Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги фармонлари билан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари қабул қилинган эди. Ушбу дастурлар доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди. Лекин ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли бу борадаги ишлар вақтинча тўхтатилган эди.
Бугунги кунда юртимизда шароити оғир бўлган 796 та қишлоқ ва шаҳарларда 188 та маҳалла мавжуд. 4 мингдан зиёд маҳалланинг электр таъминоти қониқарсиз аҳволда.
Қишлоқларга инфратузилма борсагина, ҳаёт сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади. Шу сабабли, бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилди. Аҳоли талабларидан келиб чиқиб, 206 та туман ва шаҳар ҳокимлари, йўл, электр таъминоти, коммунал хизмат ва тадбиркорликка масъул раҳбарлар билан бирма-бир гаплашилиб, 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди. Бунда, ободончилик билан бир қаторда иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш масалалари ҳам кўзда тутилган.
Йиғилишда шу борадаги амалий ишлар муҳокама қилинди. Бу йил мазкур дастурлар доирасидаги ишларга жами 21 триллион сўм йўналтирилиши қайд этилди.
– Оғир инқироздан чиққан йилимиз, ташқи қарз жалб этмасдан, шунча маблағ ажратаяпмиз. Бунақа имконият Ўзбекистон тарихида бўлмаган. Лекин бу пулни лойиҳа билан, ҳалол-пок ишлатиб, элга муносиб шароит яратиш керак, – деди Президент.
Таъкидланганидек, бундан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилайди. Туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади.
Маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлайди. Қурилиш вазирлиги ҳокимликлар билан бирга уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъул бўлади.
Шу тартиб асосида, жорий йилги дастурга киритиладиган маҳалла ва қишлоқлар, уларда тадбиркорликни ривожлантиришга оид масалалар ўтган ҳафтада барча туман ва шаҳар кенгашларида белгилаб олинди.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимликларига ўн кун муддатда дастурга киритилган барча қишлоқ ва маҳаллаларда қурилиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.
Ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Уларда ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Шунингдек, 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилади.
Электр таъминотини яхшилаш долзарб эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шу боис, 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторни янгилаш белгиланмоқда. Бу юртимиздаги маҳаллаларнинг 60 фоизи демакдир. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди.
Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бирга, “қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 21 та туман, 60 та қишлоқда 485 миллиард сўмлик лойиҳалар бошланади.
Мутасаддиларга маблағлардан самарали фойдаланиб, белгиланган барча ишларни 1 ноябрга қадар якунлаш вазифаси қўйилди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ички йўллар, йўлаклар, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уй-жойларнинг эксплуатация тизимини яхшилаш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилишда аҳоли бандлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис тадбиркорлик ва бандлик дастурларини маҳаллага боғлаб, 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг аёлларни иш билан таъминлаш, “темир дафтар”га киритилган 300 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилиб қўйилди.
Бунинг учун жорий йилда “Оилавий тадбиркорлик” дастурлари учун 9 триллион сўм ресурс йўналтирилиши, шунингдек, 1 триллион сўм маблағ эвазига 128 та маҳаллада кичик саноат зоналари ташкил этилиши айтилди.
Бош вазир ўринбосарлари, Савдо-саноат палатаси раиси ва Бизнес-омбудсманга тадбиркорлар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб, муаммоларини ҳал қилиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.
Дастурларда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳам белгиланган. Хусусан, “Обод қишлоқ” дастури доирасида 379 та мактаб, 171 та мактабгача таълим ва 161 та тиббиёт муассасасини, “Обод маҳалла” дастури доирасида 57 та мактаб, 37 та боғча ва 15 та тиббиёт масканини қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига кирган аҳоли пунктларининг “тиббий харитаси”ни шакллантириш вазифаси қўйилди.
Сектор раҳбарлари ўз ҳудудида бажарилаётган ишлар бўйича маҳаллий кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига ҳисобот бериши зарурлиги айтилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар ахборот берди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |