2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Шавкат Мирзиёев: Давлат идоралари дастурдаги вазифаларни қунт билан, илм билан, ақл билан бажарса, кескин ўзгариш бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 февраль куни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинган эди. Шу борада тайёрланган дастур лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, 2 мингдан зиёд таклифлар, фикр-мулоҳазалар олинди, улар асосида қайта ишланиб, янада бойитилди.

Ушбу такомиллашган Давлат дастури Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги фармонига мувофиқ қабул қилинди. Унда 273 та банд бор. Бу чора-тадбирларни бажариш учун қарийб 30 триллион сўм, 2 миллиард 600 миллион АҚШ доллари ва 57 миллион евродан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Умумлаштириб айтганда, Давлат дастурининг асосий мақсади – ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини оширишга қаратилган.

– Бу дастурни ҳануз давом этаётган пандемия шароитида, глобал инқироз кучайиб бораётган мураккаб бир вазиятда амалга оширишимизга тўғри келади. Ҳар қанча қийин бўлмасин, 500 минг нафар ёш ва 200 минг аёлни иш билан таъминлаш ҳамда 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш лозим. Агар “маҳаллабай” тизимни жойига қўйиб, давлат идоралари дастурдаги вазифаларни қунт билан, илм билан, ақл билан бажарса, кескин ўзгариш бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Шу билан бирга, ривожланишдан ортда қолаётган 33 та туман ва оғир аҳволдаги 970 та маҳалланинг йўли, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғини яхшилаш, тиббиёт ва таълим тизимидаги ислоҳотларни энг узоқ қишлоқларгача етказиш зарурлиги қайд этилди.

Бунинг учун Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар ва сектор бошлиқлари дастур ижросини туман ва маҳаллага тушиб ташкил этиши, ресурслардан оқилона фойдаланиб, тартиб-интизом билан қаттиқ меҳнат қилиши талаб этилади.

– Раҳбар кўп, масъуллар кўп, лекин халқнинг дарди билан шуғулланадиган одам йўқ. Ҳамма қарорларни бажарса бўлади. Энг катта камчилик – назорат йўқ, вазирлар, ҳокимлар ўзини қийнамайди, – деди Президент.

Видеоселектор йиғилишида Давлат дастуридаги иккита катта йўналиш – иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳаларга оид вазифалар ҳақида сўз борди.

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида иқтисодиётни ривожлантириш бўйича 113 та чора-тадбир белгиланган. Бунда энг катта эътибор янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган.

Хусусан, ўз ишини бошламоқчи бўлганларга 7 миллион сўмгача субсидия, касбга ўқимоқчи бўлган эҳтиёжманд аҳолига 1 миллион сўмдан компенсация берилиши кўзда тутилган.

Мутасаддиларга ушбу маблағларни ажратиш тартибини тасдиқлаб, тезроқ амалиётга киритиш бўйича кўрсатма берилди. Бу орқали биринчи ярим йилликда 10 минг нафар, йил якунигача жами 20 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш мумкин.

Маълумки, деҳқончилик билан шуғулланишни истаган ёшларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиш бошланди. Давлатимиз раҳбари бу жараёнда адолат ва ҳалоллик бош мезон бўлиши, жамоатчилик фикри инобатга олиниши зарурлигини таъкидлади.

Оилавий тадбиркорлик учун ажратиладиган 6 триллион сўмлик кредит маблағларини самарали йўналтириш, ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, тадбиркорлик салоҳиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди.  

Жорий йилда 23 миллиард доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш ҳамда 226 та йирик саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириш белгиланган. Давлатимиз раҳбари бу борадаги барча жараёнларни доимий мониторинг қилиб бориб, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. 

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 22 та йирик зиёрат объекти атрофини ободонлаштириш ва инфратузилмасини яхшилаш режалаштирилган. Шунингдек, авиаташувчиларга ички туризм йўналишларидаги авиачипта нархининг 25 фоизини, туроператорларга ҳаво ва темир йўл чипталари нархининг 15 фоизини ҳамда меҳмонхона хизматлари нархининг 10 фоизини қайтариш тартиби жорий этилади. Ушбу янги механизмлар орқали жорий йилда 1,7 миллион нафар хорижий ҳамда 7,5 миллион нафар ички туристларни жалб қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Давлат дастурида белгиланган бунёдкорлик ишлари кўлами ҳам кенг. Жумладан, йил якунига қадар 10 минг километрдан ортиқ ички ва қишлоқ йўлларини таъмирлаш, 15 минг километр электр тармоқлари ҳамда 4 мингта трансформаторни янгилаш, 700 дан ортиқ аҳоли пунктига тоза ичимлик суви етказиш вазифаси белгиланган. Шаҳарларда 21 мингта, қишлоқларда 8 минг 800 та уй-жойлар барпо қилиш режалаштирилган.

Йиғилишда ушбу чора-тадбирлар ҳудудлар кесимида муҳокама қилиниб, мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берилди. Коммунал хизматлар тизимини янада яхшилаш, кўп қаватли уй-жой фондини ва лифтларни таъмирлаш, кўприкларни реконструкция қилиб, кадастрини яратиш зарурлиги таъкидланди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари жойлардаги “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, шакллантирилиши ҳамда маҳаллий кенгашларга киритилиши белгиланди. 

Жорий йилда жами 320 минг гектар янги ерларни қайта фойдаланишга киритиш ҳамда уларга экинларни оқилона жойлаштириш, насос станцияларини реконструкция қилиш ва сувни тежаш бўйича топшириқлар берилди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш, бунинг учун жорий йилда қиймати 6 триллион сўмлик 1 минг 500 та янги лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Давлат дастурида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббиёт, таълим ҳамда бошқа гуманитар соҳаларни ривожлантиришга қаратилган 93 та банд бор. Видеоселектор йиғилишида уларнинг энг муҳимларига тўхталиб ўтилиб, ижросини таъминлаш чоралари белгиланди.

Болаларни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм ажратиш, шунингдек, халқаро молия ташкилотлари грантларини жалб қилиш бўйича кўрсатма берилди. Жорий йил 1 сентябрга қадар меҳрибонлик уйларининг муҳтож битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

 Яна бир қулайлик – бу йил 1 июндан бошлаб, пенсия тайинлашда 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажини шахснинг меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида, тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда. Бунинг натижасида, йил якунига қадар 100 минг, келгуси йилда яна 200 минг фуқаро ортиқча сарсон бўлмай пенсия олиш имкониятига эга бўлади.

Жорий йилда бюджет ҳисобидан 22 та болалар боғчаси ва 31 та янги мактаб қуриш, ҳар бир туманда физика фанига ихтисослашган биттадан мактаб ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Аҳоли саломатлиги ҳақида сўз борар экан, коронавирусга қарши эмлаш бошланиши айтилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига биринчи навбатда эмланиши зарур бўлган аҳоли тоифасини белгилаб, электрон рўйхатини шакллантириш, оилавий поликлиника ва қишлоқ шифокорлик пунктларидаги 3 мингдан зиёд эмлаш бўлимлари ва қўшимча 800 та мобил бригада ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Маданият марказлари, музейлар ва театр биноларини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича кўрсатмалар берилди.  

– Давлат дастуридан асосий мақсад қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш. Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз фаолиятида натижа кўрсатиши зарур ва шарт, – дея таъкидлади Президент.

Йиғилишда вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашлари Давлат дастурини ўз ҳудудида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши, Адлия вазирлиги дастурнинг ҳар бир банди ижроси бўйича “туманбай” назорат ўрнатиши зарурлиги таъкидланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳар ойда дастур ижросини танқидий муҳокама қилиб, вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишига кўмаклашади. Олий Мажлис палаталари ҳар чоракда Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг Давлат дастури бажарилиши юзасидан ахборотларини эшитади ҳамда бу борада вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар беради.

Видеоселектор йиғилишида Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар Давлат дастури ижросини ташкил этиш режалари юзасидан ахборот берди.

 

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар