Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқи
Ҳурматли тадбиркорлар, очиқ мулоқот иштирокчилари!
Бугун Тадбиркорлар куни муносабати билан мамлакатимиз бизнес ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлган сиздек азиз инсонлар билан кўришиб турганимдан ғоят мамнунман.
Бугунги мулоқотимиз энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида ўтаётгани, ҳеч шубҳасиз, унга алоҳида мазмун ва руҳ бағишламоқда, десам, тўғри бўлади.
Бундан бир йил олдин сизлар билан мана шундай эзгу анъанани йўлга қўйганимиз жуда тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи исботламоқда.
Ўтган йилги учрашув арафасида ва тадбир давомида сизлардан келиб тушган минглаб мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш ва таклифларни амалга оширишга қаратилган катта дастур, 70 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилдик. Бизнесни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун 130 триллион сўм кредитлар, 3,5 триллион сўмлик субсидия ва компенсациялар ажратдик.
Ўтган йилги учрашувимиз арафасида хорижий валютада кредит олган ва валюта курсининг мунтазам ўсиши сабабли қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларимиздан мурожаатлар келиб тушган эди. Шундай муаммога дуч келган тадбиркорларнинг мушкулини осон қилиш мақсадида уларнинг 123 миллион долларга тенг кредитларини миллий валютага ўтказиб бердик. Ушбу амалиётни давом эттирамиз.
Қурилиш саноатида цемент, чарм-саноатда бўёқлар ва кимёвий моддалар, мебель саноатида МДФ, фурнитура ва аксессуарлар каби жами 82 турдаги хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар импорт божидан озод қилинди, натижада маҳсулотларнинг таннархини камайтириш учун шароит яратилди.
Умуман, ижобий мисол сифатида кўрсатадиган натижаларимиз кўп. Мен улар ҳақида кўп тўхталмасдан, айнан бизнес муҳитнинг яхшиланганини кўрсатувчи мисолларни келтириб ўтмоқчиман.
Эътибор беринг, ўтган бир йил давомида тадбиркорлар томонидан 55 мингдан ортиқ бизнес учун бинолар барпо этилди. Яъни, тадбиркорлар келажакка ишониб, кўчмас мулкка инвестицияларни кўпайтирмоқда. Шунингдек, тушумлари 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлик субъектлари сони 5 мингтага ошиб, 26 мингтага етди. Яна 1 минг нафари товар айланмасини 1 миллиондан 10 миллион долларгача етказди. Тадбиркорларимиздан 220 нафарининг тушумлари эса 100 миллион долларга етди.
Мамлакатимизда экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етди, умумий экспорт ҳажми 30 фоиз кўпайди.
Албатта, бундай ютуқларга эришиш осон бўлмаяпти. Мен буни яхши тушунаман. Ушбу ютуқлар негизида сизларнинг тинимсиз ва машаққатли меҳнатингиз турганини аниқ биламан ва қадрлайман.
Бугун ушбу минбардан туриб бир гапни баралла айтмоқчиман: мен сизларни фаровон ҳаётимиз бунёдкорлари, деб биламан ва бу йўлда сизлар билан доим биргаман.
Ҳозиргина 29 нафар бизнес вакилларимизга уларнинг фидокорона меҳнатини эътироф этиб, давлатимизнинг юксак орден ва медалларини топширдим. Шунингдек, куни кеча 100 нафар ишбилармонларимиз “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига сазовор бўлди.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу тадбиркорларимизни яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Дунёдаги ҳозирги вазиятни кўриб турибсиз, унинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири ортиб бормоқда.
Иқтисодий фаолликнинг пасайиши, ташқи савдо, логистика, озиқ-овқат ва хомашё нархлари, энергия билан барқарор таъминлашдаги муаммолар тадбиркорларни албатта хавотирга солмоқда.
Шу боис ушбу хавф-хатарларнинг иқтисодиётимизга таъсирини камайтириш ва барқарор ривожланиш учун барча имкониятларни ишга солмоқдамиз. Бу жараёнда тадбиркорларимиз билан доимий мулоқот қилиб, келгусидаги барча саъй-ҳаракатларимизни бамаслаҳат давом эттирамиз.
Ҳурматли бизнес вакиллари!
Бугунги мулоқотимиз арафасида тадбиркорларимиздан 12 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатлардаги саволлар, билдирилган таклиф ва ташаббусларнинг мазмуни билан батафсил танишиб чиқдим. Шунингдек, вазирлар ва ҳокимлар бизнес вакиллари билан алоҳида мавзулар бўйича учрашди. Ана шу учрашувларда сизлар кўтарган муаммолар, берган таклиф ва ташаббуслардан ҳам хабардорман.
Чиндан ҳам, бугунги кунда бизнес вакилларида ечимини кутаётган кўплаб масалалар йиғилиб қолган.
Биринчи – янги лойиҳаларни бошлаш, бизнесни кенгайтириш ва айланма маблағларни кўпайтириш учун тадбиркорларда 6 миллиард доллар қўшимча кредитларга эҳтиёж мавжуд. Бу ҳақда 3 мингга яқин мурожаат келиб тушган.
Иккинчи – 1,5 минг тадбиркор солиқ маъмурчилигининг мураккаблиги ва текширувлар бўйича ўз эътирозларини билдирган.
Учинчи – тадбиркорлик учун шароитлар барча туман ва шаҳарларда ҳам бир хил эмас. Буни яқинда жорий этилган ҳудудларнинг инвестициявий рейтинги яққол кўрсатиб берди.
Барча туман ва шаҳарларда тадбиркорликни тенг ривожлантириш бўйича ҳар бир ҳудуд учун алоҳида ёндашувлар зарур.
Тўртинчи – инфратузилмага уланиш, ер ва жой ажратиш масалалари бўйича бизнес вакилларининг кўплаб муаммолари ҳал этилмасдан турибди. Бу борада ҳам 2 мингдан ортиқ мурожаатлар бор.
Бешинчи – мулк дахлсизлиги, тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ҳам бизнес вакилларини жиддий ташвишга солаётгани сир эмас.
Олтинчи – бизда кичик ва ўрта бизнес тушунчалари, уларнинг ўсишига туртки берадиган алоҳида қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланмаган.
Сизлар кўтарган ана шундай масалалар ўринли.
Бир нарсани очиқ айтмоқчиман – ҳамма муаммоларни бирданига ҳал қилиш мумкин эмас. Лекин, бугун кўплаб масалаларга ечим топишга ҳаракат қиламиз, қолганлари бўйича бизнес вакиллари ва экспертлар билан ҳамкорликда ишлаймиз.
Ҳозир мен 5 та йўналишдаги ташаббусларни айтиб ўтсам-да, кейин сизларнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни кўриб чиқсак.
Ҳурматли очиқ мулоқот иштирокчилари!
Айтиб ўтганимдек, биринчи йўналишда – корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувни белгилаб олишимиз зарур. Бунда корхоналарни уларнинг йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратамиз. Уларнинг 1 миллиард сўмгача бўлгани – микро бизнес, 10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес, 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради.
Шундан келиб чиқиб, биринчидан, 2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади. Бунда олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади. Ёки улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.
Бундан ташқари, айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди. Ушбу имкониятлар 370 минг тадбиркорга енгилликлар яратади ва уларга жуда катта стимул беради.
Айни пайтда айланмаси 10 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорларга хабардор қилиш орқали солиқ тўловларини олти ойгача фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади (амалда 15 фоизлик ставка қўлланади), агар тадбиркор хоҳласа, унинг солиқ ҳисоботларини солиқ идоралари кўмакчи бўлиб юритиб беради.
Иккинчидан, тез ўсиб бораётган салоҳияти юқори бўлган ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказишимиз зарур. Бунинг учун 2023 йил 1 январдан бошлаб кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди. Шунингдек, мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари, соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади.
Давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида мазкур тоифадаги корхоналарга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз).
Учинчидан, ўрта корхоналарнинг ривожланиши ва рақобатдош бўлишида халқаро стандарт ва сертификатлаш тизимини жорий этиш ўта муҳим аҳамиятга эга. Улар ишлаб чиқаришга қанчалик тез жорий этилса, ички бозорда сифатли маҳсулотларимиз ҳам кўпаяди. Афсуски, буни ўз кучи билан амалга ошириш учун тадбиркорда маблағ ҳам, тажриба ҳам етарли эмас.
Шу боис Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаев, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (Д.Саттаров) бир ой муддатда ҳар бир ҳудуд ва тармоқ кесимида бажариладиган аниқ тадбирлардан иборат қарор лойиҳасини киритсин.
Тўртинчидан, кичик ва ўрта бизнес учун энг муаммоли масалалардан бири – бу қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва қайтариш билан боғлиқ.
Эсингизда бўлса, бундан 3 йил олдин қўшилган қиймат солиғи фақат экспортчи корхоналарга қайтарилар эди. 2020 йил 1 июлдан бошлаб эса, ушбу солиқни барча корхоналарга қайтариб беришни бошладик. Бунинг ҳисобидан бундай солиқ тўловчилар сони 25 баробар ошиб, 160 мингтага етди.
Бизнес учун солиқ юкини тушириш сиёсатини давом эттириб, олдинги очиқ мулоқотда қўшилган қиймат солиғи ставкасини янада туширишни келишиб олган эдик.
Очиқ айтишим керак, “Иқтисодиёт пандемия туфайли ҳали тўлиқ тикланмади, жаҳон иқтисодиётидаги вазият яхши эмас, шу сабабли буни кейинга қолдирайлик”, – деб таклиф берганлар ҳам бўлди. Лекин, сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз.
Шу билан бирга, тадбиркорларимизда ушбу солиқ бўйича кўплаб саволлар, тушунмовчиликлар бор.
Бир фикрни таъкидлаб айтмоқчиман, қўшилган қиймат солиғи иқтисодиётимиздаги “касалликлар”ни, хуфиёна жараёнларни, ҳисоб-китоблардаги “заиф жойлар”ни кўрсатиб бермоқда.
Мени энг ташвишга солаётган жиҳат шуки, “зачётга олиш”даги нотўғри ишлар туфайли ҳалол тадбиркорларимиз, жумладан, экспортёрларимиз ҳам азият чекмоқда.
Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров ва Ж.Ходжаев, Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Қудбиев), Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов) бизнес вакиллари ва экспертлар билан бирга, икки ой муддатда қўшилган қиймат солиғи бўйича келиб чиқаётган муаммоларни очиқ муҳокама қилиб, аниқ ечимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқсин. Лекин буни кутмасдан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоб-китоби тўлиқ йўлга қўйилган корхоналарга маблағларни 7 кун ичида қайтариш тизими жорий этилади.
Ҳукумат комиссияси (Ж.Ходжаев) бундай тоифага тушадиган тадбиркорлар рўйхатини шакллантириб, амалий ишларни ташкил этсин.
Бешинчидан, жорий йил 1 июлдан бошлаб бўш бино, фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилинди. Лекин аввал ошириб ҳисобланган солиқлар нима бўлади, деган савол 19 минг тадбиркорни безовта қилмоқда ва бу бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган.
Шуларни инобатга олиб, тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечсак, нима дейсизлар?
Иккинчи йўналиш – тадбиркорларимиз ўз фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини ташкил этишни сўрамоқда.
Биринчидан, кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилади. Жумладан, келгуси бир йил учун Молия вазирлиги микро ва кичик бизнес лойиҳалари бўйича Микрокредитбанк, Агробанк ва Халқ банкига 500 миллион доллар ресурс ажратади.
Ушбу маблағлар ўз фаолиятини энди бошлаган тадбиркорларнинг кичик лойиҳалари учун 300 миллион сўмгача, 5 йил муддатга, 2 йилгача имтиёзли давр билан берилади.
Бундан ташқари, халқаро молия институтлари билан тадбиркорларимиз учун 1 миллиард доллар узоқ муддатли кредит линияларини жалб қилиш бўйича аниқ келишувларга эришдик. Шундан 300 миллион доллари аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги лойиҳаларига ажратилади.
Бу ҳақда сўз юритганда, JICAдан – 400 миллион доллар, Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан – 150 миллион доллар, Жаҳон банкидан – 150 миллион доллар, Осиё тараққиёт банкидан – 120 миллион доллар, Ислом тараққиёт банки ва савдо-молия корпорациясидан – 180 миллион доллар жалб этиш бўйича келишувларга эришилганини қайд этиш лозим.
Бунга қўшимча равишда давлат банкларига соф фойдасидан 2 триллион сўмни ўзларида қолдириш ва кичик тадбиркорларнинг лойиҳалари учун йўналтириш имконияти яратилади.
Хабарингиз бор, апрель ойида микро молиялаш фаолиятига кучли туртки берадиган қонун қабул қилдик. Лекин, афсуски, тадбиркорликни ривожлантиришда ҳанузгача бу тизимнинг ўрни сезилмаяпти.
Марказий банк раиси М.Нурмуратов эски тизимдан воз кечиб, микромолиялаш ташкилотлари ривожланишига тўсиқларни олиб ташлаши керак. У Адлия вазири Р.Давлетов билан бирга ҳар уч ойда бизнес вакиллари билан учрашиб, янги қонуннинг амалда ишлашига масъул ва жавобгар бўлади.
Умуман, икки ой муддатда микромолиялаш ташкилотларига қўшимча маблағларни жалб қилиш, уларнинг кредитлаш имкониятларини кенгайтириш бўйича алоҳида чораларни белгилаб, йил якунига қадар кескин ўзгариш қилиш лозим.
Иккинчидан, тижорат банклари ўрта бизнес лойиҳалари учун халқаро молия бозорларидан давлат кафолатисиз 700 миллион доллар маблағ жалб қилади. Бунда 5 миллион долларгача кредитлар ўрта тадбиркорларга 7 йилдан кам бўлмаган муддатга 3 йилгача имтиёзли давр билан берилади.
Шунингдек, тижорат банклари давлат ресурс ажратишини кутиб ўтирмасдан, депозитлар ҳисобига 20 триллион сўмни жалб қилади ва қўшимча кредитларни беришга йўналтиради.
Учинчидан, ҳудудларда 109 нафар ўрта бизнес вакиллари қиймати 4,6 миллиард долларлик 111 та йирик лойиҳани амалга ошириш ташаббуси билан чиққан. Бу орқали 45 мингта иш ўрни яратилади.
Бугунги учрашувда ушбу ташаббусни илгари сурган бизнес вакилларининг кўпларини кўриб турибман. Улар ўз ҳисобидан 1,6 миллиард доллар ҳамда 1 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этишга тайёр. Қолган 2 миллиард доллари учун узоқ муддатли кредитлар зарур. Шу мақсадда Миллий банк, Саноат қурилиш банки ва Ипотекабанк ушбу маблағларни жалб қилиш бўйича манзилли ишлайди.
Ташаббус кўрсатиб, ҳам ўз фаолиятини кенгайтирган, ҳам бошқа корхоналарнинг ўсишига кўмак берадиган бундай тадбиркорларни давлат ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаев ва инвестиция ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитовга топшириқ: ушбу лойиҳаларнинг ҳар бирига вилоят ҳокимларининг инвестициялар бўйича ўринбосарлари, Ҳукумат ва вазирликлардан масъулларни бириктириб, муаммоларини ҳар 15 кунда шахсан муҳокама қилиб, ечимлар топиб борсин. Ҳар чоракда лойиҳаларнинг бориши бўйича Президент Администрациясига ахборот киритиб борсин.
Бундан ташқари, молия вазири Т.Ишметов четдан жалб қилиниб, банкларга жойлаштирилган ресурсларни тадбиркорларга ажратиш муддатларини 2 баробар узайтирсин. Яъни, кредитлар аввалги 7 йил ўрнига 14 йилгача ажратилади. Бунда Молия вазирлиги фоиз ставкасини 14 фоиздан, хорижий валютадаги кредитлар бўйича маржасини эса 0,25 фоиздан оширмайди (ҳозирги вақтда 1 фоизгача).
Тўртинчидан, кредитлашда асосий муаммолардан бири – гаров таъминотининг етишмаслиги ҳисобланади.
Таҳлилларга кўра, банкларга мурожаат қилган тадбиркорларнинг 16 фоизида гаров етишмаслиги сабабли уларга кредит бериш рад этилган.
Шу боис Тадбиркорлик жамғармаси томонидан кафиллик бериш имкониятлари қўшимча 2 баробар оширилади (ҳозирги кунда 10 триллион сўм).
Натижада камида 15 минг нафар тадбиркорнинг бизнес лойиҳалари учун кредит олишдаги гаров масаласи ҳал бўлади. Тадбиркорларимиз бундан анча чарчаган.
Кредит беришда айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, очилган аккредитивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш вақти келди.
Марказий банк (М.Нурмуратов) 1 октябрдан ушбу тизимни барча банкларда жорий этишни таъминласин ва барча тижорат банклари раҳбарлари билан бирга ушбу механизмлар тўлиқ ишлаб кетишига масъул бўлади.
Учинчи йўналиш. Кредит бериш, бу – масаланинг бир томони. Бизнес юриб кетиши учун етарли шарт-шароит, инфратузилма ва кафолатли бозор керак.
Шу сабабли, биринчидан, туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб, бизнес учун алоҳида ёндашувларни жорий этамиз. Масалан, Тошкент вилоятидаги Қибрай тумани билан Оққўрғон тумани, Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани билан Олот туманида бизнесни бошлаш ва юритиш учун шароитлар мутлақо ҳар хил бўлса-да, ҳамма талаб ва ёндашувларимиз бир хил бўлиб қолмоқда.
Шунинг учун келгуси йилдан шарт-шароити бўйича барча туман ва шаҳарлар 5 та тоифага ажратилади. Уларда солиқ, субсидия, кредит фоизлари учун компенсация ва кафиллик бериш, инфратузилмага улаш бўйича алоҳида тартиблар белгиланади.
Иккинчидан, бизнес учун барча шароит ва инфратузилмага эга бўлган замонавий саноат зоналарини кўпайтирамиз.
Оддий мисол, бундан 3 йил олдин Тошкент шаҳрида ташкил этилган Технопарк йилига 300 миллион доллар маҳсулот ишлаб чиқариб, 120 миллион доллар экспорт қилмоқда. Бундай технопарклар барча ҳудудларда бўлиши керак. Шу боис ҳар бир вилоятда 100 тадан корхона учун йирик саноат зоналари ташкил этилади. Уларга инфратузилма тармоғи давлат томонидан олиб келинади, бизнес учун ишлаб чиқариш бинолари тайёр ҳолда таклиф этилади, уларни бошқариш учун бу соҳада малакали хорижий компаниялар жалб қилинади, Инновациялар ва инжиниринг маркази ҳамда замонавий лабораториялар ташкил этилади.
Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров ва Ж.Ходжаев вилоят ҳокимлари билан бирга шу масалалар юзасидан икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида дастурларни тасдиқлаб, амалий ишларни бошласин.
Учинчидан, ўтган йили қиймати 200 миллиард сўмдан юқори бўлган лойиҳаларни барча инфратузилма тармоқларига улашни давлат ўз зиммасига олди.
Бу борада тадбиркорларимиздан тушган таклифлардан келиб чиқиб, яна бир имконият яратамиз. Яъни, бундай лойиҳалар бўйича тадбиркорлар инфратузилмага ўз маблағини сарфласа, уларнинг солиқ базаси шунча суммага камайтирилади.
Тўртинчидан, биз 2021 йил ноябрь ойида ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича қонун қабул қилдик.
Жараён яқинда бошланганига қарамасдан, ҳозирги кунгача 10 мингга яқин мурожаатлар келиб тушди.
Тадбиркорларимиз учун қўшимча қулайлик яратиш бўйича яна бир таклифим бор.
Хусусийлаштириш учун белгиланган ер солиғининг 20 карраси миқдоридаги тўлов Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 10 каррага (яъни, 1 сотих учун ўртача 6 миллион сўмга), бошқа ҳудудларда 5 каррага (1 миллион сўм) пасайтирилади.
Шу билан бирга, кўплаб тадбиркорларимизни қийнаб келган яна бир масала – амалдаги тартиб бўйича юридик шахс тугатилганида, унинг ерга бўлган ҳуқуқи ҳам бекор қилинмоқда. (Бу тартиб 1998 йилда ўрнатилган ва ўша вақтда ернинг бозор қиймати бўлмаган).
Бундан буён аукционда ер сотиб олган тадбиркор бирор-бир сабабга кўра фаолиятини якунласа, унинг ерга бўлган ҳуқуқи албатта сақланиб қолиши шарт.
Бешинчидан, тадбиркорларимизнинг жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун йил якунига қадар қўшимча 10 мингдан ортиқ ер участкалари савдога чиқарилади, аукционга чиқариш муддати амалдаги 80 кундан 30 кунга қисқартирилади, чекка ҳудудларда ерларни аукционга чиқаришда пасайтирилган коэффициентлар қўлланилади, бўш турган объектларни аукцион орқали ижарага бериш муддати амалдаги 1 йилдан 3 йилга узайтирилади.
Тўртинчи йўналиш. Тадбиркорларимиздан мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласида 1 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.
Энди хусусий мулкка муносабат мутлақо бошқача бўлади.
Биринчидан, бундан буён ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилади.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳокимларнинг эътиборини бир масалага қаратмоқчиман – мулк ҳуқуқига оид қарорларни улар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Яъни, ҳуқуқ берувчи ҳужжатни фақат суд ҳақиқий эмас, деб топиши мумкин бўлади.
Иккинчидан, тадбиркорларни қийнаётган яна бир амалиёт – тергов жараёнида мол-мулкни хатлаб қўйиш.
Мисол учун, ўтган 3 йилда терговчилар томонидан аниқланган зарардан икки баробар кўп мол-мулк хатланган (1,5 триллион сўм).
Энди ҳар бир хатловнинг асосли экани суд томонидан кўриб чиқилади, қарорни фақат суд қабул қилади. Ўйлайманки, шундагина адолат бўлади.
Учинчидан, тадбиркорларнинг судларга мурожаат қилиш имконияти кенгайтирилади. Бунда уларнинг маъмурий судларга ариза беришида давлат божи ставкаси 2 баробар камайтирилади.
Давлат божи ставкаси даъво миқдорига қараб эмас, балки қатъий суммада белгиланиши шарт бўлади (ҳозирги вақтда даъво суммасининг 2 фоизи миқдорида).
Тадбиркорларнинг солиқ идоралари қарори устидан судга шикоят киритиш муддати ҳозирги 1 ойдан 3 йилга узайтирилади.
Тадбиркорнинг банкдаги ҳисоб рақамидан маблағини унинг розилигисиз кўчириш ёки олиб қўйиш мумкин эмас, ортиқча ундирилган тўловлар ўз вақтида қайтарилиши шарт. Ушбу талабни бузган раҳбарлар учун қонун билан маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритишни таклиф қиламан. Бу таклиф тадбиркорларимизга маъқул бўлади, деб ўйлайман.
Бешинчи йўналиш – тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалалари билан боғлиқ.
Биринчидан, тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади.
Шунингдек, тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганида, йўл қўйган хатоси учун тадбиркорга 6 ой давомида жазо қўлланилмайди.
Келгуси йилдан 26 та идоранинг такрорланувчи назорат функциялари бекор қилинади.
Иккинчидан, кичик бизнес вакиллари томонидан солиқ текширувлари билан боғлиқ жарималарнинг тури кўплиги ва оғирлиги масаласи бўйича жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушди.
Мисол учун, бугунги кунда айланмадан солиқ тўлаётган 370 мингдан зиёд кичик тадбиркорларнинг солиқ бўйича ўртача ойлик тўлови 1 миллион сўм атрофида. Лекин, касса чеки бермагани учун 5 миллиондан 10 миллион сўмгача молиявий, шунингдек, 3 миллиондан 12 миллион сўмгача маъмурий жарима солинади. Яъни, кичик тадбиркорлар учун ҳам, йирик корхоналар учун ҳам жазо бир хил.
Умуман, савдо соҳасида фаолият кўрсатадиган тадбиркорларимизни қарийб 30 йилдан бери қийнаб келадиган муаммо ҳам ечилади, яъни, савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади (Жиноят кодексининг 189-моддаси).
Биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди. Бунинг ўрнига камчиликларни бартараф этишга солиқ идоралари кўмакчи бўладиган тизим жорий этилади.
Жарималар миқдори ҳам тадбиркорларнинг тўлаётган солиғидан ошиб кетмаслиги керак.
Бизнес-омбудсман (Д.Қосимов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Қудбиев) икки ой муддатда ушбу енгилликлар бўйича қонун лойиҳасини киритсин.
Учинчидан, 1 ноябрдан ҳар қандай текширишлар фақат ва фақат Бизнес-омбудсманда янги ишга тушириладиган электрон платформа орқали амалга оширилади.
Барча турдаги текширувлар Бизнес-омбудсман томонидан мувофиқлаштирилиши керак.
Умуман, адлия вазири Р.Давлетов, Бизнес-омбудсман Д.Қосимов икки ой муддатда тадбиркорларнинг таклифларини чуқур ўрганиб, текширувларнинг муддатларини қисқартириш, молиявий хато ва камчиликларнинг минимал чегаравий миқдорини белгилаш, текширув жараёнларидан тадбиркорни хабардор қилиш ва шикоятларни очиқ-ошкора кўриб чиқиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин.
Шу билан бирга, 1 октябрдан бошлаб солиқ низоларини ҳал қилиш бўйича Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг қўшма Апелляция кенгаши ташкил қилинади. Кенгашга Аудиторлар ва Солиқ маслаҳатчилари палаталари, Бухгалтерлар ассоциацияси вакиллари, тадбиркорларни ҳам киритиш керак бўлади.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Бугун билдирилган ташаббуслар ижросини ташкил этиш бўйича ҳам янги тизим, бизнес билан чинакам ҳамкорликда ишлайдиган муҳит шакллантиришимиз лозим. Бунинг учун туман ва шаҳар марказларида Тадбиркорлар хиёбонларини ташкил этишни таклиф қиламан.
Бу ерда тадбиркорлар, банк вакиллари, инвесторлар учун бизнес лойиҳаларини муҳокама қиладиган муҳит пайдо бўлади, B2B, коворкинглар учун қулай шароитлар, Wi-Fi зоналар бўлиши керак. Туман, шаҳар фаол тадбиркорларининг эришган натижалари йил давомида “Фаровонлик бунёдкорлари” кўргазмаларида намойиш этилса, биласизларми, уларнинг шижоати ва кайфияти қандай кўтарилади!
Шунингдек, ўн нафар шогирд тадбиркор тарбиялаган бизнес вакилларига алоҳида солиқ имтиёзларини жорий этамиз.
Ҳақиқатан ҳам, агар тадбиркор шогирдлар тайёрласа, улар ўз бизнесини бошлаб, иш ўринлари яратса, биз берган солиқ имтиёзи ўн карра бўлиб қайтади.
Шу ўринда яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бизда қурувчи, маданият, таълим каби соҳа вакиллари учун фахрий унвонлар мавжуд. Лекин, Янги Ўзбекистон пойдеворини яратишга энг катта ҳисса қўшиб келаётган заҳматкаш тадбиркорларнинг бу борада эътибордан четда қолгани – адолатдан эмас.
Шу боис кўп иш ўринлари яратган, бизнеснинг янги йўналишларини йўлга қўйган, ўз соҳасида инновация ва ислоҳотлар қилган ва эл-юрт орасида обрў топган бизнес вакилларини муносиб эътироф этиш учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этишни таклиф қиламан.
Энди Савдо-саноат палатасининг иш фаолияти ҳам тубдан ўзгаради. Авваламбор, Палатанинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини жонлантириш лозим.
Бундан буён улар туман, шаҳар тадбиркорларини бирлаштириб, уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни аниқлаш билан амалда шуғулланади. Шунингдек, улар ҳар бир туман ва шаҳарда илғор методикалар асосида бизнесга ўқитиш мактабларини ташкил қилади. Шу билан бирга, уларга ҳокимлар ва бошқа ҳудудий раҳбарларга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколати берилади. Айни вақтда маҳаллий кенгашлар ва ҳокимлар билан ҳар ой камида икки марта танқидий муҳокамаларни ўтказади.
Шу билан бирга, Савдо-саноат палатасининг ўзига ҳам Ҳукуматга кўриб чиқиши мажбурий бўлган масала киритиш, тадбиркор манфаатини кўзлаб Олий судга ариза бериш ҳамда иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш ваколатлари берилади.
Савдо-саноат палатаси Ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади. Яъни, Палата бундан буён тадбиркорлар манфаатининг чинакам ҳимоячисига айланади.
Барча тадбиркорларни кенг қамраб олиш мақсадида кичик ва ўрта тадбиркорлар Палатага аъзолик бадали тўлашдан бутунлай озод этилади. Бунинг ўрнига Палатага ҳар йили бюджетдан маблағлар ажратамиз.
Шу билан бирга, Бизнес-омбудсманга тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича барча ваколатларни берганмиз. Энди унинг ҳам иш тизими ўзгаради.
Бизнес-омбудсман очиқ мулоқот ёки бошқа Президент тадбирини кутмасдан, 1 январдан тадбиркорлар мурожаатларини 24 соат қабул қиладиган крауд-сорсинг платформаси – Тадбиркор виртуал офисини ишга туширади.
Ушбу тизим орқали Бизнес-омбудсман тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилади, ижросини назорат қилади ва тадбиркорлар ҳуқуқларини бузганларни жазолайди.
Юқорида айтилган барча таклифларни амалга ошириш учун Президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилади.
Президент Администрацияси раҳбари С.Умурзоқов икки ҳафта муддатда ушбу Кенгаш ишини ташкил этсин.
Ҳурматли очиқ мулоқот иштирокчилари!
Бугун сизлар билан мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга оид кўпгина масалаларни муҳокама қилиб, уларнинг ечими бўйича вазифаларни белгилаб олдик.
Албатта, уларни амалга ошириш учун барчамиз биргаликда ҳали кўп ишлашимиз керак. Айниқса, сиз, ҳурматли бизнес ҳамжамияти вакилларидан бундан-да фаол, ташаббускор бўлиш, жойларда маҳаллий ҳокимликлар, тегишли давлат органлари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кучайтириш талаб қилинади.
Ўзгаришлар ҳеч қачон осон кечмайди, буни ҳаммамиз яхши тушунамиз. Лекин, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ушбу машаққатларга арзийди.
Ишончим комил, етарли билим ва тажрибага эга, азму шижоатли тадбиркорларимиз ушбу соҳа олдида турган вазифаларни самарали бажаришда бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини сафарбар этадилар.
Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ғоят муҳим ва ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз, инновацион фикр ва ёндашувингиз бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва бу борада сизлар барча соҳа вакилларига ўрнак бўлишингизга ишонаман.
Сиз, азизларни Тадбиркорлар куни билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда улкан зафарлар, оилангизга бахт, хонадонингизга файзу барака тилайман.
Доимо соғ-омон бўлинг!
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |