2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Халқимизга хос меҳр-оқибат ва инсонийликнинг юксак намунаси

Айни кунларда халқимиз Рамазон ҳайитини тинчлик-хотиржамликда, шукроналик билан байрам қилмоқда. Ўзаро меҳр-оқибат янада ошиб, эҳтиёжманд оилаларга мурувват кўрсатиш, беморлар ҳолидан хабар олишдек савоб ишлар кўпаймоқда.

Шундай эзгу қадриятларимизга мувофиқ, Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Тошкент шаҳридаги шифо масканларида бўлиб, у ерда даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига борди.

Бу марказ аҳолига гематологик ва трансфузиологик ёрдам кўрсатиш, шундай касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш, гематология соҳасида илмий изланишлар олиб боришга ихтисослашган.

Марказда юқори дозали ва интенсив полихимиотерапия усуллари амалиётга жорий этилган. Ўткир лимфобласт лейкозларни даволашдаги янги ишланмалар натижасида беморларнинг ремиссияга чиқиши ва тўлиқ тузалиши 70-85 фоизгача етмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 10 февралдаги қарори гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ, 2020-2024 йилларда гематология соҳасини ривожлантириш учун 546 миллиард сўмдан зиёд ва қарийб 71 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Хусусан, жорий йилда 91 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган.

Бу маблағлар ҳисобидан шифохоналар дори воситалари, тиббий буюмлар, реактив ва реагентлар билан таъминланмоқда. Шунингдек, гематология хизмати моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашни такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Президент марказнинг шароитларини кўздан кечирди. Марказда 3 та бино бўлиб, 260 та ўринга эга. Ҳозирги кунда бу ерда 210 нафар бемор даволанмоқда. Шундан 42 нафари болалардир.

Давлатимиз раҳбари ушбу шифохона учун янги бино барпо этиш, унда Россиянинг Д.Рогачёв номидаги тиббий тадқиқот маркази тажрибаси асосида болалар онкогемотологияси маркази ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берди. У ерда ўзак ҳужайраларини донордан кўчириб ўтказиш – аллоген трансплантация йўлга қўйилади.

Президент шифохонада даволанаётган болалар ва уларнинг оналари билан суҳбатлашди.

– Гематологияда даволашни яхшилаш бўйича қарорлар қабул қилдик. Лекин, бу ишлар ҳали етарли эмас. Бугун келишимдан мақсад – сизларга янаям кўпроқ шароит яратиш, касалларни тезроқ оёққа қўйиш, даволаш кафолатини ошириш бўйича чораларни белгилаш. Сизлар ҳаммангиз – менинг фарзандларимсизлар. Ҳар куни кулиб туриб, ота-оналарингга мадад бўлишларингиз керак. Албатта тузалиб кетаман, деган интилишингиз бўлиши керак. Биз бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ота-оналар ва болаларни Рамазон ҳайити билан табриклади.

– Кўнгилларингиз бўлинмасин. Бир ўзларингиз эмассизлар. Ҳаммамиз ҳамдардмиз. Бу соҳада имкониятларни яхшилаш учун янги марказ қурамиз. У ерда оналар учун ҳам, болаларнинг ўқиши учун ҳам шароит бўлади, даволаш ҳам ўзгаради. Энг катта ниятимиз – тезроқ даво топиб, уйга, оилангиз бағрига қайтишингиз, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев болаларга меҳрибонлиги ва фидойилиги учун марказ шифокорларига миннатдорлик билдирди.

Президентимиз Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрди.

Марказда 10 та даволаш корпуси бўлиб, 370 та ўринга эга. Бу ерда йилига 9 мингдан ортиқ беморга стационар, 43 минг нафарига амбулатор тартибда хизмат кўрсатилмоқда.

Тошкент ва Қўқон шаҳарлари, Қорақалпоғистон ва вилоятларда марказнинг ҳудудий филиаллари ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирида паллиатив ёрдам бўлимлари очилган. Илк бор, барча ҳудудий онкологик муассасалар жами 22 та замонавий нур терапияси ускуналари билан жиҳозланди. Тиббиёт маркази билан барча филиаллар ўртасида телемедицина амалиёти йўлга қўйилган. Сўнгги уч йилда тизимдаги 150 нафар мутахассис нуфузли хорижий клиникаларда давлат ҳисобидан малака оширган.

Беморлар учун энг қийини керакли дориларни топиш ва сотиб олишдир. Шу боис бу борада давлатимиз томонидан ҳам кўмак кўрсатилмоқда. Онкология хизмати учун дори-дармон ва сарфлов воситаларига 2016 йилда 8 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич қарийб 62 миллиард сўмга етган.

Давлатимиз раҳбари марказда даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди. Болаларнинг орзу-ниятлари, катта бўлса қайси касбни танламоқчи экани билан қизиқди, уларга далда берди.

Президент билан учрашган болаларнинг орзулари бир олам. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидан келиб даволанаётган Бунёдбек Ўролбоев 10 ёшда. Онаси унинг дилидаги сўзларини Президентга етказди, яккаю ягона ўтинчи ўғлининг шифо топиб кетиши эканини маълум қилди. Давлат раҳбари ушбу улуғ айём кунларида энг катта мақсад – бу ердаги барча болалар соғайиши эканини, бунинг учун ҳамма шароит яратилишини айтди.

Асака туманилик Розия Бозорбоева ёш бошига тушган дард сабаб шифокор бўлмоқчилигини, Андижон тиббиёт институтига кириб ўқиш нияти борлигини билдирди. Шавкат Мирзиёев шу ерда мутасаддиларга топшириқ бериб, бу қиз Президент ҳисобидан институтга ўқишга қабул қилинганини айтди.

Чуст туманида яшовчи Сабина Инсофалиева 17 ёшда. У тумандаги 41-мактабда ўқийди, аммо дард сабаб икки йил ўқиши қолиб кетган. Сабина тузалиб чиқса, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими бўлиш орзуси борлигини билдирганда, ҳамма чапак чалиб юборди. Афсуски, шифокорлар бу қизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўнг оёғини кесишга мажбур бўлган.

Президент Марказнинг болалар бўлими бошлиғи Тожиддин Мустафоевдан Сабинанинг саломатлиги ҳақида сўради. Энг ривожланган давлатлардан протез олиб келиб қўйдиришга, унинг соғлигини шахсан назоратга олишга ваъда берди.

– Бу қизим албатта йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими бўлади, ўқишига ҳозирдан ғамхўрлик қиласизлар, – деди Президент.

Самарқанд вилояти Пайариқ туманидан келган Райҳона Раупова 10 ёшда. Отаси Раҳмонберди аканинг айтишича, қизи Президент мактабида ўқимоқчи. Давлатимиз раҳбари бу йил Самарқандда ҳам Президент мактаби очилишини, Райҳона албатта унга кириб ўқишини айтди.

– Бу бир синов. Ана шу синовлардан бардош билан ўтиб, тезроқ соғайиб, уйга қайтсаларингиз, ҳаммамиз хурсанд бўламиз. Мен болалар, ёшлар ҳақида кўп гапираман, уларга катта умидлар боғлайман. Илоҳим, мана шу болаларнинг ҳам касаллиги эсдан чиқиб, халқимизга хизмат қиладиган фарзандлар бўлиб етишсин. Улуғ айём кунларида Худодан шуни сўраймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент болалар ва уларнинг ота-оналари билан бирга суратга тушди. Давлатимиз раҳбари номидан болаларга совғалар топширилди.

Шу ерда онкология тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент марказнинг ҳозирги имкониятлари етарли эмаслигини таъкидлаб, Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида Республика онкология марказининг янги биноларини барпо этиш бўйича топшириқ берди.

Касалликларни эрта аниқлаш мақсадида мобиль бригадалар тузиб, хавф гуруҳига кирувчи аҳоли учун профилактик кўриклар ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун ҳар бир ҳудудга мобиль маммографлар ва позитрон-эмиссион томографлар етказиб берилади. Саратон касалликларини эрта аниқлайдиган лабораториялар ташкил этилиб, махсус онкомаркерлар текширувлари йўлга қўйилади.

Иккинчи асосий масала – даволаш сифатини ошириш. Шу мақсадда жойлардаги онкология ва гематология шифохоналарини таъмирлаб, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, малакали мутахассисларни жалб қилиш вазифаси белгиланди. Касаллик оқибатида оёқ-қўли ампутация бўлган беморларни протез маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари, шифокорлар ўз ҳудудларида онкологик ва гематологик касалликларни даволашни яхшилаш бўйича таклифларини билдирди.

Мазкур барча вазифа ва таклифларни инобатга олган ҳолда, онкологик ва гематологик касалликларни даволашни тубдан ўзгартириш бўйича Президент қарори қабул қилинадиган бўлди.

Видеоселектордан сўнг, давлатимиз раҳбари Тошкент тиббиёт академияси ҳудудига бориб, Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази биноси учун мўлжалланган жойни кўрди. Янги бинони Жанубий Корея тажрибаси ва лойиҳаси асосида қуриш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги Тепақўрғон маҳалласи ҳаёти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча чора-тадбирлар маҳаллалар кесимида амалга оширилишини таъкидлаган эди. Мутасаддиларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, уларни ривожлантириш вазифаси қўйилган.

Тепақўрғон маҳалласи ҳам шу тарзда обод қилинган. Бу ерда 30 та кўп қаватли уй бор, 6 минг 150 нафар аҳоли яшайди. Иккита 100 ўринли мактабгача таълим муассасаси, битта ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолият юритмоқда.

Маҳалладаги йўлаклар, дарахтзорлар обод қилинган. Болалар ўйингоҳлари ташкил этилиб, спорт қурилмалари ўрнатилган.

40 та кичик бизнес субъектида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда. Яқинда бу ерда яна бир ишлаб чиқариш корхонаси – “Euroasia print” босмахонаси қуриб битказилди. Унда 60 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Шавкат Мирзиёев ушбу корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди.

Шу ерда Тошкент шаҳрида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш режалари тақдимоти ўтказилди.

Маҳалла аҳли билан суҳбатда нуронийлар Рамазон ойи рўзасини шукроналик билан тутганини, юртимизга тинчлик-фаровонлик сўраб дуолар қилганини айтишди.

– Мана шу шукроналикни, инсоф сари барака эканини халқимизга, ёшларимизга етказиш керак. Ўз маҳаллангизда кўриб турибсизлар. Мана, интилса, қилса бўлар экан-ку. Бундай ўзгаришларнинг энг катта замини – юртимиздаги тинчлик-осойишталик. Бунинг қадрига етиб, ҳар бир маҳаллани мана шундай чиройли, тартибли қилишимиз зарур. Баландпарвоз гапсиз, меҳнатимиз билан халқимизни рози қилишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари хорижий тилларни ўргатиш маркази фаолияти билан ҳам танишди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар