Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Бу тадбирга узоқ тайёргарлик кўрилиб, ҳам шифокорлар, ҳам беморларнинг фикрлари сўралган эди. Жами 25 мингдан зиёд мурожаатлар қабул қилинди. Уларнинг 8 мингдан кўпи шахсий бўлиб, жойида ҳал этилмоқда. 17 мингтаси эса тизимга оид масалалардир.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида уларни умумлаштириб, 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб ўтди. Биринчи йўналиш – бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, иккинчиси – тез тиббий ёрдамни ривожлантириш, учинчиси – тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш, тўртинчиси – соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш, бешинчиси – шифохоналарни малакали кадрлар билан таъминлаш, олтинчиси – жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш, еттинчиси – касалликларнинг олдини олишга қаратилган.
Президент бу йўналишларнинг ҳар бирига атрофлича тўхталиб, янги ташаббусларни илгари сурди.
Масалан, мурожаатларнинг 55 фоизи бирламчи тиббиёт муассасалари ҳақида бўлган. Шу боис, жойларда поликлиникалар тармоғи янада кенгайтирилиши таъкидланди.
Хусусан, 2 мингдан зиёд олис маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилади. “Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилиб, чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланади, уй-жой сотиб олишига кўмаклашилади. Бундай жойларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинади. Нафақага чиққан тажрибали шифокорларга ўз уйида ёки ижара бинода даволашига рухсат берилади.
Иккинчи йўналишга асосан, тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уларни аҳолига янада яқинлаштириш учун алоҳида дастур қабул қилинади. Энг аввало, “103” тез тиббий ёрдам хизмати республика, вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади. Тез ёрдам туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, балки беморгача масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатади. 2022-2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади.
Сўнгги беш йилда 2 мингга яқин тиббиёт муассасаси қурилиб, таъмирланди. Бу ишлар давом эттирилиб, 1 минг 100 та шифо масканидаги шароитлар яхшиланади. Бирламчи бўғиндан бошлаб, тиббиётнинг барча соҳаларини рақамлаштириш бўйича дастур қабул қилинади. Икки йил ичида барча тиббиёт муассасалари янги компьютерлар билан жиҳозланади. Қоғозбозлик қисқартирилиб, замонавий услуб ва ускуналарда ишлашга ўтилади.
Тўртинчи йўналишда тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Жорий йил 1 июндан тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб 15 фоизгача оширилади. Юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади. Барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий тиббий кўрик бепул ўтказилади.
Соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ҳам долзарб масалалардан. Тизимдаги шифокорларнинг 45 фоизи, ҳамшираларнинг эса 40 фоизи малака тоифасига эга эмас. Кўп муассасаларда мутахассис етишмайди.
Шу боис 2022-2023 ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳларига давлат грантлари асосида қабул квоталари ҳудудларда шифокорларга бўлган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб, мақсадли ошириб борилади. Тиббиёт олийгоҳларида олти ойлик ихтисослашган курслар ташкил этилиб, оилавий шифокорларни ҳудудларда зарур мутахассислик бўйича мақсадли ўқитиш йўлга қўйилади. Барча тиббиёт коллежлари ва техникумлари олий таълим муассасаларига бириктирилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон саломатлиги 19 фоиз ташқи муҳитга, 20 фоиз генетик омилларга, 9 фоиз соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва 52 фоиз турмуш тарзига боғлиқ. Шу боис олтинчи йўналиш жамиятда соғлом турмуш маданиятини оширишга қаратилган.
Жорий йилдан бошлаб, тиббий бригада, оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар иш самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий қилиниши айтилди. Ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари мукофотланади. “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилади.
Еттинчи йўналишда касалликларнинг олдини олиш вазифалари кўрсатиб ўтилди. Шу мақсадда тиббиёт тизими “маблағни бевосита беморга сарфлаш” тамойили асосида молиялаштирилиши белгиланди. Тиббий суғурта тизими йил якунига қадар Сирдарё вилоятида, келгуси йилларда барча ҳудудларда йўлга қўйилади. Тиббиёт соҳасида ягона тиббий маълумотлар базаси яратилиб, тиббий-иқтисодий, статистик ва аналитик таҳлилларни ўтказиш имконини берадиган миллий тизим жорий этилади.
Президентимиз маърузасида айтилган ҳар бир вазифа бўйича аниқ молиявий манбалар, техник ечимлар ва амалий механизмлар белгиланди.
– Биз халқимиз саломатлиги учун ҳар қанча маблағ ва куч-имконият сарфлашга тайёрмиз. Шахсан мен учун халқимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун ва қадрли. Лекин соҳага ажратилаётган маблағлардан тўғри фойдаланиляптими? Мени шу савол кўп ўйлантиради. Соҳа раҳбарлари ҳар бир сўмнинг қадрига етиши, уларнинг самарасини одамларимиз ўз ҳаётида ҳис этиши лозим, – деди Президент.
Тизимда коррупцияга бутунлай чек қўйиш зарурлиги таъкидланди.
– Шифокорнинг нафақат устидаги халати, энг аввало, кўнгли ҳам, қўли ҳам пок бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Очиқ мулоқотда шифокорлар сўзга чиқиб, фаолиятида дуч келаётган муаммолар, таклиф ва мулоҳазаларини айтди. Президентимиз уларни мутахассислар иштирокида муҳокама қилиб, мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |