Бир ҳовлида бу фикр тўғрилиги исботини топади, бошқасида эса...
Бу воқеани менга Самарқанддаги бир турфирма вакили сўзлаб берган эди. Шаҳрисабз деҳқон бозорини айланиб юрган франциялик сайёҳ ҳайратини яширолмай: “Бу ерга келишдан олдин интернетдан сизнинг мамлакатингиз ҳақида кўп маълумотлар олдим. Мени ажаблантиргани сизларда кам таъминланган оилаларнинг ҳам ўз томорқаси бор экан. Бизда-чи? Бизда ҳатто кўплаб мансабдорлар ҳам бир қарич ернинг баҳоси олтинга тенг бўлгани учун ижарада истиқомат қилади”, деганди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчиларни ҳисобга олмаганда, барча хонадонлар ўз томорқасига эга. Масалан, Қамаши туманида бугунги кунда 52 минг 16 хонадон бўлиб, улар ихтиёридаги томорқа ерлари оз эмас-кўп эмас – 4 минг 273 гектар.
Туманда томорқа имкониятларидан самарали фойдаланаётган хонадонлар талайгина. Улар давлатимиз томонидан томорқа хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилаётгани туфайли ўзига тегишли ер майдонларидан унумли фойдаланиб, нафақат оиласи даромадини оширмоқда, балки бозор тўкинлиги ва эл-юрт фаровонлигига ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Масалан, Чим қишлоғидаги ”Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғинида 816 хонадон яшайди. Қишлоқ аҳолиси, айниқса, пиёз ва саримсоқпиёз етиштириш ҳадисини олган. Бу ихтисослашув аҳолининг томорқага бўлган қизиқишини оширмоқда. Жумладан, Жўра Эрдонов ёши 65 ни қоралаган бўлса-да, ҳали бардам. Меҳнат ортидан қаварган қўллар, юздаги ажинлар деҳқон бобога ўзгача салобат бағишлаган. Оила яшаётган ҳовлининг 24 сотихи экин майдони. Унинг каттагина қисмига пиёз уруғини қадаган. Қолаверса, Жўра бобо ўзига катта йўл ёқасидан ободонлаштириш ҳудуди қилиб берилган 15 сотихча майдонга ҳам пиёз эккан. Ҳозир бўй кўрсатиб қолган пиёзлар кўзни қувнатади. Ернинг қолган қисми сабзавот ва полиз экинлари учун тайёрлаб қўйилган. Яна озроқ қисмига тўқсонбости усулида картошка экилган. Мана шу томорқасидан Жўра бобо йилига 2-3 марта ҳосил олиб, яхшигина даромад топмоқда.
– Илгари бу ерлар бекор ётарди. Чорва учун озуқа етиштириб олардик, – дейди Жўра Эрдонов. – Бизда кўпчилик чорвачилик билан машғул бўлгани учунми, қизиқиш бўлмаган, дейман-да. Мана, икки-уч йилдирки, томорқадан унумли фойдаланиб, мўмай даромад қила бошладик. Бу йил ҳам 30-35 миллион даромад қилишни мўлжаллаб турибмиз. Биргина пиёзнинг ўзидан 15 миллион даромад қиламиз. Сабаби, уни уч марта кесиб сотамиз. Бундан ташқари, помидор, бодринг экамиз. Хуллас, ерни бўш қўймаймиз. ”Ерни боқсанг, ер сени боқади”, деганлари шу бўлса керак. Ҳозир иссиқхона қурдиряпмиз. У ҳам қўшимча даромад дегани.
Шу кўчадаги Тўра Нормуродов хонадони ҳам обод. Мевали дарахтларга шакл берилган. Ҳовлидаги бир парча ердан ҳам унумли фойдаланилган, томорқага, ҳатто йўл четидан ободонлаштириш мақсадида ажратилган ерга ҳам пиёз, турли кўкатлар экилган. Ердан олинаётган даромад оила фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Сарбозорда истиқомат қилувчи Салим Нормуродов оиласига эса Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида билдирган фикр маъқул тушиб, хонадонида куркачиликни ривожлантириш чораларини кўрмоқда. Ҳозир куркалар сони қарийб 1000 бошга етган. Йил охирига қадар улар сонини 7 ҳиссага оширишни режалаштирмоқда.
– Куркачилик кўп меҳнат талаб қилавермайди, – дейди Салим Нормуродовнинг турмуш ўртоғи Тожихол Исломова. – Тухумдан очиб чиққач, жўжа 40 кун давомида нозик бўлади. Ўша муддатни беталафот ўтказиб олсангиз бас, у ёғига яшаб кетади. Паррандалар ичида касалликка энг чидамлиси ҳам курка. Бундан ташқари, урғочиси курк бўлганида 2-3 мартагача тухум босади ва шунинг ҳисобига тез кўпаяди. Боқилган нар курка 4 килодан 9 килогача гўшт қилади. Куркадан чиқинди чиқмайди, патигача пул. Ёстиқчилар олиб кетишади. Хуллас, етти хазинанинг бири, дейиш мумкин.
Курка гўшти парҳез таом ҳисобланиб, фойдали элементларга бойлиги билан бошқа баъзи паррандалар гўштидан ажралиб туради. У организмда углеводородлар кўпайиб кетишининг олдини олади. Битта урғочи курка йилига 10-15 та тухум қўйиб, жўжа очади. Бу бир йилда куркалар сонини шунча баробар кўпайтириш имконини беради, дегани. Хонадонда яна бир қизиқ ҳолатга кўзимиз тушди. Бу ерда куркага қўшиб 5-6 та ғоз ҳам парваришланаётган экан. Чунки ғознинг эман япроғидек япалоқ оёқлари ердаги бактерияларни тозалаб, куркани турли касалликлардан ҳимоя қиларкан.
Бу хонадонда чорвачилик ва деҳқончилик ҳам яхши йўлга қўйилган. 100 дан ортиқ мевали дарахт парваришланмоқда. 40 бош қўй, 5 бош қорамол боқилаяпти. Буларнинг ортидан мўмай даромад келаётгани оиланинг омилкор ва меҳнаткашлигидан далолат. Хонадон аъзолари томорқада 3 сотих ерда иссиқхона барпо этмоқда. Унда цитрус мевалар етиштириб, бозорга чиқариш ниятида.
Дарвоқе, сўзимиз бошида Қамаши туманидаги хонадонлар ихтиёрида 4 минг 273 гектар томорқа ерлари мавжудлигини таъкидлаган эдик. Шу рақамнинг ўзиёқ туманда томорқачиликни ривожлантириш ҳисобидан камида 300 миллиард сўм даромад олиш имконияти мавжудлигини кўрсатади. Аммо, афсуски, ўтган йилларда томорқанинг бор-йўғи 10 фоизидан унумли фойдаланилган, холос. Натижада кўрсаткичлар ҳам шунга яраша бўлган. Шу боис, қамашиликлар жорий йилнинг ўзидаёқ томорқа хўжаликларидан фойдаланиш даражасини 80-90 фоизга етказишни мақсад қилган. Бунинг учун тумандаги “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятида барча шароит яратилган. Жамият аъзолари ўзларига ажратилган 3 гектар майдоннинг каттагина қисмида иссиқхона барпо этиб, помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатлари, қовун уруғини тайёрламоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ металл конструкцияли иссиқхоналар барпо этиш учун аҳолидан буюртмалар тушган ва 60 дан ортиғи қурилган. Бу иссиқхоналарга кўчатлар ўтқазилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилибди. Шунингдек, аҳолига 140 минг туп мевали дарахт кўчатлари етказилган. Жамият ихтиёрида аҳоли хўжаликларига хизмат кўрсатувчи турли техника ва ускуналар етарли. Айни пайтда жамият аъзолари аҳоли томонидан очиқ майдонда экилиши учун талаб қилинадиган 2 миллиард дона полиз кўчатини етиштиришга пухта тараддуд кўрмоқда.
– Айтиш керакки, бугун аҳолининг ерга муносабати тубдан ўзгарди, – дейди Қамаши тумани “Томорқа хизмати” МЧЖ раҳбари Худойқул Бозоров. – Ҳовлисида томорқаси борми, бошқа қўшимча ери борми, унумли фойдаланиб, деҳқончилик қилмоқда. Чунки шундан фойда кўрмоқда. Рўзғори тўкин. Бу йил аҳолига кўп миқдорда полиз маҳсулотлари кўчати етказиб беришни мўлжаллаганмиз. Уруғ ерга қадалган. Кўпчилиги униб чиқишни бошлади. Ҳадемай тарқата бошлаймиз. Кам таъминланган оилаларга бепул тарқатамиз. Бундан ташқари, мўъжаз иссиқхоналар ҳам қуриб беряпмиз.
Деҳқончиликда баҳорнинг бир куни йилга татийди. Ҳақ гап. Кўпни кўрган, тажрибали деҳқонлар фасл алмашаётган, табиат уйғонаётган бугунги бетакрор паллада қандай юмушларни бажариш зарурлигини яхши билади.
Бироқ, “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек, туманда ернинг умрини беҳуда ўтказиб, ҳатто бир боғ пиёзни бозордан сотиб олаётганлар ҳам бор. Мисол учун, туманнинг ”Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги баъзи хонадонлардаги аҳвол дилни хуфтон қилади.
Масалан, Гулсара Ободова хорижга ишлагани кетган икки ўғли учун 24 сотих ерни эгаллаб олган. Бироқ ҳайҳотдек томорқа ҳувуллаб ётибди. Нурилло Абдураҳмонов ва унинг қўшниси Эшбўри Соатовга қарашли ҳар бири 20 сотихли томорқанинг аксарият қисмига беда экилган. Қолганини ҳам ишчи гуруҳнинг тушунтиришлари, тарғибот ишлари туфайли энди-энди юмшата бошлашган ва ҳоказо...
Замин ҳалолликни, эътиборни талаб қилади. Ким уни алдайман деса, аввало, ўзини алдаган бўлади. Бундай фуқароларга ишчи гуруҳи аъзолари, Халқ қабулхоналари мутасаддилари томорқадан унумли фойдаланиб, яхши даромад оладиган ер эгасига жорий йил учун ер солиғи бўйича имтиёз бериш ёки томорқадан фойдаланмаётганларга ер солиғининг уч баробарини қўллаш тўғрисидаги тақдимнома беш кун муддатда кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинишини тушунтирмоқда.
Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган хонадонлар томорқасини юмшатиш, уларга турли кўчатлар етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Мақсад – туманда томорқа ерларидан фойдаланиш даражасини ошириш, шу орқали аҳоли даромадлари ва фаровонлигини юксалтиришга эришиш.
Ў.Баротов, ЎзА
Тип классификации обращения | Способ направления | Дата принятия | Дата рассмотрения | Регион |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоийская область |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Ташкентская область |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Джизакская область |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхандарьинская область |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Ташкентская область |