмоқда.
Тип классификации обращения | Способ направления | Дата принятия | Дата рассмотрения | Регион |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоийская область |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Ташкентская область |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Джизакская область |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхандарьинская область |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Ташкентская область |