Президент Халқ қабулхоналари Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри, Қизилтепа, Навбаҳор ва Кармана туманларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилган оммавий қабуллар ҳам адолатни қарор топтиришдек чин инсонпарварлик амалларига бой бўлди.
Ички ишлар вазирлиги масъуллари билан аввалги ва бу галги мулоқотлардан сўнг хизматидан ноҳақ бўшатилган, айни пайтда Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси ихтиёрида бўлган капитан Азамат Бўриевнинг бир йиллик, сафдор Жамшид Муҳаммадиевнинг эса 8 йиллик сарсонгарчиликлари барҳам топди.
Улар cуд қарорлари билан оқланиб, ички ишлар вазирининг хулосасига асосан махсус унвони билан орадаги узилиш хизмат муддатига қўшилган ҳолда ички ишлар органларига ишга тикланди.
Хўш, улар нима учун хизматдан бўшатилган эди? Айблари шунчалик жиддиймиди?
Асли шофирконлик капитан Азамат Бўриев Навоий вилоятидаги ички ишлар тизимида 13 йил хизмат қилган. Вилоятдаги жазони ижро этиш колонияларидан бирига қарашли давлат унитар корхонасида масъул лавозимда ишлаган. Бир йил аввал ўтказилган хизмат текширувидан сўнг унитар корхонага тегишли электр қувватини тарқатиш қурилмасини рухсатсиз колония ҳудудидан олиб чиқиб, бошқа жойда сақлагани, ўзига нисбатан шубҳа-гумонларни келтириб чиқаргани учун ички ишлар органлари хизматидан бўшатилган.
Унинг айтишича эса ўша қурилма колония бошлиғининг рухсати билан колонияга катта қувватли электр энергияси тармоғи тортиш учун олиб чиқилган, фақат қурилмага уланадиган электр кабеллари етиб келиши кечиккани учун вақтинча тайинли жойда бус-бутун сақланган. Шу боис ҳам Навоий махсус прокуратураси унга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви ҳужжатлари юзасидан терговга қадар текширув ўтказиб, 2020 йил 23 июлда Азамат Бўриевнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этган.
Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди эса 2020 йил 24 сентябрдаги ҳал қилув қарорида уни ички ишлар органлари хизматидан бўшатилиши ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топиб, ишга тиклаш ҳақида қарор қабул қилган.
Бу галги мулоқотлардан сўнг Азамат Бўриевнинг аввалги лавозимида айни пайтда бошқа шахс ишлаётгани учун у ўзининг розилиги билан ҳозирча Навоий шаҳридаги 2-сонли ички ишлар бўлими навбатчилик қисмининг катта инспектор навбатчиси лавозимига тайинланди. Капитанлик рутбаси қайтарилди, орадаги бир йиллик узилиш хизмат муддатига қўшилди.
ЯНА БИР ҲОЛАТ...
2003-2012 йилларда ички ишлар тизимида ишлаган сафдор Жамшид Муҳаммадиев туман ички ишлар бўлими ҳайдовчиси бўлган. Айтишича, 2012 йили бошлиғи тўй қилаётганда дўкондор дўсти қанчадир гуруч ва ёғ тўёна қилган. Бу тўёнани эса у дўкондан тўйхонага элтиб берган. Кейинчалик ўша тўёна ҳам пора деб топилиб, Жамшид Муҳаммадиев жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 2013 йил 2 мартдаги ҳукмига кўра, пора олиш-беришда воситачилик қилишда айбланиб, 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Камига ўрта маълумотли шу оддий сафдору ҳайдовчи 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.
Жамшид Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилди, оммавий қабулга келиб, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддиларига дардини айтди. Мурожаатларидан сўнг жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатининг 2020 йил 12 майдаги ажримига кўра у оқланди. Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди 2020 йил 18 ноябрда уни ишга тиклаш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилди. Мана бугунги оммавий қабулда сафдор Жамшид Муҳаммадиев Навоий шаҳридаги 4-сонли ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига ҳайдовчи сифатида ишга қабул қилинди. Орадаги 8 йиллик узилиш унинг ҳам хизмат муддатига қўшилди.
"ИШБИЛАРМОНЛАР"
32 ёшли Элдор Розиқов 2020 йил кузида конимехлик 30 ёшли Рустам Киркбанов билан Қозоғистондан қўй олиб келмоқчи бўлади. «Ишбилармон»лар божхона, транспорт ва бошқа харажатлардан қочиб, ноқонуний йўлни танлашади. Шу сабаб Рустам Киркбанов Конимехнинг «Боймурод» овулига яқин жойдаги чегара чизиғи саналган симларнинг остидан қўшни давлатга ўтиб, 143 бош қўйни сотиб олиб, уларни ўша ёқдаги ҳамкорлари кўмагида айланма йўллар билан яна Конимехга олиб ўтади.
«Холмурод» овулидаги отарга қўйлар ҳайдаб келинганида эса, табиийки, қўлга олинади. Қарийб 7 ой панжара ортида кечган тергов-суриштирув жараёнидан сўнг куни кеча Конимех туман судида уларнинг ишлари кўриб чиқилди.
Албатта, бу қилмиш оғир жиноят сирасига киради. Бироқ судда инсонпарварликлик ва одиллик принципларига амал қилиниб, кўп жиҳатлар инобатга олинди. Яъни уларнинг иккиси ҳам айбига тўла иқрору қилмишига минг пушаймон бўлди, жиноятни очишга фаол ёрдам беришди, қолаверса, оиласида ягона боқувчи, вояга етмаган фарзандлари бор, муқаддам жиноят содир қилмаган. Ёшлар иттифоқи Рустам Киркбановнинг келгусида жиноят содир қилмаслиги, жамиятга наф келтиришига кафил бўлди, Элдор Розиқовнинг маҳалладошлари ҳам унга енгиллик беришни илтимос қилиб чиқишди, уларнинг яқинлари оммавий қабулга келиб, суддан енгиллик сўради.
Конимех судида барча омиллар инобатга олиниб, уларга ҳаётини ўнглаб олиши учун жуда катта имконияту енгиллик берилди: Рустам Киркбановга қарийб 4 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш, Элдор Розиқовга эса энг кам иш ҳақининг 321 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, улар суд залидан озод қилинди.
Оммавий қабулдаги мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди 12 нафар, Қизилтепа туман суди эса 11 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазосини енгилроқ жазо турига алмаштирди. Жиноят ишлари бўйича Томди, Қизилтепа ва Кармана туман судлари томонидан 5 нафар шахсга оид жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди. Қабуллар доирасида 11 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод қилинди. Фуқаролик ишлари бўйича судлар эса мурожаатлар асосида 66 та алимент, 15 та иш ҳақи, 16 та моддий-маънавий зарар, қарз ва таъминот ундириш, 25 та юридик аҳамиятга эга фактларни белгилашга оид аризаларни қаноатлантирди.
Тарафлар ярашганлиги сабабли алимент ундириш ҳақидаги 10 та суд буйруғи бекор қилинди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган 29 та оила яраштирилиб, вояга етмаган 48 нафар фарзандлар ҳаётига дарз кетишининг олди олинди.
Оммавий қабулга аҳоли нафақат аризаю шикоят, балки ўтган галги мулоқотлар натижаларидан хурсанд бўлиб, раҳмат айтиш учун келишди. Дейлик, шу йил мартда Навоий вилоятида суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ташкил қилинган оммавий қабулда Судьялар олий кенгашига «Гидроген энержи» чет эл корхонаси вакиллари ўз мулкини – умумий қиймати 3 миллион евродан зиёд водород ишлаб чиқариш технологик мажмуасини ноқонуний эгаллашга уриниш бўлаётганидан шикоят қилган эди. Мурожаатдан сўнг Кармана туманлараро иқтисодий судида бу иш кўриб чиқилиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланди, суд қарори билан технологик мажмуа қонуний эгасига қайтарилди. Шу боис ҳам корхонаси вакиллари Судьялар олий кенгаши ва суд мутасаддиларига адолатни қарор топтиргани учун миннатдорлик билдирди.
Бош прокуратура масъулларитергов-суриштирув, суд қарорлари ижроси, тадбиркорлик, кредит ажратиш, доимий иш билан таъминлаш каби масалалардаги186 та мурожаатнинг 67 тасига жойида ечим топди.
Уч кунлик қабулларда Олий суд масъуллари вилоят, туман-шаҳарлар судлари билан бирга 251 та масалани кўриб чиқди. Мурожаатларнинг қарийб 100 тасига жойида ечим топилди. Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Зарафшон ва Навоий шаҳарлари, Учқудуқ, Томди, Хатирчи, Навбаҳор, Қизилтепа, Конимех ва Кармана туман судлари ташкил қилган сайёр суд мажлисларида 65 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли, Нурота, Хатирчи, Қизилтепа, Конимех ва Кармана туман судларида эса 6 нафар шахс суд залидан озод қилинди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |