2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига

Муҳтарам устоз ва мураббийлар! Қадрли дўстлар!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг машаққатли ва шарафли ишга бағишлаб келаётган барча Ўзбекистон педагогларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман.

Биз устоз зотини азалдан отадай улуғ деб биладиган, ҳамиша бошига кўтариб эъзозлайдиган маърифатпарвар халқ фарзандларимиз.

Ҳар бир инсон ҳаётда қандай ютуққа эришган бўлса, уларда қадрдон ўқитувчи ва устозларининг беқиёс ҳиссаси борлигини умрбод миннатдорлик билан эслайди.

Шахсан мен ўқитувчи деганда – замон билан ҳамқадам бўлган жонкуяр, зиёли шахсни, мактаб деганда – билим ва маърифат ёғдуси таралиб турадиган, Учинчи Ренессанс пойдевори қўйиладиган табаррук масканни кўз олдимга келтираман.

Биз, ота-оналар ўзимизнинг энг катта бойлигимизни – азиз фарзандларимиз келажагини сиз, муҳтарам устозлар қўлига ишониб топширганмиз. Шу маънода, буюк шоиримиз Абдулла Ориповнинг: “Сиздан бошланади асли тафаккур”, деган сўзларида теран ҳаётий ҳикмат бор.

Бугунги кунда фидойи устоз ва мураббийларнинг эзгу хизматлари туфайли ёшларимиз ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етаётгани, фан ва техника, маданият ва санъат, спорт соҳаларида қандай катта марраларни қўлга киритаётгани барчамизга чексиз қувонч бахш этади.

Шу борада биргина мисол келтирмоқчиман. Ўтган ўқув йилида ёшларимиз халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида 45 та олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритгани таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз самарасига яна бир далилдир.

Барчамизга аёнки, муаллимнинг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир. Шу боис, биз кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз.

Педагог ходимларни мажбурий меҳнат ва турли жамоатчилик ишларига жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилгани, таълим муассасаларида қоғозбозликка барҳам берилаётгани бугун ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда.

Олис ҳудудлардаги мактабларга дарс бериш учун жалб этилган юқори тоифали ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилгани бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Мамлакатимизда фарзандларимизни гўдаклик давридан то камолот ёшига қадар ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрнини топишига хизмат қиладиган узлуксиз ва самарали тизим яратилмоқда.

Хусусан, кейинги 6 йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони 5,5 баробар кўпайиб, 28 мингдан ошгани ва қамров даражаси 70 фоизга етгани айниқса эътиборлидир.

Шу ўринда, 2022-2026 йилларда халқ таълими тизимини ривожлантириш бўйича Миллий дастур қабул қилингани, мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича Миллий кенгаш ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Айни вақтда Ўзбекистон тарихида биринчи марта бошланғич синфларда фанларни ўзлаштириш даражасини аниқлайдиган нуфузли халқаро баҳолаш дастурлари йўлга қўйилди.

Жорий йилда давлат бюджети ҳисобидан барча замонавий шароитларга эга 51 та янги мактаб бунёд этилди. Шунингдек, 1660 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 119 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни яратилди.

Шу билан бирга, 465 та мактаб учун қўшимча ўқув бинолари, 115 та спорт зали ва майдончалари барпо қилинганини қайд этиш лозим. Таълим масканларига 35 мингдан зиёд қўшимча ўқув жиҳозлари тўплами етказилиб, 1 минг 900 га яқин мактабнинг инфратузилмаси тубдан янгиланди. 2,5 мингдан зиёд синфхона 31 мингта замонавий компьютерлар билан таъминланди.

Янги ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги 137 та мактабда инклюзив синфлар ташкил этилиши натижасида ногиронлиги бўлган юзлаб болаларнинг фаол билим олишига шароит яратилди.

Ўқитувчиларнинг билими ва касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай чора-тадбирлар туфайли кейинги бир йилда малака тоифасига эга муаллимлар сони 300 мингдан ошгани таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Айни пайтда мактаблар учун замонавий ўқув дастурлари ва дарсликлар яратиш бўйича ЮНИСЕФ, ЮСАИД халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликда, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Финляндия каби ривожланган давлатларнинг тажрибали экспертлари иштирокида кенг қамровли изланишлар давом эттирилмоқда.

Кейинги йилларда юртимиздаги янги олий ўқув муассасалари сони қарийб 2,5 баробарга кўпайиб, 186 тага етказилгани, қабул квоталари 3,5 баробар ортгани олий таълим тизимини ривожлантиришда ғоят муҳим роль ўйнамоқда. Бу ўринда соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида 42 та нодавлат олий ўқув юрти ташкил этилгани, хорижий олийгоҳлар филиаллари сони эса 31 тага етганини алоҳида қайд этишни истар эдим.

Азиз юртдошлар!

Барчангиз яхши хабардорсиз, биз таълим тизимини янада ривожлантириш масаласини Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширадиган энг асосий вазифаларимиздан бири сифатида белгилаб олганмиз.

Бизнинг мақсадимиз – Янги Ўзбекистоннинг мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб шаклланиши зарур.

Бу эзгу мақсадга эришиш учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича бошлаган ишларимизни албатта мантиқий якунига етказамиз.

Барча ҳудудларимиз, айниқса, қишлоқ жойларда мактаблар қуриш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратамиз.

Ўқитувчи  ва домлалар, тарбиячи ва мураббийлар, илм-фан соҳаси ходимлари учун муносиб шароит яратиш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, моддий таъминотини яхшилаш борасидаги ишларимиз янги босқичга кўтарилади.

Имконияти чекланган болалар учун инклюзив таълимни ҳар томонлама ривожлантирамиз.

Ҳаммамиз гувоҳмиз, бугун таълим-тарбия тизими бутун жамиятимиз, халқимизнинг диққат-эътиборида турибди. Соҳадаги ҳар бир ўзгариш юртдошларимиз ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Биз бундан буён ҳам халқимиз билан маслаҳатлашган ҳолда, жамоатчилик фикрини атрофлича таҳлил қилиб, эришган ютуқларимизни мустаҳкамлаш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш йўлидан борамиз.

Ҳеч кимга сир эмас, бугун дунё шафқатсиз рақобат майдонига айланган. Барча соҳаларда қандай кескин кураш кетаётганини ҳар биримиз кўриб турибмиз.

Ҳозирги замонда ҳамма жабҳаларда илм, билим ва салоҳият сув билан ҳаводай зарурлиги, ҳар қайси давлат фақатгина шу асосда тараққиётга эришиши, содда қилиб айтганда, инсон билак кучидан кўра илм кучи билан кўпроқ даромад ва обрў-эътибор топиши мумкинлигини ҳаммамиз яхши англаймиз.

Биз даврнинг мана шундай ўткир талабларидан келиб чиққан ҳолда, юртимизда ихтисослаштирилган мактабларнинг мутлақо янгича тармоғини ташкил қилдик. Ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатадиган юзлаб масканлар, Ай-Ти парклар бунёд этмоқдамиз.

Мана, буюк аллома бобомиз Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш бўйича қарор қабул қилдик. Хоразмда шонли аждодимиз Муҳаммад Хоразмий номида янги шаҳарча қуришга киришдик.

Буларнинг барчасидан кўзлаган мақсадимиз битта. У ҳам бўлса, Янги Ўзбекистоннинг янги берунийлари, янги хоразмийлари, ибн синолари ва фарғонийларини камолга етказиш, шу орқали жонажон Ватанимизни дунё миқёсида ривожланган, тинч, эркин ва фаровон мамлакатга айлантиришдан иборат.

Сиз, азиз устоз ва мураббийлар бугун мана шундай ўта масъулиятли жабҳада том маънода тарихий миссияни адо этмоқдасиз. Чунки, Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, ўзининг қатъий ҳаётий позициясига эга, ҳеч кимдан кам бўлмаган ёшларни тарбиялаш – ҳақиқатан ҳам ғоят эзгу ва улуғ вазифадир.

Барчангизга шу шарафли йўлда олиб бораётган олижаноб фаолиятингизда ва шахсий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман.

Хонадонларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ёр бўлсин!

Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз устоз ва мураббийлар!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар