Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини белгилаш мақсадида 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятида бўлди.
Ташрифнинг биринчи куни давлатимиз раҳбари вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар, жорий йил ва келгуси йилларга мўлжалланган лойиҳалар билан танишди. Шунингдек, муқаддас қадамжолар зиёрати, тадбиркорлар, нуронийлар ва ёшлар билан учрашувлар ҳам дастлабки куннинг муҳим воқеалари бўлди.
16 апрель куни Шавкат Мирзиёев иштирокида вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари, вилоят, туман, шаҳар секторлар раҳбарлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, тадбиркорлар, нуронийлар ва ёшлар қатнашди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Самарқанд вилоятида катта ўзгаришлар бўлаётгани, одамларнинг дунёқараши ўсиб, фаоллиги ошаётганини таъкидлади.
– Бугунги давр, шиддаткор замон жонажон Ватанимиз тараққиёти, бунёдкор ва танти халқимиз фаровонлигини ошириш учун олдимизга муҳим вазифаларни қўймоқда. Ва бу ҳар биримиздан, айниқса, ижро ҳокимияти органлари раҳбарларидан юксак масъулият, фидойилик талаб қилмоқда. Шу нуқтаи назардан бугун Самарқанд вилоятида ҳам кўп ўзгаришлар, янгиланишлар бўлаётганини кўраяпмиз. Кўплаб янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси ўзгармоқда. Лекин энг асосийси, одамларнинг дунёқараши, ҳаётга муносабати ўзгариши керак. Қачонки халқимизнинг дунёқараши ўзгариб, бугунги ислоҳотларга ишончи ва хайрихоҳлиги ошса, давлатдан, раҳбарлардан рози бўлса, фаолиятимизга берилган баҳо, олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз натижаси шу бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз ҳар доим Самарқандни соғиниши, бу вилоятда орттирган тажрибаси иш фаолиятида қўл келишини таъкидлади. Лекин ўша пайтларда ижро ҳокимиятининг имконияти ҳозиргидек бўлмаганини қайд этиб, мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.
– Ҳозир замон ўзгарди, одамлар энди кечагидай яшашга мажбур эмас. Энг катта масала – жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбарлари бугунги ҳаёт, ҳаракат, шиддатга мос ишлаши керак. 2020 йил оғир йил бўлди, манаман деган давлатлар иқтисодиёти бу синовларни кўтаролмади. Бу йил кечагига нисбатан интилишимиз ўзгариб, эртанги кун манфаати нуқтаи назаридан ҳаракат туйғуси пайдо бўлса, олдимизга қўйган режаларимизни бажара оламиз. Агар бизга кимдир қилиб беради, деган тушунча бўлса, бундай хоҳиш билан ҳеч қачон натижага эришолмаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланадиган жорий йилда Самарқанд вилоятида юқори натижаларга эришиш учун ҳозирдан маррани баланд олиб, аниқ белгилаш лозимлигини таъкидлади. Шу жиҳатдан вилоятни комплекс ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича энг муҳим йўналиш ва вазифалар, саноат, транспорт логистикаси, туризм ва бошқа соҳалардаги “ўсиш нуқталари” белгилаб олинди.
Жумладан, ҳар бир маҳалладаги муаммо ва имкониятларни танқидий ўрганиш, аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш орқали камбағалликни қисқартириш, 2021-2022 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, уй-жой қурилиши, ободонлаштириш, коммунал ва транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш юзасидан вазифалар белгиланди.
2021-2022 йилларда Самарқанд вилоятида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 30 триллион 415 миллиард сўмлик 1 минг 279 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилгани таъкидланди. Хусусан, 12 триллион сўмлик 1 минг 184 та ҳудудий, 18 триллион сўмдан зиёд 95 та тармоқ лойиҳалари амалга оширилади. 1,8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва 26 мингта доимий иш ўрни ташкил этилади.
Хусусан, энергетика соҳасида 974 миллион долларлик 8 та йирик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, натижада 1,8 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Шунингдек, Франциянинг “Тотал Эрэн” компаниясининг 100 миллион доллар сармояси ҳисобига шу йил декабрда Нуробод туманида қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади.
Президент Ургут туманини тўлиқ эркин иқтисодий зонага айлантириш, вилоятнинг барча ҳудудларида ушбу иқтисодий зонанинг филиалларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси негизида холдинг компания тузилади.
Қўшработ, Иштихон ва Ургут туманларида 8 минг гектарда интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиб, 4 мингдан зиёд кишини иш билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Чорвачиликда яна 4 минг, пиллачилик ва ипак маҳсулотлари тайёрлашда 12 минг иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилди.
Ҳар бир маҳалладаги муаммо ва имкониятларни танқидий ўрганиш, аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш орқали камбағалликни қисқартириш асосий вазифа бўлиши таъкидланди.
Жорий йилда 915 та қишлоқ ва маҳаллада қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилиши, 658 километр ичимлик суви тармоқлари таъмирланиб, 210 та қишлоқ ва маҳалладаги сув таъминоти яхшиланиши айтиб ўтилди. Ипотека дастури доирасида 3 минг 450 квартирали кўп қаватли уйлар қурилиб, 2 минг 200 та оилага субсидия берилади.
Туризмни ривожлантириш вилоят иқтисодиётининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиши таъкидланди.
– Ички ва зиёрат туризмини босқичма-босқич қайта тиклаш бўйича ишларимиз, жумладан, ички сайёҳлар учун транспорт ва меҳмонхона харажатларини субсидиялаш тизими жорий этилгани, ҳозирдан ўз натижасини бермоқда. Буни биргина Регистон мажмуасига март ойида 150 минг нафар февраль ойига нисбатан 5 баробар кўп сайёҳ келгани ҳам яққол кўрсатиб турибди, – деди давлатимиз раҳбари.
Туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида барча талабларга эга Самарқанд туризм маркази барпо этилмоқда. Унда халқаро конгресс маркази, “Абадий шаҳар” карвонсарой мажмуаси, 8 та меҳмонхона, тематик хиёбонлар, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази, сунъий сув ҳавзалари қурилади. Буюк олим ва ҳадисшунос бобомиз
Имом Бухорий мажмуасини, бу улуғ зотнинг бутун ислом оламидаги юксак обрў ва мақомига муносиб тарзда, қайтадан қуриш ишлари бошланди.
Бу ерда 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон, 3 та меҳмонхона ва 24 та оилавий меҳмон уйларидан иборат зиёрат туризми мажмуаси барпо этилади.
Ургут, Нуробод ва Жомбой туманларида ҳам туризм кластерлари ташкил этилади.
Самарқандда қурилаётган янги халқаро аэропорт парвозлар сонини 7-10 баробарга ошириш ва четдан туристлар оқимини кескин кўпайтириш имконини беради.
Фаоллар йиғилишида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш, ёшлар билан тизимли ишлаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
Хусусан, 106 та давлат боғчасини таъмирлаш, 6 та давлат-хусусий шериклик, 400 та оилавий боғча ва 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш бўйича гуруҳлар ташкил этиш орқали вилоятда мактабгача таълим қамрови 63 фоиздан 70 фоизга етказилади.
Cамарқанд давлат университети ҳузурида Муҳандислик физикаси институти, Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ташкил этилади. Нарпай хизмат кўрсатиш техникуми биносида Самарқанд давлат чет тиллари институтининг “Мактабгача ва бошланғич таълимда инглиз тили” ҳамда “Хорижий тил ва адабиёти” таълим йўналишлари бўйича факультети очилади.
Вилоятдаги ижтимоий соҳа объектлари учун республика бюджетидан қўшимча 200 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.
Вилоятда “Ёшлар дафтари”га киритилган 108 минг нафар ёшнинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида улар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўргатиш зарурлиги таъкидланди. Ушбу мақсад йўлида 6 мингга яқин ёшларга тадбиркорлик учун 136 миллиард сўм кредит ажратилади. “Ёшлар: 1+1” лойиҳаси доирасида 18 минг 500 нафар ёш касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади, 13 минг 200 нафар ёшни тадбиркорликка ўргатиш ва уста-ҳунармандларга бириктириш орқали уларнинг бандлиги таъминланади. 14 минг 400 нафар ёшлар доимий ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилади.
Йилнинг учинчи чорагига қадар вилоятда “Аёллар дафтари”га киритилган 35 минг нафар хотин-қиздан 7,5 минг нафарининг бандлигини таъминлаш, 2 минг 789 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 10 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 6 минг 341 нафар аёлни тадбиркорликка жалб этиш учун “Халқ банки” орқали 182 миллиард сўм йўналтирилади.
– Ислоҳотларнинг пировард мақсади одамлар даромадини кўпайтириш, харид қобилиятини ошириш ва бандлигини таъминлаш орқали уларни ҳаётдан рози қилишдир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда вазирлар, секторлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.
Бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар, секторлар раҳбарларига жорий йилда вилоятда амалга ошириладиган ишлар юзасидан аҳолига мурожаат қилиш топшириғи берилди.
Куннинг иккинчи ярмида Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида очилган кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишди.
“Zarmed pratiksha hospital group” номли ушбу қўшма корхона Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳамкорлигида ташкил этилган. Унинг таъсисчиларидан бири Нишант Бажажнинг айтишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи, ишбилармон доиралар ўртасида ўтказилган учрашувлар ҳамкорликка ишонч туғдирган.
Қўшма корхонанинг дастлабки лойиҳаси бўлган мазкур тиббиёт маркази учун 8,5 миллион АҚШ доллари сарфланган.
Кўп тармоқли тиббиёт марказида 5 та жарроҳлик амалиёти хонаси, 100 ўринли стационар мавжуд. Интервенцион кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, эндоскопик жарроҳлик, ортопедия ва травматология, урология ва гинекология, отоларингология фаолият турлари учун замонавий диагностика ускуналари ўрнатилган. Бир вақтнинг ўзида 600 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Тиббий хизматлар халқаро стандартлар асосида комплекс тарзда кўрсатилади. Марказда 140 та янги иш ўрни яратилган.
– Мамлакатимизда хусусий тиббиётга шароит яратилгани натижасида мана шундай замонавий клиникалар кўпаймоқда. Эндиги вазифа беморларга сифатли хизмат кўрсатиб, одамларнинг ишончини қозониш. Даволаниш учун чет элга кетмоқчи бўлганларни ҳам жалб этиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга Самарқандда хусусий тиббиёт университети ва клиникадан иборат тиббиёт кластерини ташкил этиш, хорижда ишлаб юрган самарқандлик шифокорларни ишга таклиф этиш учун вилоят ҳокимлигида жамғарма тузиб, уларни имтиёзли уй-жой билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалида даволанаётган Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳасан Нормуродовни бориб кўрди.
Бу инсон юртимиздаги фидойи нуронийлардан. Узоқ йиллар халқ таълими тизимида ишлаган. Кейинчалик “Нуроний” жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси сифатида меҳнат фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш ишларига катта ҳисса қўшган. Ҳозирги кунда Самарқанд вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.
82 яшар Ҳасан Нормуродов жонкуяр ва самимий инсон сифатида вилоят аҳолиси ўртасида ҳурмат қозонган. 2019 йилда Президентимиз фармонига кўра “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.
Шавкат Мирзиёев фидойи меҳнат фахрийсига мустаҳкам соғлик ва бардамлик, узоқ умр тилади.
Ҳасан Нормуродов вақт топиб келгани, юксак эътибор кўрсатиб, қўллаб-қувватлагани учун давлатимиз раҳбарига ташаккур билдирди.
Шу билан Президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |