Президент Халқ қабулхоналарининг Тошкент вилоятидаги бу галги қабулларида Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Халқ таълими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, турли соҳаларга оид йигирмага яқин республика идоралари ва ташкилотлари, вилоят секторлари раҳбарлари ҳар бир мурожаатни синчиклаб ўрганмоқда.
Масалан, Чиноз тумани Олмазор қўрғонида фаолият юритаётган “Pronto Textile Group” тўқимачилик корхонасида ҳар йили ўртача 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Аммо буюртмачи ташкилотлардан бири шартномага кўра 15 фоиз тўловни олдиндан амалга ошириб, маҳсулотни тўлиқ олса-да, 600 млн. сўмни бермай юрган экан. Корхона директори ўринбосари Рустам Раҳматов қабулда Бош прокуратура масъулларидан айни шу масалани ҳал қилишда амалий ёрдам сўрагач, мулоқот асносида бу муаммога ҳам ечим топилди.
Чинозлик Озода Раҳимова хонадонида сартарошхона очишни ният қилгану, сармояси йўқлигидан қийин вазиятга тушиб қолган экан. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъуллари билан мулоқотлардан сўнг истак ва имкониятлар бир нуқтада бирлашди. Аёлга бизнес режасини амалга ошириши учун субсидия ажратиладиган бўлди.
Чиноз тумани ҳокимининг «Гулзоробод» маҳалласидаги ёрдамчиси Ўктам Зоҳидов эса ўз фаолиятида дуч келаётган айрим масалалар ечими бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъулларидан ҳуқуқий маслаҳат сўради.
Мулоқотлар майдонида ўтган галги оммавий қабулларда масалалари ҳал қилингани учун миннатдорлик билдириш учун келган кўплаб фуқароларни ҳам учратдик. Сирдарёлик Шаҳодат Сарибоева ўтган йили қўни-қўшнилари билан Чиноз туманидаги кластерларидан бирида ғўза чопиқ қилиб, иш ҳақини ололмагач, худди шундай қабулда шикоят билан келган эди. Мурожаатдан сўнг прокуратура органлари уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, жами 24 кишига иш ҳақлари ундириб берилди.
Янгийўллик Миролим Фозилов Ички ишлар вазирлиги масъулларига мурожаати асосида адолат қарор топганини айтди. Гап шундаки, у бир танишидан мулк сотиб олмоқчи бўлиб, анчагина пул берган, сўнг келишув барбод бўлиб, ҳам мулксиз, ҳам пулсиз қолган. Фирибгарга алданганини билгач, Ички ишлар вазирлиги масъулларига мурожаат қилгач, Миролимга маблағи тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Чинозлик Феруза Йўлчиева турмуш ўртоғи ва қайнотаси вафот этгач, ёшгина боласи билан ёлғиз қолган. Таъмирга муҳтож уй-жойи эпини қилолмаган аёл шундай қабулларда амалий ёрдам сўрагач, 2-сектор кўмагида ички имкониятлар ҳисобидан унинг уй-жойи таъмирлаб берилибди.
ИҚТИСОДИЙ МАСАЛАЛАР...
Қабуллар давомида кўплаб иқтисодий-ижтимоий масалаларга ҳам ечим топилди. Дейлик, Чиноз тумани «Йўлтушган» маҳалласида яшовчи Бахтиёр Аҳмедов маҳалладаги 362 та хонадонни ичимлик суви билан таъминлашда амалий ёрдам сўради. Ўрганишлар бу борада дастур асосида лойиҳа тайёрланганини, фақат молиялаш масаласи ҳал қилинмаганини кўрсатди. Вилоят ҳокимлиги тез орада мазкур лойиҳани молиялаштирадиган, пировардида 362 та хонадон оби-ҳаёт билан таъминланадиган бўлди.
Чиноз тумани Олмазор қўрғонида яшовчи Матлуба Ғаффорова мурожаатидан сўнг Автомобиль йўллари қўмитаси вилоят бошқармаси мазкур ҳудуддаги ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлаги қуриш масалаларини ҳал қилиб берадиган бўлди.
Чинозлик опа-сингил Рухшона ва Гуласал Ҳамидуллаевалар яқинда Италия давлатида таэквондо бўйича ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига йўлланма олишган, бироқ халқаро мусобақага боришга моддий имкон топа олмаётган экан. Мурожаатдан сўнг вилоят ҳокимлиги опа-сингилларнинг бу борадаги сафар харажатлари учун маблағ ажратадиган бўлди.
Ўртачирчиқлик Дилноза Худойберганова тумандаги «Шодлик» мактабгача таълим ташкилотига тарбиячи бўлиб ишга қабул қилинган бўлса, оғир ижтимоий аҳволдаги талаба Дурдона Ғуломовага янги ўқув йили учун контракт пуллари тўлаб бериладиган бўлди.
Худди шундай мулоқотлар асносида бир неча йилдан буён тос суяги емирилишидан азият чекиб келаётган чинозлик Абдурасул Эшмуродовга вилоят ҳокимлиги бепул жарроҳлик амалиёти ўтказиши ва соғайиши учун амалий ёрдам кўрсатадиган бўлди.
Чинозлик оғир ижтимоий аҳволдаги Фотима Искараеванинг мурожаатидан сўнг Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси унинг туғма юрак нуқсони билан туғилган икки яшар қизи Шукронани даволатишни ўз зиммасига олди. Шу ерда уч томонлама шартнома тузилиб, Шукронанинг юрак жарроҳлик амалиёти учун зарур бўлган 33 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг алоҳида топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Чиноз ва Ўртачирчиқ туманларидаги оммавий қабулларида 406 та масала кўриб чиқилди, уларнинг 81 таси жойида ҳал қилинган бўлса, 85 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 240 та мурожаат бўйича эса аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.
Бу каби мулоқотлар Оҳангарон шаҳрида ҳам ташкил қилинди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |