Бухорода “Фахрийлар ва нуронийлар эъзозимизда” мавзусида маърифий тадбир ташкил этилди.
Президентимизнинг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда узоқ йиллар жамиятимиз ва давлатимиз ривожи йўлида астойдил меҳнат қилган замондошларимиз, уларнинг оила аъзолари, миллий маданий марказлар вакиллари, хорижлик меҳмонлар, ёшлар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Кексаларни ҳурмат қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш жамиятимизнинг ўзига хос юксак маънавий, маданий белгисига айлангани алоҳида эътироф этилди. Таъкидланганидек, халқчил ислоҳотлар натижасида вилоятимиздаги барча 202 минг нафарга яқин кекса авлод вакиллари, жумладан, 20 минг нафардан ортиқ ногиронлиги мавжуд кексалар, 15 нафар Иккинчи Жаҳон уруши фахрийлари, 419 нафар меҳнат фронти фахрийлари, 24 нафар юз ёшдан ошганлар бугун давлатимизнинг кафолатли ижтимоий ҳимояси остида умргузаронлик қилмоқда.
Жорий йилда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими маблағи ҳисобидан 81 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар санаторийларга соғломлаштиришга юборилди. 27 нафар ногиронлиги бўлган кексалар ногиронлик аравачалари, 35 нафари эшитиш мосламалари, 83 нафари қўлтиқтаёқ ва 103 нафари ҳасса билан таъминланди. 15 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан 15 миллион сўмдан Президент мукофоти, 3 миллион сўмдан вилоят ҳокими пул мукофоти ва 1 миллион сўмдан “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими мукофотлари тақдим этилди.
Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда нуронийларни юртимизнинг сўлим гўшалари ва зиёратгоҳларига саёҳатларини ташкил этиш, театр ҳамда бошқа маданий тадбирларга жалб этиш, улар орасида спорт мусобақалари ташкил этиш тадбирлари ҳам узвий давом эттирилмоқда. Тадбирда кўп йиллар давомида вилоят ижтимоий иқтисодий ҳаётидаги самарали меҳнати билан давлатимиз эътирофига эришган, вилоят фахри бўлган Ўзбекистон Қаҳрамонлари – Муяссар Темирова, Мартия Раҳматова, Азим Латипов, Тўра Нарзиев, Муҳаммад Аҳмедов, шунингдек, Меҳнат Қаҳрамони Истат Ҳасанова, шу билан бирга, бугун орамизда йўқ фидойи инсонлар – Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳазрат Облоқулов, меҳнат Қаҳрамонлари Шариф Эргашев, Муяссар Барноева, Иззат Элиев, турли йилларда вилоят ҳокими бўлиб ишлаган Ўктам Барноев, Карим Камолов, маданият ва санъат намояндалари Самандар Воҳидов, Муҳаммад Рафиқов каби ўнлаб фидойи инсонларнинг номлари чуқур ҳурмат билан тилга олиниб, уларнинг яқинларига ҳам эҳтиром кўрсатилди.
Тадбир давомида номлари алоҳида тилга олинган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи лавҳалар намойиш этилди.
– Халқимизнинг бугунги бахтиёр, фаровон ҳаёти мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик туфайли, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов.– Кўп қийин кунларни бошимиздан ўтказдик. Ҳозир мустақиллигимиз туфайли хонадонимиз тинч, дастурхонимиз тўкин, ҳаётимиз фаровон. Бунинг қадрига етиш, асраб-авайлаш ёшу кекса – барчанинг бурчи. Биз, фахрийларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, фарзандларимиз келажаги йўлида қилинаётган олижаноб ишлар учун Юртбошимиздан миннатдормиз.
Тадбир вилоят санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди. Учрашув том маънода Ватан олдида қилинган хизматлар ҳеч қачон унутилмаслиги, фидокорона ва ҳалол меҳнат ҳамиша эътиборда бўлишини жонли тимсолларда исботлаб, ўсиб келаётган йигит-қизларимизни ўз бобо-бувилари билан фахрланиш туйғуларини янада оширишга хизмат қилганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |