Олот туманида Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ўтказган оммавий сайёр қабулда 400 нафарга яқин фуқаролар турли ижтимоий -иқтисодий аҳамиятга эга масалалар юзасидан мурожаат қилди. Аҳоли вакилларининг юздан зиёдроғи вилоят ҳокими қабулида бўлди.
“Дилкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бешта қишлоқ мавжуд. Ҳудудда мактабгача таълим муассасаси йўқ. Ҳолбуки, бу ерда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 290 нафарга яқин болалар яшайди.
–Боғча муаммоси билан тумандаги турли мутасадди идораларга мурожаат қилдик, – дейди аҳоли вакиллари номидан мурожаат қилган Шарофат Маматова. – Аммо масала ечим топмади. Вилоят раҳбари дардимизни тинглаб, яқин кунларда мактабгача таълим муассасаси билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ҳамда унинг биноси қурилишини бошлаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Бундан ташқари, қишлоқларимизнинг аянчли ҳолга келиб қолган, ёзда чанг, ёғингарчиликда кўлмаклиги сабаб юриш амри маҳол бўлган йўлларини тартибга келтириш ҳақидаги мурожаатимиз ҳам инобатга олинди. Йўллар текисланиб, шағал ётқизиладиган, келгуси йилда эса босқичма -босқич асфальтлаштириладиган бўлди.
Туркманистон Республикасида яшаб, оилавий муаммолар сабаб Олот туманидаги ўзи туғилган қишлоққа қайтган Зулайхо Ҳусаинова фуқаролик паспорти йўқлиги оқибатида муаммоларга дуч келди. Синглиси, аниқроғи, куёвининг уйида яшасада рўйхатга олинмади. Бунинг бир томони уларнинг уй кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилгани билан ҳам боғлиқ. Расмийлаштириш учун зарур бўлган тўловга эса оиланинг қурби етмаган.
–Мен ва куёвим бир- бири билан боғлиқ муаммони ечиш учун узоқ вақт турли идораларга мурожаат қилдик, – дейди Зулайхо Ҳусаинова. – Аммо бундан наф чиқмагач, бошимиз қотди. Вилоят ҳокими сайёр қабулида муаммомиз ҳал бўладиган бўлди. Шу ернинг ўзида “Вилоятермулккадастр” давлат корхонасининг ўз хўжалик маблағлари ҳисобидан куёвим яшайдиган уйнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилди. Туман ички ишлар бўлимининг раҳбарлари эса, яқин бир ой мобайнида Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсга доимий яшаш гувоҳномаси берилишини айтди. Бу ҳужжат синглим ва куёвим уйида рўйхатга олинишим, қолаверса, доимий иш билан таъминлашим учун асос бўларкан. Биласизми, дунё кўзимга кенг бўлиб, уйга қайтмоқдаман.
Яна бир жиҳат. Сайёр қабулга вилоятнинг турли туманлари аҳоли вакиллари келди. Улардан бири ромитанлик тадбиркор Тўлқин Муродов. У халқаро автомобиль йўлининг “Қоқиштувон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи қисмига яқин жойда ўзига тегишли бинолар негизида мотель, ошхона, дорихона ва бошқа хизмат кўрсатувчи шохобчалардан иборат кемпинг қуришни режалаштирган эди. Тадбиркор бу лойиҳани жорий йил бошида вилоят ҳокими иштирокида ҳокимликда ўтказилган инвестицион лойиҳалар тақдимотида таништирган. Шундан сўнг бинолар таъмирланиб, пардозлаш ишларига киришилди. Аммо объектларни лойиҳалаштириш учун зарур бўлган ҳоким қарорини олишда англашилмовчиликлар оқибатида муаммо туғилган. Ҳолбуки, кемпингни жорий йил охиригича ишга тушириш учун ҳар бир кун ғанимат. Тадбиркор мурожаатини тинглаган вилоят ҳокими шу жойнинг ўзида Ромитан туман ҳокимига қўнғироқ қилиб, масалани уч кун ичида ўрганиб, ҳал қилиш бўйича кўрсатма берди.
Сайёр қабул жараёнида фуқароларнинг ишга жойлашиш, тоза ичимлик суви билан таъминоти, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит олиш ва бошқа муаммолар, саломатликни тиклаш ҳамда уй-жой, моддий ёрдам каби масалаларга оид кўплаб мурожаатлари тингланди.
Тадбир доирасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокорлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. 500 дан зиёд фуқаро қатнашган кўрикда икки кишига стационар шароитда даволаниш учун йўлланма, айрим фуқароларга эса амбулатория шароитида соғлиғини тиклаш бўйича тавсиялар берилди. Бундан ташқари, эҳтиёжманд кишиларнинг 35 нафари ногиронлик таянч аравачаси, 23 нафари эшитиш мосламаси, 11 нафари таянч воситалари билан таъминланди.
Шунингдек, қабул доирасида меҳнат ярмаркаси ҳам ўтказилди.Унда фуқароларга 32 та корхона томонидан 125 та бўш иш ўрни таклиф этилди. 10 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. 30 нафар фуқаронинг муқим иш ўрни ва даромад манбаига эга бўлиши бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Сайёр қабулда аҳоли бошқа сектор раҳбарлари, Ўзбекистон Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири ҳамда барча корхона ва ташкилотлар мутасаддиларига ҳам ўнлаб муаммолар юзасидан мурожаат қилди. Барча масалалар ўрганилиб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар бириктирилди. Учрашув доирасида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ва адлия бошқармаси ходимлари томонидан аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Амалий натижалар билан якунланган сайёр қабул фуқароларнинг розилигини таъминлаш ва аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
Тип классификации обращения | Способ направления | Дата принятия | Дата рассмотрения | Регион |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоийская область |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Ташкентская область |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Джизакская область |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхандарьинская область |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Ташкентская область |