Стратегия действий по пяти приоритетным направлениям развития Республики Узбекистан в 2017-2021 годы
Халқ қабулхоналари институти: Бажарилган ишлардан ҳали қилиниши лозим бўлган вазифалар кўп

Мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида ҳар куни янгидан-янги ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бермоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган, юртимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқ билан очиқ-ошкора мулоқот қилишнинг янгича тизими – Халқ қабулхоналари институти ўтган вақт мобайнида бажарилган ишлардан кўра ҳали этилиши лозим бўлган вазифалар янада кўпроқ эканлигини намоён этди.

Зотан, ҳақиқат баҳсларда, ошкора мулоқотларда бўй кўрсатади. Президентнинг жойларда Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхонаси ташкил этилганидан кейин халқнинг реал ҳаётидан хабардор бўлиш, одамларнинг кўп йиллик муаммоларини, талаб ва эҳтиёжларини яқиндан ўрганиш, уларни ҳатто жойида ҳал этиш, зарур чора-тадбирларни белгилаб, ижтимоий адолатни таъминлаш имконияти пайдо бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан мамлакатимизнинг барча шаҳар ҳамда туманларида, чекка-чекка қишлоқларда, маҳаллаларда оммавий қабуллар, халқ билан юзма-юз суҳбатлар ташкил этилди. Қисқача қилиб айтганда, халқ ичига кириб борилди. Одамларнинг юракларида йиғилиб қолган дардлари, аллақачон ҳал қилиниши мумкин бўлган-у, лекин тўрачилик, ўзибўларчилик, сансоларлик оқибатида йиллар давомида ечилмай келган муаммолар юзага чиқа бошлади. Энг муҳими, одамлар дардларини айтиши, каттаю кичик идоралар раҳбарлари билан юзма-юз гаплашиши, муаммоларига қисқа фурсатда ечим топиши учун қулай имконият юзага келди. Нафақат муаммолар, уларнинг талаб ва таклифларига ҳам қулоқ тутилди, бу таклифлар йиғилиб, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши йўлга қўйилди. Президентимизнинг “Раҳбарлар халқнинг хизматкори бўлиши зарур”, “Асосий мақсадимиз – халқ розилиги, халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”, деган қатъий талаблари амалда ўз ифодасини кўрсатди. Бугунги кунда ана шу изланишлар самараси сифатида кўплаб янгиликлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш йўлга қўйилиб, Президентнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, қатор муаммолар билан бирга, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш борасида ҳам кўплаб ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги аниқланди. Ҳолбуки, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 2003 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини “Ягона дарча” тамойили асосида рўйхатдан ўтказиш учун шаҳар, туман ҳокимликлари ҳузурида махсус инспекциялар ташкил этилган. 2016 йилдан эса улар негизида Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари иш олиб борган. Аммо ушбу саъй-ҳаракатлар ҳам аҳолининг бугунги талаб ва эҳтиёжларини қондириш учун етарли эмаслиги аён бўлди. Бинобарин, одамларнинг ҳар битта ҳужжат учун турли-туман идораларга мурожаат қилиши, соатлаб навбат кутишлар, қоғозбозлик, турли оворагарчиликлар барҳам топмади. Шу боисдан мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли ишлар бошланди.

2017 йил 12 декабрда Президентимизнинг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди ва ушбу ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Бу ҳам, албатта, аҳолига барча соҳаларда қулай имкониятлар яратиш, ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериш йўлида ташланган яна бир муҳим қадамдир. Илгари “Ягона дарча” тизими фақатгина тадбиркорларга хизмат кўрсатиб келган бўлса, эндиликда оддий фуқароларга ҳам давлат идоралари билан боғлиқ ишларда ушбу тизим орқали хизмат кўрсатиш мақсад қилинди. Натижада аҳолига энг зарур ва талаб юқори бўлган давлат хизматларини “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиш учун мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида Давлат хизматлари марказлари тармоғи вужудга келди.

Мазкур тизимнинг давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ва амалда муносиб самара берган Халқ қабулхоналари негизида барпо этилгани айниқса аҳамиятлидир. Чунки шу жамиятда яшаётган ҳар бир фуқаро ҳаёти давомида турли эҳтиёжлар билан давлат идораларига дуч келиши табиий ҳол. Халқнинг давлат идоралари билан муносабатларида енгиллик яратиш, мушкулини осон қилиш эса бугунги кунда давлатимизнинг асосий эътибор марказига кўтарилган. Давлат хизматлари кўрсатишнинг янги, замонавий концепциясида фуқароларнинг навбат кутиб туришларини кескин камайтириш, ҳужжатларни электрон тарзда юритиш ҳисобига қоғозбозликни қисқартириш, турли хил буйруқбозлик ва сансоларликларга чек қўйиш кўзда тутилган. Энг муҳими, давлат хизматлари марказларининг иш принципи “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” деган тамойилга асосланган.

Қисқа фурсатда республикамиздаги ҳар бир туман ва шаҳарда Давлат хизматлари марказлари ташкил қилинди. Жорий йил бошида ушбу марказларда аҳолига қарийб 30 турдаги хизматлар кўрсатилган бўлса, 1 апрелдан эътиборан бундай хизматлар сони 50 тадан ортди. Июнь ойидан бошлаб эса улар қаторига яна 30 дан ортиқ хизмат турлари қўшилди. Бу одамларнинг қимматли вақтларини тежаш билан бирга, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш имконини ҳам бермоқда. Мисол учун, ёшлар оила қурганда никоҳни қайд этиши, фарзанд дунёга келганда унга гувоҳнома олиш, болаларни боғчага жойлаштириш, машинани бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ёки янгисига алмаштириш каби кундалик ҳаётимизда кўп бора дуч келадиган ишлар эндиликда Давлат хизматлари марказида ҳал этиб берилади. Бунинг учун турли идораларга қатнашга, узоқ вақт кутишга энди ҳожат йўқ.

Аввало, шуни чуқур англашимиз зарурки, бугун мамлакатимизда рўй бераётган ўзгариш ва ислоҳотларнинг замирида “Нима қилсак одамларимизнинг ташвиши камаяди, уларга тежамли ва қулай бўлади?” деган жиддий савол туради. Ана шу янгилик ва ислоҳотларнинг барчаси одамларни кўпдан бери қийнаб келган муаммоларни бартараф этиш, уларни бугунги ҳаётдан мамнун этиб, эртанги кунга бўлган ишончини амалда мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак. Шу маънода юртимиз ҳаётида янгилик бўлган мазкур тизим фаолиятини бошлашда ҳам пухта ўйлаб қадам ташланди. Бу борада давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида хорижий мамлакатлар тажрибасини мунтазам равишда ўрганиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар Англия, Германия, АҚШ, Канада, Австралия, Россия Федерацияси, Грузия, Озарбайжон, Литва, Сингапур, Қозоғистон ва бошқа давлатлар қонунчилиги ўрганилиб, Австралия ва Канаданинг давлат хизматлари электрон тизими атрофлича таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра маълумотномалар тайёрланиб, уларнинг ижобий тажрибасидан керакли ўринларда фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шундан сўнг Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази мисолида “Наманган тажрибаси” лойиҳаси амалга оширилди. Бу ерда барча ишлар намунавий тарзда ташкил этилиб, муаммо ва камчиликлар ўрганилди, шундан сўнг шаклланган тажриба республиканинг ҳамма ҳудудларига татбиқ этилди. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Давлат хизматлари марказларининг Президентнинг Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият олиб бориши ва битта бинода жойлаштирилишида ҳам ўзига хос маъно бор. Яъни, аввало, Халқ қабулхоналари қисқа вақт ичида миллионлаб одамларнинг муаммоларига ечим топиб, одамларнинг ишончини қозонди. Мазкур тузилма ҳам фуқароларнинг Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлари асосида, уларнинг талаб ва истакларини ўрганиш натижасида вужудга келди. Шунингдек, Халқ қабулхоналарига келаётган одамларнинг аксарият мурожаатлари давлат идоралари ва турли ҳужжатлар билан боғлиқ бўлмоқда. Шундай экан, демак, эндиликда фуқароларнинг кўпгина ташвишлари Давлат хизматлари марказларида ҳал этилиши имконияти мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 апрелдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ушбу соҳада бошланган ишларга танқидий баҳо берилди ва бу кўзда тутилган режа ҳамда мақсадларни жадаллик билан амалга оширишга жиддий туртки бўлди. “Наманган тажрибаси” лойиҳасидан маълум бўлдики, Наманган шаҳар Давлат хизматлари марказида юридик ва жисмоний шахсларга яратилган шароитлар вақтни тежаш, турли оворагарчилик ва сансоларликларнинг олдини олиш имконини берди. Бу ерда яратилган шарт-шароитлардан барча фуқаролар мамнун эканликларини билдиришмоқда. Давлат хизматлари маркази ихтиёрига берилган тўрт қаватли бино шу пайтгача фойдаланилмай келинаётган, қаровсиз бир аҳволда эди. Ушбу бинода 15 миллиард сўмлик реконструкция ва жиҳозлаш ишлари олиб борилгач, замонавий, кўркам қиёфа касб этди.

Марказда электрон навбат тизими ташкил этилган. Бир кунда 1000 нафарга яқин тадбиркор ва фуқароларга хизмат кўрсатиш мумкин. Халқ қабулхонаси, ФҲДЁ, нотариус, паспорт бўлимлари, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез тиббий ёрдам, кадастр, суғурта, банк шахобчалари шу ернинг ўзида жойлашган. Болалар майдончаси, кафе ташкил этилгани эса мижозлар учун янада қулайлик туғдиради. Марказда 20 га яқин малакали мутахассис фаолият олиб боради. Улар 600 мингдан ортиқ аҳолига замонавий технологиялар воситасида тезкор хизмат кўрсатишади.

Ўтган қисқа вақт оралиғида ушбу давлат хизматлари марказида қарийб 5 мингта ариза қабул қилинган ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. Биргина тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш масаласида 1300 га яқин ариза ижобий ечим топган. Ўрни келганда айтиш мумкинки, илгари тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш учун жуда кўплаб ҳужжатлар талаб этилиб, ортиқча қоғозбозлик қилинарди. Талаб қилинган ҳужжатларни тайёрлаб келиш учун турли идораларга қатнаб, узундан-узоқ навбат кутиб, ойлаб, ҳатто йиллаб сарсон бўлиш ҳолларига дуч келинганини тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган фуқаролар яхши билишади. Бундай қийинчиликларга ҳамма ҳам бардош бера олмайди. Натижада яхши ният билан бошлаган ишидан кўнгли совиб, қўл силтаб кетганлар қанча.

Шунингдек, жамғариб бориладиган пенсия тизими, солиқ тўловчининг идентификация рақамини олиш, ипотека шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолият ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш, болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, коммунал хизмат каби масалаларда одамлар кўплаб муаммоларга, ортиқча сарсонгарчиликларга дуч келар эди. Эндиликда бундай масалалар Давлат хизматлари марказида қисқа вақтда ҳал этиб берилади. Масалан, ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштирмоқчи бўлган киши марказга келиб, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва фуқаролик паспортини беради ва белгиланган миқдордаги тўловни исталган шаклда тўлайди. Мутахассислар шу ернинг ўзида фуқарони суратга олиб, тегишли ҳужжатларни ҳеч қандай муаммосиз расмийлаштиради. Қарабсизки, ярим соат ичида фуқаро янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб кетади.

Болаларни боғчага жойлаштириш масаласида ҳам ота-оналар шу пайтгача турли қийинчиликларга дуч келганлигини кўпчилик яхши билади. Эндиликда бу масала ҳам марказда ҳал қилинадиган бўлди. Ариза рўйхатга киритилиб, йўлланма олиш учун электрон навбатга қўйилади. Марказда ушбу хизмат жорий этилганидан буён 250 дан зиёд ариза келиб тушган ва қисқа вақтда 120 дан ортиқ бола мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилган.

Булардан ташқари, бу йил биринчи марта синов тариқасида Тошкент давлат юридик университетига абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилиш юртимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. Тасаввур қилиб кўринг, ушбу университетга биргина ҳужжат топшириш мақсадида абитуриент, унинг ота-онаси Қорақалпоғистондан, Хоразмдан, Сурхондарё ёки Андижондан ва бошқа вилоятлардан пойтахтга келиб-кетиши учун қанча вақт, қанча сарф-харажат керак бўлади. Ҳужжатлар Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинаётгани эса келажакка катта орзу-ниятлар билан қадам қўяётган ёшларга ва уларнинг ота-оналарига яна бир қулай имконият тақдим этганидан юртдошларимиз мамнун.

Президентимиз жорий йил май ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу марказ фаолияти билан ҳам танишиб, фуқаролар ва хизмат кўрсатувчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирган эди. “Биз бу хизматни нима учун ташкил қилдик? Адолат бузилмаслиги, коррупция бўлмаслиги, одамлар қийналмаслиги учун. Ушбу муассаса Давлат хизматлари марказлари фаолиятини ташкил этишнинг Наманган тажрибаси, одамлар билан мулоқотнинг янги намунаси бўлади. Энг катта ютуғимиз – бундай идораларда энди фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади”, - дея таъкидлаган эди давлат раҳбари.

Дарҳақиқат, “Наманган тажрибаси” аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш борасидаги кўплаб масалаларга ойдинлик киритди. Ўтган қарийб 15 йил давомида “Ягона дарча” тизими фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатгани боис юридик шахслар бу борада анчагина тушунчага эга бўлсалар-да, бироқ оддий фуқаролар бу янгилик ҳақида ҳали етарлича тасаввурга эга эмаслиги аён ҳақиқат. Шунинг учун давлат хизматлари марказлари ходимлари бевосита маҳаллаларга, хонадонларга бориб, аҳоли учун яратилган ушбу қулайликни одамларга тушунтириб, амалда кўрсатиб беришди ва кенг тарғибот ишларини олиб боришди.

Давлат хизматлари агентлиги ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари иштирокида фуқаролар билан 12 мингдан ортиқ учрашувлар ўтказилиб, уларда 400 мингга яқин аҳоли қамраб олинди. Давлат хизматлари кўрсатиш бўйича яратилган миллий тизим ва унинг аҳамияти ҳақида барчани хабардор қилиш мақсадида аҳоли гавжум бўлган жойларда, автомобиллар серқатнов бўлган йўллар ёқасида, йирик савдо мажмуалари, бозорлар ва бошқа жойларда 3770 дан ортиқ реклама баннерлари жойлаштирилди. Республика бўйича ўрнатилган 50 га яқин мониторларда давлат хизматлари фаолиятига оид лавҳалар бериб борилмоқда. Шунингдек, марказлар фаолияти тўғрисида батафсил маълумот бериш учун намунавий стендлар ва тарғибот лавҳалари тайёрланиб, 7 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларига ўрнатилди.

Марказларнинг олиб бораётган фаолияти, фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган хизмат турлари ҳақида марказий ва маҳаллий теле ва радиоканалларда, газеталарда, интернет тармоқларида доимий равишда чиқишлар қилинаётгани ҳам одамларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яратилаётган қулай имкониятлар хусусида юртдошларимизда муносиб таассурот уйғотишига хизмат қилади, албатта. Аҳоли билан алоқанинг самарали тизимини ташкил этиш мақсадида “Telegram” мобиль иловасида “Davlat xizmatlari” канали ишга туширилди. “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Халқ билан мулоқот/Диалог с народом” гуруҳида янгиликлар ва тушунтиришлар, инфографикалар ва фотосуратлар мунтазам бериб борилмоқда. Шу билан бирга, жойларда ташкил этилаётган ҳуқуқий-тарғибот сайиллари, учрашув ва давра суҳбатлари ҳам одамларда ўзига хос қизиқиш уйғотмоқда. Ҳозиргача бундай тадбирларда 650 мингга яқин аҳоли иштирок этди.

Аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳар жиҳатдан қулай, тезкор ва сифатли бўлиши учун шароит ҳам замонавий бўлиши зарур, албатта. Шунинг учун ҳам Халқ қабулхоналари ва давлат хизматлари марказларини барча шароитларга эга биноларга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айнан шу мақсадда намунавий лойиҳалар асосида Наманган, Фарғона ва Қўқон шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари учун замонавий бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда Тошкент шаҳар Чилонзор туманида марказ учун замонавий бино қуриш ишлари бошланди, Шайхонтоҳур ва Сергели туманларида марказлар учун тегишли бинолар танланиб, қурилиш-таъмирлаш ишларини бошлаш чоралари кўрилмоқда. Йил охирига қадар барча вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида намунавий лойиҳалар асосида марказлар учун, биринчи навбатда, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида замонавий бинолар қуриш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Аҳолига фақат марказ биноларида хизмат кўрсатиш билан чекланиб қолмасдан, сайёр тартибдаги хизматларни йўлга қўйиш ҳам бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи фуқаролар туман марказига бориб келишга кўпинча қийналади. Давлат хизматлари марказлари ходимлари тез-тез қишлоқларга, маҳаллаларга чиқиб, шу жойнинг ўзида аҳолига хизмат кўрсатишни ташкил қилса, фуқароларнинг яна бир мушкули осон бўлади. Шу боисдан олис ҳудудларда яшовчи аҳолига қулайлик яратиш мақсадида республикамизнинг барча туман, шаҳар Давлат хизматлари марказлари вилоят ҳокимликлари кўмагида замонавий ускуналар билан жиҳозланган “Дамас” автотранспорт воситалари билан таъминланди ва сайёр давлат хизматларини кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, умумий қиймати қарийб 1 миллион доллар бўлган 20 та “Исузу” автобуслари грант маблағлари асосида харид қилиниши таъминланди. Бу ҳам давлатимиз сиёсатида илгари сурилаётган “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғоянинг амалий ифодасидир.

Ана шу хайрли ташаббусларнинг узвий давоми сифатида “Обод қишлоқ дастури” доирасида Давлат хизматлари марказларининг малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Улар бевосита маҳаллаларга бориб, 4200 га яқин хонадонга кириб, аҳоли билан юзма-юз суҳбатлар ўтказдилар. Фуқароларнинг аниқланган муаммолари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар беришди. Сайёр тартибда 6700 га яқин давлат рўйхатидан ўтказиш тадбирлари, 1700 дан зиёд нотариал ҳаракатлар, 600 дан ортиқ ФҲДЁ хизматлари кўрсатилиши ташкил этилди ва бундай тадбирлар давом эттирилмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби тадбирлар одамларда миннатдорлик ҳиссини уйғотмоқда. Лекин мазкур ислоҳотлар моҳиятини ҳамма ҳам бирдай тушуняпти деб бўлмайди. Айрим идораларда ҳали ҳам сусткашлик, ўзибўларчилик, янгиликларга панжа орасидан қараш ҳоллари, афсуски, учраб турибди. Аксарият ташкилотларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари яратилмаган, шу сабабли уларни ягона тизим билан интеграция қилиш имконияти қийин кечмоқда. Идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйиш, архив ҳужжатларини рақамлаштириш каби соҳаларда ҳал этилишини кечиктириб бўлмайдиган муаммолар кўзга ташланиб турибди. Шу сабабдан ҳам давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун 2415 та ҳолатда масъул ташкилотлар ва уларнинг ходимларига нисбатан таъсир чоралари қўлланилган. Хусусан, 79 та ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 36 нафар масъул шахс маъмурий, 82 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 4 нафар шахс лавозимидан озод этилиб, 203 та тақдимнома ва 170 та огоҳнома киритилган.

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари халқимиз учун хизмат қилиши керак”, деган ғоя бугун ҳаётимизнинг асосий мазмунига айланиб бораётган экан, буни ҳар биримиз муносиб англаган ҳолда шунга монанд ишлашимиз, интилишимиз зарур. Юртимизда қандай янгиликлар, қандай ислоҳотлар жорий этилаётган бўлса, буларнинг барчаси одамларнинг бугунги ва эртанги ҳаёти фаровон бўлишини таъминлаш, халқимизни ҳаётдан рози қилишдек улуғ мақсадга қаратилган. Бинобарин, халқ розилиги мамлакат тараққиётининг пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Уйғун РЎЗИЕВ

31.07.2018

Решенные обращения

Тип классификации обращенияСпособ направленияДата принятияДата рассмотренияРегион
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоийская область
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Ташкентская область
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Джизакская область
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхандарьинская область
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Ташкентская область

полезные ресурсы