Сурхондарё вилояти Шарғун шаҳрида “Обод марказ” дастури доирасида янгидан қурилган, мукаммал таъмирланган ва ободонлаштирилган 9 замонавий ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди.
Президентимиз жорий йил 30 апрель – 1 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Шарғун кўмир конини қайта тиклаш, Шарғун шаҳрининг қиёфасини тубдан ўзгартириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли топшириқларни берган эди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида олис ва тоғли шаҳар йирик бунёдкорлик майдонига айланди. Мавжуд кўп қаватли уйларни мукаммал таъмирлаш, янги турар жой бинолари, кенг, равон йўллар барпо этиш, турли ижтимоий соҳа объектларини қуриш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканларини яратиш, электр энергияси, табиий газ ва тоза ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш бўйича кўп ишлар амалга оширилди.
Шарғун – Жанубдаги вилоятнинг кўмир, оҳактош, кумуш, фосфорит каби ноёб қазилма бойликлари мўл ҳудудларидан бири. Шарғун кўмир конини қайта тиклаш ва самарали фойдаланиш учун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Хитойнинг Эксим банки томонидан ажратилган маблағлар эвазига 2021 йилгача йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари бажарилиб, бу ердан йилига 900 минг тонна кўмир қазиб олиш йўлга қўйилади. 600 иш ўрни яратилади. Ҳозир конларни қайта тиклаш баробарида кўмир қазиб олиш ҳам қизғин давом этаётир.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, шахтёрлар, хотин-қизлар, ёшлар, пойтахтдан келган шоир ва санъаткорлар иштирокида ташкил этилган тантанали тадбир иштирокчилари дастлаб учта тўрт қаватли уй ва шаҳар ҳокимлигининг биноси олдида жам бўлди.
Бу ерда ташкил этилган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизнинг чекка ва олис ҳудудлари улкан бунёдкорлик майдонига айланиб, шаҳар ва қишлоқларда одамларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшаши учун барча замонавий шароитлар яратилаётгани таъкидланди. Жуда қисқа муддат – тўрт ярим ойда кўп миллатли кончилар шаҳрининг қиёфаси тубдан ўзгаргани ҳам бунга яққол мисолдир.
Тоғли шаҳардаги бешта маҳаллада ўнга яқин миллат вакиллари аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда. Кончилар гўшасида 18 та 4 қаватли, 36 та 2 қаватли уй мавжуд. Уларни замонавий қиёфада таъмирлаш учун “Қишлоққурилишбанк” томонидан 1 миллиард 833,6 миллион сўм, “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан 553,5 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилди. Бу маблағ ҳисобидан 26 кўп қаватли уйнинг ташқи қисми тўлиқ янгидан суволиб, бўяш ишлари ҳам якунланди. Олтита кўп қаватли уйнинг том қисми мукаммал таъмирланди. 63 кириш йўлаги таъмирланиб, янги темир эшиклар, 3260 метр квадрат фрамуга ромлари ўрнатилди. Тандирхоналар қуриб берилди. Уйлар атрофига 76 тунги ёритгич ўрнатилди. 18 болалар ўйингоҳи замонавий усулда жиҳозланди. Мавжуд 200 дан ортиқ ноқонуний қурилмалар бузилиб, чиқиндилардан тозаланди. 380 метр ирригация тармоқлари янгидан таъмирланди. Ижтимоий объектларни реконструкция қилиш билан бирга йўлларни ободонлаштиришга алоҳида аҳамият берилди.
– Шахтёрлар шаҳрига киришда жойлашган шаҳар ҳокимлигининг эски икки қаватли биноси ва унинг ёнидаги учта кўп қаватли уйнинг тубдан таъмирланиб, янги қиёфада бўй кўрсатгани, атрофи ободонлаштирилиб, кўп қаватли уйлар ёнида болалар ўйингоҳлари барпо этилгани узукка кўз қўйгандек ярашибди, – дейди Ўзбекистон халқ артисти М.Намозов. – Шаҳарга киришингиз билан баҳри-дилингиз яйрайдиган гўшага айланибди. Бу юртимизда инсон манфаатлари улуғланаётгани ва чекка ҳудудларни ҳам обод, гўзал масканга айлантириш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар ифодасидир.
Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан сўнг ўтган йилларда эътибордан бироз четда қолган шаҳар йирик қурилиш майдонига айланди. Кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Шарғун шифохонаси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган. 100 ўринли оилавий поликлиникада қурилиш таъмирлаш ишлари якунланиб, тиббиёт ходимлари ва аҳоли учун барча қулайликлар яратилди. Келгуси йил 60 ўринли туғруқхона бунёд этилиб, наркология шифохонаси реконструкция қилинади.
Шарғун қурилиш касб-ҳунар коллежи, 4 мактаб ва 2 ихтисослаштирилган мактабларда реконструкция, таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Бунинг учун йигирма миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланмоқда. Мавжуд 4 мактабгача таълим муассасаси ҳам янги қиёфада бўй кўрсатиб, болажонлар учун барча шароитлар муҳайё этилмоқда. Шунингдек, битта хусусий мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилиб, иккитасида қурилиш ишлари давом этаётир.
Янгиланаётган Шарғунда бошланган уй тўйлари ижтимоий соҳа объектларида давом этди. Иштирокчилар шаҳар ҳокимлигининг қайта таьмирланган биноси, оилавий поликлиника, қайтадан қурилган 8-мактабгача таьлим муассасаси билан танишди. Биродарлик қабристонида амалга оширилган йирик ҳажмдаги ободонлаштириш ишларини бориб кўрди.
– Сокин бу манзилда шаҳримизда яшаган ўндан ортиқ миллат вакиллари мангу қўним топган, – дейди фахрий кончи С.Кенжаев. –Қарийб ўттиз йил шахтада ишлаб, кўмир қазидим. Бироқ шаҳарга ҳам, шахтёрларга ҳам бунақа эьтибор бўлганини кўрмаганман. Қаранг, шаҳримиз қандай гўзал бўлмоқда. Шахтёрларга яратилаётган шароитларга ҳавасингиз келади. Ҳатто ўтганларнинг руҳи шод этилиб, қабристон ҳам обод гўшага айлантирилибди. Бу ишлар ҳар бир инсон қадрини улуғлаш ва ўтганлар руҳини эьзозлашдек буюк қадриятларимиз янада кенг қулоч ёзаётгани ифодасидир.
Маълумотларга кўра, бу ерда 2 мингдан ортиқ қабр бегона ўтлардан тозаланиб, сувоқланди. Бостирма, пиёдалар йўлакчалари қурилди, қабртошлар, темир панжаралар бўялди. Хусусан, атрофи девор тўсиқлари билан ўралди, сув минораси том қисми профнастил билан таъмирланиб, ташқи қисмида сувоқлаш ва фасад ишлари бажарилди. Таҳоратхона қурилиб, барча шароитлар яратилди. Минг тупдан ортиқ манзарали дарахт ўтқазилди.
Шаҳар марказидаги "Шахтёрлар майдони"да ўрнатилган рамзий шахтёрлар монументининг тантанали очилиши ҳам барчада илиқ таассурот уйғотди.
– Шарғуннинг тамомила янги қиёфада бўй кўрсатаётганидан фахрланамиз, – дейди шахтёр Ш.Бузруков. – Шаҳарни бундай кўркам қиёфада кўриш биздан олдин меҳнат қилган кончилар учун ушалмас орзу бўлган экан. Эндиликда биз ишдан бўш вақтларимизда сўлим шаҳарни айланиб, маза қилиб ҳордиқ чиқаришимиз мумкин. Бунинг учун етарли шароит яратилмоқда. Реконструкция қилинаётган тиббиёт, маданият, таълим муассасаларида яратилаётган қулайликлар ҳам бизни жуда хурсанд қилмоқда. Албатта, бундай шароит бўлган жойда киши оиласидан, фарзандларидан кўнгли тўқ бўлиб, янада унумли ишлайди.
Шу куни "Феруз" маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси, "Боғишамол" маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилган болалар ўйингоҳи, қайта таъмирланган маданият уйи биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худойберганов иштирок этди.
Янгиланаётган шахтёрлар шаҳрида бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА
Тип классификации обращения | Способ направления | Дата принятия | Дата рассмотрения | Регион |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоийская область |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Ташкентская область |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Джизакская область |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхандарьинская область |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Ташкентская область |