Президентимизнинг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг 6 ойи давомида 10 минг 61 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларда 11 мингга яқин масалалар кўтарилган. Бу мурожаатларнинг 6 минг 640 таси ижобий ҳал қилиниб, 1 минг 910 та масалага тушунтиришлар берилган бўлса, қолганлари кўриб чиқиш жараёнида.
Аниқ мисолларга ўтсак. Каттақўрғон туманидаги 50-умумтаълим мактаби 420 ўринли бўлсада, ўқувчилар сони 780 нафардан ошиб кетган. Синфхоналар етишмаслиги, табиийки, ўқитувчилар учун ҳам, ўқувчилар учун ҳам ўзига хос муаммоларни келтириб чиқариб, таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётган эди. Ҳудуд аҳолиси мурожаатларидан сўнг, бу масала сектор раҳбарлари билан бирга ўрганилди, кенгашилди. Натижада бу масала таклифга айланиб, тегишли дастурларга киритилди, унинг молиявий асоси пайдо бўлди.
Айни пайтда бу ерда дастур асосида қиймати 980 миллион сўмлик 120 ўринли қўшимча бино қурилиши бошланди. Қўшимча бино 8 та янги синфхона, фаоллар залини ўз ичига олади, бу билан ўқувчи сиғими билан боғлиқ масала ҳал қилинади.
Пастдарғом тумани марказидан 25 километр олисда, Нуробод тумани билан чегарадош ҳудудда жойлашган Элбек, Сарикўл, Каналёқа ва Умакай маҳаллалари аҳолисини ҳам шунга ўхшаш масала ўйлатиб келарди. Сабаби тўрт маҳалладаги 475 нафар ўқувчи 10-сонли умумтаълим мактабга қатнашар, мактабдаги шароитсизлик эса замонавий таълим беришга халал қилаётган эди. Аҳоли мурожаатидан бу ерда ҳам тегишли дастурлар асосида 1968 йилда дала шийпони ўрнида ташкил қилинган мактаб биносини таъмирлаш, ўқувчилар учун муносиб шароитлар яратишга киришилди. Бунинг учун дастур асосида 2 млрд 850 миллион сўм маблағ ажратилди ва уч қаватдан иборат 360 ўринли замонавий мактаб биноси қуриб берилди.
Айни кунларда Оқдарё тумани «Пичоқчи» маҳалласидаги 30-умумтаълим мактаби педагогик жамоасининг таълим муассасаси биносини капитал таъмирлаш бўйича мурожаати ҳам ҳал этилиб, мактаб бош-оёқ реконструкция қилинмоқда.
Ҳудуд аҳолисининг маҳалла маркази биносини таъмирлаш масаласидаги мурожаати ҳам Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олиниб, тегишли дастурларга киритилди. Мазкур дастур асосида маҳалла маркази учун барча қулайликларга эга бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Самарқанд тумани Қўштамғали маҳалласи аҳолиси эса ичимлик суви таъминотидаги масалаларга ечим сўраб мурожаат қилишганди. Бу масала ҳам масъуллар билан бирга жойига чиқиб ўрганилди. Шундан сўнг маҳаллий дастур асосида таъмирлаш ишлари бажарилиб, хонадонларга оби-ҳаёт кириб келди.
Паяриқ тумани Бирлашув маҳалласида яшовчи Дилором Ашурова ҳам тоза ичимлик суви муаммосига ечим сўраганди. Ўрганишлар ҳудуддаги Қийра, Қоракамар, Тўрткўл ва Бирлашув қишлоқларидаги 787 та хонадоннинг етмиш фоиздан ортиғи ичимлик суви тармоғига уланмаганини кўрсатди. Мурожаат таклифга, таклиф лойиҳага, лойиҳа эса дастурга айланди. Айни пайтда Дилором Ашурова мурожаатидан сўнг маҳаллада иккита сув иншооти қурилиши ва 21 км сув тармоғини тортиш ишлари бошлаб юборилди. Мутахассисларнинг айтишича, лойиҳа қиймати –қарийб 7 млрд сўм бўлиб, бу 540 та хонадонга ободлик кириб келади.
Мурожаатлар асосида тадбиркорлик, меҳнат ва бандлик, маҳалла, оила, хотин-қизлар йўналишига оид масалаларни ҳал қилишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Айтайлик, Қўшработнинг «Янгиқишлоқ» маҳалласида «Аёллар дафтари»га киритилган Юлдуз Исроиловага, мурожаатидан сўнг ўз томорқасида иссиқхона қуриш учун кредит ажратилди. Ёхуд Иштихоннинг «Катта қанғли» маҳалласида яшовчи Гўзал Алиқулова, «Хонақа» маҳалласида истиқомат қилувчи Илҳом Жозиловнинг ҳам кам фоизлик имтиёзли кредит олиш учун билан боғлиқ масалалари ҳал қилиб берилди.
Қўшработ тумани Соҳибкор маҳалласида яшовчи Наргиза Очилованинг мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди. 5 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказаётган бу аёлнинг турмуш ўртоғи бош мия операциясини бошдан ўтказгандан сўнг меҳнатга лаёқатини йўқотади. Икки нафар фарзанди талаба бўлгач рўзғор харажатлари кўпайиб, турмуш ўртоғини даволатишга маблағ топа олмаган Наргиза Очилова айни масалада ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мутасаддилар бу масалани жойига чиқиб ўргангач, беморга амалий ёрдам кўрсатилиб, соғлиғини тиклаб олишига кўмаклашилди.
Туманнинг «Майинтепа» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Камаровул» қишлоғида истиқомат қилаётган Райҳона Шукурова 2022 йилнинг 1 мартида Тошкентда академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказди. Туғма юрак нуқсони билан болалигидан курашиб келаётган бу қизнинг дарддан фориғ бўлиб, соғайиб кетишида Халқ қабулхонаси амалий ёрдам кўрсатди.
Оқдарё тумани «Наврўз» маҳалласида яшовчи Матлуба Умированинг уч фарзанди бор. «Аёллар дафтари»да рўйхатда турувчи бу аёлнинг мурожаатидан сўнг унинг уйи таъмирлаб берилди.
Иштихонлик Нодира Ҳамроеванинг боқувчисини йўқотгани, 5 фарзандини ёлғиз ўзи улғайтираётгани, кўп йиллардан буён ижарада яшаб келаётгани инобатга олиниб, ёлғиз аёл ижтимоий уйга жойлаштирилди.
Мухтасар айтганда, Самарқанд вилоятида ҳам ҳар бир мурожаат синчиклаб ўрганилиши кўплаб муаммоларнинг ҳал бўлишига замин яратмоқда. Масъулларнинг жойларга чиқиб аҳоли билан бевосита мулоқот қилиши халқнинг ҳаётий муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш имконини бермоқда, бу эса пировардида одамларнинг давлатга, адолат ва қонун устуворлигига, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |