Стратегия действий по пяти приоритетным направлениям развития Республики Узбекистан в 2017-2021 годы
Кўнгилга йўл

“Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 14 декабрида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида шу сўзларни айтганида барчамизнинг кўнглимиз равшан тортган эди. 

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий: “Эл поясин англай десанг асрорини бил, Кўнглидаги муддаосин изҳорини бил” деб айтганидек, давлатимиз раҳбари ишни кўнгилдан, халқ кўнглини тафтиш қилишдан бошлади. 
 

Кўнгил...


Ҳа, қулоққа оддийгина эшитиладиган бу сўз замиридан қалб, дил, юрак каби тушунчалар ўрин олган. У билан тиллашиш, уни эшита билиш, унга қўл солиш нақадар муҳим иш эканлигини тезда ҳамма англай бошлади. 

Хўш, давлат раҳбари халқ кўнглига йўл топишни нимадан бошлади? Албатта, юзма юз мулоқотдан. Уйма-уй, хонадонма-хонадон кириб боришдан. Одамларни қийнаётган муаммоларни аниқлаб, зудлик билан ҳал этишдан. 

Бу ишларни сўзда эмас, амалда бажариш амалдорларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди. 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Унинг дастурига халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилади, деган тамойил асос қилиб олинди. Бундан ташқари, 2016 йилнинг 28 декабрида Президентнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси ташкил этилди. 

Ўз-ўзидан савол туғилади. Нима учун Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси ташкил этилди? Ахир халқнинг арзи ва шикоятларини кўриб чиқадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, масъул мансабдор шахслар, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари борку?! Гап шундаки, узоқ йиллар давомида халқ билан раҳбарлар ўртасидаги мулоқотлар сустлашиб, “хўжакўрсин”га айланиб қолганди. Одамлар орасидан кимдир бирор раҳбарга мурожаат қилиб келса, “шикоятбоз”, “аризабоз”га айланарди. Фуқаролар турли ташкилотлар ўртасида йиллаб сарсон бўларди. Одамларнинг ўз арзлари билан биринчи раҳбарлар қабулига кириши амримаҳол бўлиб қолганди. Айниқса, давлат органлари ва маҳаллий ҳокимиятларнинг темир панжаралар ортига бекиниб олганлиги одамларнинг ғашига тегиб, раҳбарларга бўлган ишончини сусайтирганди. Оқибатда давлат органлари билан халқ ўртасидаги масофа анчагина узоқлашиб қолганди. 

Ҳа, шу сабабли ҳам мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ислоҳотларни инсон ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришдан, халқ билан давлат ўртасига ишонч кўпригини ўрнатишдан бошлади. Инсон ҳуқуқларининг уч ўзагидан бири бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сиёсий ҳуқуқларини, айнан мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишлари учун кенг ва тенг шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 

Юртдошларимиз мурожаатларига – ўз фикр-мулоҳазалари, ўйлари, дарду ташвишлари, орзу-армонларига Президент даражасида эътибор қаратилаётгани ҳар биримиз учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Пировардида, одамларнинг ҳаётга, давлатга, жамиятга, келажакка ишончи нафақат мустаҳкамланмоқда, ортиб бормоқда. Барчамиз, ҳаётнинг мавжуд аччиқ ҳақиқатларига юзма-юз келиб, реал воқеликнинг шиддатли тўлқинида ёниб ишлаш мумкин эканига рўй-рост шоҳид бўлмоқдамиз. Буларнинг барчаси, аввало, муаммоларга тик қараб, уларни бир четдан ҳал қилишга киришилганидан, ватанпарварликдан, халқчилликдан, шижоат ва жасоратдан далолатдир. 

Шижоатли инсонни кўрсанг, шижоатли бўлгинг келади. Бундай улуғвор янгиликлар, шижоату жасоратлар, албатта, ижод аҳлини ҳам қўлга қалам олишга, шижоатли бўлишга даъват этди. Халқ қабулхоналари ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Халқ қабулхоналари – адиблар нигоҳида” лойиҳаси доирасида ёзувчи ва шоирлар, публицистлар юртимиз ҳаётидаги ўзгаришлардан илҳомланиб, халқ орасига сафарлар уюштиришди. Унда Халқ қабулхоналарида амалга оширилаётган ишлар салмоғи ва сифатига, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишдаги қонунийлик, холислик ва шаффофликка, оддий одамларнинг орзу-интилишлари, маънавияти ва тафаккурида юз бераётган янгиланишларга бевосита гувоҳ бўлишди. Таассуротлар битилган мақолалар матбуот саҳифаларида эълон қилинди. Яқинда ана шундай мақолаларнинг бир қисми “Халқ қалбига йўл” номи билан китоб ҳолида нашр этилди. 


Китобдан ўрин олган Мурод Абдуллаев, Ҳумоюн Акбаров, Ўктам Мирзаёров, Сайди Умиров, Тўлқин Эшбеков, Мирпўлат Мирзо, Ҳабиб Темиров, Мунаввара Усмонова, Воҳид Луқмонов, Барно Султонова, Маҳмуд Тоир, Уйғун Рўзиев, Ҳаким Сатторов каби бир қатор муаллифларнинг мақолаларида Халқ қабулхоналарининг вилоятларда олиб бораётган фаолияти кенг ёритилган бўлса, Олим Тўрақулов, Умид Ёқубов, Ўткир Раҳмат, Акбар Жонузоқов, Миравзал Мирақуловларнинг бадиий публицистикасида Халқ ва Виртуал қабулхоналарнинг мамлакатимиз миқёсида амалга оширган ишлари, Президентимизнинг бу борадаги раҳнамоликлари факт ва рақамлар орқали кенг таҳлил қилинган. 

Китобдаги мақолаларни ўқир экансиз, Президентимиз ғояси асосида ташкил этилган Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари халқ билан фаол, ошкора ва очиқ мулоқот олиб бориш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг замонавий, самарали ва таъсирчан механизмига, институтига айланганини яққол англайсиз. Бу мамлакатимизда мавсумий ёки кампаниябозлик асосида эмас, доимий давом этадиган жараёндир. Бошқача айтганда, Президент қабулхоналари тўла маънода халқнинг умид ва ишонч масканига айланди. Китобда ана шу ҳақиқат ўз ифодасини топган. 

Жумладан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мурод Абдуллаевнинг “Халқ қалбига қулоқ тут” мақоласида Навоий бобомизнинг “Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай” деган ташбеҳлари келтирилгани айни муддао бўлган, дейиш мумкин. Дарҳақиқат, бугунги кунда бузуқ кўнгилларни шод айламоқ истагини ўзидан қолган, қаровсиз, ногирон инсонларга, ота-она меҳридан мосуво болаларга бўлаётган эътибор, уларнинг вайрон бўлиб ётган қалбини гулхан ёқиб иситаётган давлат раҳбари ва у олиб бораётган сиёсатда кўрамиз. 

Журналист Ўктам Мирзаёровнинг “Олтин кўприк” сарлавҳали мақоласида фуқароларнинг мурожаат қилиш маданиятига алоҳида эътибор қаратилган. Тўғри, берилаётган таклиф, ариза ва шикоятларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаслиги масаланинг ечимини топишда маълум қийинчиликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам Халқ қабулхоналари иш ҳажми катта. Ижодкор томонидан берилган ҳақли таклифлар мурожаат қилувчиларнинг ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлигини ошириш зарурлигига қаратилган. Албатта, қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда адолат бўлади. 

Шу ўринда, Мунаввара Усмонованинг “Кўзингиз ҳамиша ойдин бўлсин” мақоласидан бир парча келтиришни жоиз билдик: “Эрим тўшакка михлангач, бир жойда ётавериб, умидсизликка тушиб қолган эди. Халқ қабулхонаси аралашуви билан ногиронлар аравачаси берилди. Болалар кўчага олиб чиқадиган бўлишди. Офтобни кўрди. Қўни-қўшнилар билан суҳбатлашди. Эндиликда сарғайган рангига қон югуриб, юзига кулги қайтганига шукр қилаяпман...” 

Бундай мисолларни ҳар бир мақолада ўқиш мумкин. Мақолалардан бир ҳақиқат аёнки, демократик ва инсонпарвар давлат қуриш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, пировардида, халқимизни ҳаётдан рози қилиш, унинг янада фаровон яшаши учун барча шарт-шароитларни яратишдек стратегик мақсадларимизга фақат ва фақат халқ билан тил топишиш орқалигина эришиш мумкинлигини ҳар қандай ўқувчи теран англаб етади. 

Китобни варақлар экансиз, беихтиёр давлат раҳбарининг халққа мурожаат қилиб, юрт тақдири ва келажагини биргаликда ҳал қиламиз, дея халқимизга юзлангани ва ўз фарзандлик меҳрини изҳор қилгани ёдингизга келади. Эзгу ниятлар билан одамлар орасига кирганлиги, энг узоқ ва чет туманларга, ҳатто, маҳаллий раҳбарларнинг қадами етмаган жойларга қадами етганлиги, етим-есирнинг, бева-бечоранинг уйига бориб, бошини силашлари кўз ўнгингиздан ўта бошлайди. Очиғи, ёш оилаларга уй-жой берганлигини, хонадонларга кириб, кекса отахону онахонлар билан бир пиёла чой устида суҳбат қурганларини кўрган ҳар қандай инсоннинг кўзидан меҳр ёшлари томганлиги ҳам ҳақиқат. 

Тўғри-да. Президентимизнинг кўплаб қарор ва фармонларида ҳам ўз ифодасини топаётган масалалар аслида халқимизнинг қалбида сақлаб юрган орзулари эмасмиди?! Халқимиз ҳаётида муҳим из қолдирган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш кечагина ўз йўлбошчисини йўқотган халқнинг кўнглига таскин берган бўлса, атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги саъй-ҳаракатлар ўзбек халқи ўз фидойи фарзандларини ҳеч қачон унутмаслигининг яна бир исботи бўлди. 

Очиғини айтиш керак, инсон кексайган сайин иззатталаб, меҳрталаб бўлиб қолади. Мана шундай кекса инсонларни қадрлаш, йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиб туришга, кечаги меҳнаткаш – бугунги нуроний-фахрийлар ҳурматини жойига қўйишга қаратилган чора-тадбирлар, “Меҳнат фахрийси”, “Маҳалла ифтихори” каби кўкрак нишонларини таъсис этиш ҳақидаги фармонлар кўпчиликнинг дилини яйратди. Бир пайтлар ватан учун, халқ учун фидокорона меҳнат қилиб, кеча ёрдамга муҳтожлиги ҳақида кимга мурожаат қилишини билмай ўтирган уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари иззат-икром топа бошлади. Шунингдек, иқтисодиётнинг тамал тошини қўядиган илм аҳли – академиклар, профессор-ўқитувчиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, улар эъзозланмоқда, заҳматли меҳнатлари муносиб қадрланмоқда. 

Шу заминда туғилиб ўсган, шу ватанни ватан деб, шу юртни юртим деб яшаётган юртдошларимизнинг бир қисми неча йиллар қалбида оғир бир дард билан яшади. Бу дард “фуқаросизлик” дарди эди. Давлатимиз раҳбари уларнинг ҳам қалбига йўл, дардига малҳам топди. Бугунги кунда Ўзбекистондек жаннатмонанд юртнинг фуқароси деган шарафли номга муяссар бўлиш дарди билан эзилиб ётган юракларни дард эмас, муҳаббат, Ватанга муҳаббат, унинг адолатпарвар раҳбарига бўлган муҳаббат эгаллади. 

Очиғини айтсам, “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармон билан танишган чоғимда яна буюк бобомиз Алишер Навоийнинг қуйидаги мисралари қулоғим остида жаранглагандек бўлди: 

Одами эрсанг демагил одамий, 

Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами. 

Ҳа, халқнинг ғамини еб, ташвишларини енгиллаштириш учун давлат раҳбари маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юрибди. Бу айтишга осон. Президентимиз халқнинг қалбига йўл солди. Ва бу йўл оддий йўл эмас, меҳр ришталари билан боғланган кўнгил йўлидир. 

 

Абдукамол Раҳмонов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси

 

25.10.2018

Решенные обращения

Тип классификации обращенияСпособ направленияДата принятияДата рассмотренияРегион
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоийская область
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Ташкентская область
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Джизакская область
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхандарьинская область
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Ташкентская область

полезные ресурсы