2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Обод қишлоқда яшашнинг гашти бўлакча

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари қишлоқларда яшовчи аҳолининг турмуш тарзини янада юксалтириш, одамларнинг яшаш шароитини яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётир.

Буни Фарғона вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

 

Вилоятда жорий йилда 30 та қишлоқда 152 миллиард сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 10 минг 768 та уй жой таъмирланди, 88,5 километр ичимлик суви тармоқлари тортилди, 14 дона сув минораси реконструкция қилинди ва 26 та сув насоси ўрнатилди. 473 километр электр тармоқлари қурилди, модернизация қилинди ҳамда 228 дона трансформатор пункти қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари асосида вилоятнинг ҳар бир туманидан қўшимча 2 тадан маҳалла фуқаролар йиғинлари танланиб кенг кўламдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

 

“Обод қишлоқ” дастури доирасида Учкўприк туманининг “Тошкентлигузар” ва “Катта Кенагас” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам эзгу ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилди. Айни кунларда бевосита вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан "Тошкентлигузар" маҳалласини вилоятдаги энг гўзал ва обод маҳаллага айлантириш мақсадида қурилиш ишлари амалга оширилаётир.

 

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишиб, мутасадди идоралар масъул ходимлари, маҳалла фаоллари билан суҳбатлашди.

 

– Тошкентлигузар маҳалласининг замонавий қиёфаси барчамизни қувонтирадиган даражада ўзгаради, – деди вилоят ҳокими Ш.Ғаниев. – Белгиланган режа асосида маҳалла ҳудудида икки қаватли савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, миллий ҳунармандчилик ва тадбиркорлик мажмуалари қад ростлайди. Маҳалланинг асосий автомобиль йўли тўрт чизиқли, икки четига замонавий ёриткичлар ўрнатиладиган, пиёдалар ва велосипед йўлаклари ажратилган, атрофи гулзор ва манзарали дарахтлар экиладиган жаҳон андозалари талаблари даражасидаги йўлга айланади. Шунингдек, дастурда аҳоли турмуш шароити ва фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бошқа бир қатор эзгу ташаббусларни рўёбга чиқариш режалаштирилган.

 

Дарҳақиқат, шу кунларда "Тошкентлигузар"да давом этаётган улкан қурилишлар “Фарғона – Қўқон” автомагистрали бўйида жойлашган маҳалланинг нурли истиқболидан далолатдир. Айни пайтда маҳалла кўчаларини анвойи гулзорга айлантириш, манзарали дарахтлар экиш, тадбиркорлик, тикувчилик ва бошқа хизмат кўрсатиш мажмуаларини фойдаланишга топшириш ишлари авжида. Электр, табиий газ, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда коммуникация тармоқларини бугунги кун талаблари асосида янгилаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

 

“Асқар Маҳмуд Бува” тарихий зиёратгоҳидаги бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етказилаётган бўлса, гўзаллик салони, сартарошхона, ҳаммом қурилиши авжида. Маҳалладаги қишлоқ оилавий поликлиникасида 370 миллион сўм, 19-мактабгача таълим муассасасида 255 миллион сўм ҳамда 18-умумий ўрта таълим мактабида 1 миллиард 60 миллион сўмлик таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Ўз навбатида маҳалладаги 52 та хонадоннинг том қисми жорий таъмирланиши ва 3 та кам таъминланган оилаларнинг яшаш хонадони ҳомийлар ёрдамида таъмирланиши белгиланди.

 

“Тошкентлигузар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акбархўжа Турсуновнинг таъкидлашича, бугунги кунда ҳудуддаги 780 та хонадонда 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада тадбиркорлик ва ҳунармандчилик ривожланган. Бошланган эзгу ташаббуслар доирасида “Меҳригиё” хусусий корхонаси, ғишт заводи, минерал сув ишлаб чиқариш цехи, қандолатчиликка ихтисослашган ўнлаб оилавий корхоналар иш бошлайди. Ҳозирда маҳалла аҳлининг икки қаватли савдо мажмуалари қуриш, тикувчилик цехи фаолиятини ташкил этиш, ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйиш сингари ўнлаб бизнес-режалари қўллаб-қувватланмоқда. Қандолатчилик, новвойчилик, сандиқсозликни жадал ривожлантириш учун ўнлаб оилавий тадбиркорларнинг аниқ режалари бор. Шу кунгача аҳоли томорқаларида 50 дан ортиқ иссиқхоналар барпо этилишига эришилди. Маҳалла аҳлининг миришкорлиги туфайли ҳатто кўча четларидаги бўш ерларда ҳам турли сабзавот экинлари парваришланмоқда.

 

“Обод маҳалла” дастури асосида эса Фарғона, Марғилон, Қўқон ва Қувасой шаҳарларидаги 15 та маҳаллада бошланган эзгу ишлар натижасида улар янада обод масканга айланмоқда. Бундан ташқари, дастур бўйича 62 миллиард сўм маблағ доирасида 15 та кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда.

 

2019 йилда биргина “Обод қишлоқ” дастури асосида туманлардаги 45 та маҳаллада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Бугун қайси бир юртдошимиз билан гаплашманг, қишлоқларни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибордан мамнунлигини айтади. Бундай эзгу ишлар юртимиз чиройига чирой қўшиш билан бирга, фуқароларимизда бугунги ҳаётдан розилик, эртанги кунга мустаҳкам ишончни янада кучайтирмоқда.

 

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар