2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Эркинжон Турдимов: “Бошқарув офислари қоғозда бор, амалда уларнинг фаолияти сезилмаяпти”

Ўтган ҳафта якунида Самарқанд вилояти ҳокими аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва ижро интизоми бўйича ўтказган йиғилишда халқни эшитмаслик, мурожаатларга юзаки ёндашиш, қандай қилиб бўлса-да шикоятни ёпишга ҳаракат кузатилаётганини танқид қилди.

Сектор раҳбарлари, мутасаддиларнинг эътиборсизлиги, одамларни эшитмаслиги сабаб туман, шаҳар доирасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар вилоят, республикага чиқмоқда.

Мисол учун, вилоят ҳокимнинг телеграм мессенжерига йил бошидан буён Самарқанд шаҳридан 2249 та, Пастдарғомдан 924 та, Пайариқдан 752 та, Пахтачи туманидан 734 та мурожаат тушган. Мурожаатларнинг асосий қисми кредит ажратиш, электр, сув таъминотидаги муаммолар, ишсизлик билан боғлиқ.  

– Пахтачида ўтказган сайёр қабулимизда 550 дан ортиқ мурожаат бўлди, аксарияти оддий, шу ернинг ўзида ҳал бўладиган муаммолар, – деди Э.Турдимов. – Аммо сектор раҳбарлари, тумандаги ташкилотлар мутасаддилар бу масалаларни эшитмаган, эшитган бўлса-да ҳал этиш чораларини кўрмаган. Ваҳоланки, улар кўпроқ маҳаллаларда, одамлар орасида бўлиши керак. Лекин, назаримда, бу ишлар хўжакўрсинга ўтказиляпти. Бевосита аҳоли билан ишлайдиган бошқарув офислари ҳам қоғозда бор, амалда уларнинг фаолияти сезилмаяпти. Шу сабабли аҳоли вилоят ёки республика даражасида мурожаат қилишга мажбур бўляпти.  

Пахтачи тумани электр тармоқлари мутасаддиларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда қонун талабларини бузгани, йиллар давомида ҳал этилмаган масалалар борлиги қайд этилиб, масъулларга нисбатан тегишли чора кўрилиши белгиланди.

Афсуски, бундай ҳолатлар бошқа ҳудудларда, ҳокимлик ва ташкилотларда ҳам учрамоқда. Бунга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилгани ҳақида халққа очиқ маълумот берилса, балки бу бошқаларга сабоқ бўлармиди?..

Мурожаатлар билан ишлашнинг ўз тартиб-қоидаси бор. Аммо мурожаатларга нисбатан айрим раҳбарлар тутаётган йўл на қонун меъёрларига, на инсонийлик мезонларига тўғри келади. Мазкур ҳолатларни кўриб, эшитиб, танаси бошқа дард билмас деган гап ёдга келади-да. Шунда раҳбарларнинг қабулига келганлар ёки унга мурожаат қилганлар бежиз “мени ўрнимга ўзингизни қўйиб кўринг, менинг ўрнимда бўлганингизда сиз нима қилардингиз”, деган гапларни айтишмас экан, дейсиз беихтиёр.

Тўғри-да, раҳбарлар масъул бўлгани, шу вазифада халқнинг арз-додини эшитишга бурчли эканлиги учун ҳузурига келган, ўзи ечим топмаган муаммосини ҳал этишда ёрдам сўраган одамнинг ўрнига ўзини қўйиб кўрармикан. Неча кунлаб, ойлаб, ҳатто йиллар давомида айрим эшиклар олдида сарғайиб турганлар бор. Мутасаддилар уларни шикоятчилар, “ношукрлар” (гарчи улар орасида ҳам бир-иккита шундайлар бўлса-да) деб айбламасдан, ўз мажбуриятини бажаришга виждонан ёндашса халқнинг ва Ҳақнинг ҳам розилигига эришармиди...

 

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар