Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўзи сайланган округларда бўлиб, ўрганишлар олиб бормоқда, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш чораларини кўрмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Имомова Шаҳрисабз туманида бўлиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида туманнинг чекка ҳудудларида иқтисодиёт, инвестиция, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларга оид инфратузилмаларни ўрганди. Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, маҳаллаларда бўлиб, мавжуд муаммолар билан танишди.
Шунингдек, депутат Шаҳрисабз шаҳар ахборот кутубхона марказида бўлиб ўтган учрашувда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига батафсил тушунтирди. Конституциямизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида маълумотлар берди. Бундан ташқари, аҳолининг таклиф ва мурожаатларини тинглади.
Яроқсиз ҳолдаги боғча биноси маҳаллий дастурга киритилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эмма Асланованинг Бухоро туманидаги “Деҳча” МФЙда ўз сайловчилари билан бўлиб ўтган мулоқотида бир қатор масалалар бўйича мурожаат қилинди. Жумладан, фуқаро Исмат Жамолов ҳудудда дорихона йўқлигини, қишлоқ врачлик пункти ҳам аҳоли яшаш масканидан анча олисда жойлашганлигини айтиб ўтди.
Фазлиддин Бердиев эса қишлоқ ички йўлларининг таъмирталаб бўлиб қолганини, бу аҳолининг норозилигига, ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини маълум қилди.
Шунингдек, юзма-юз мулоқотда маҳалла ҳудудидаги 37-мактабгача таълим ташкилоти юзасидан ҳам мурожаат қилинди. Гап шундаки, мазкур МТТнинг 2 қаватли биноси бундан анча йиллар олдин барпо этилган. Бугунги кунда эса боғча биноси яроқсиз ҳолга келиб қолган. Аҳоли вакилларининг мурожаати юзасидан депутат ушбу МТТ биносини таъмирлаш маҳаллий дастурга киритилганлигини ва у 2024 йилда мукаммал таъмирланишини маълум қилди. Шунингдек, носоз қишлоқ йўлларини таъмирлаш масаласи 2023 йилги дастурга киритилган ҳолда ҳал этилиши айтилди.
Бемор қизга зарур дори воситалари ажратилди
Депутат Мавжуда Ҳасанова ҳам Узун туманидаги сайловчилар билан мулоқотлар ўтказиб, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ҳақида кенгроқ маълумотлар берди.
Аҳоли билан бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида туманнинг бир қатор маҳаллаларидан келган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди ва мутасаддилар билан биргаликда уларга ечим изланди. Эътиборлиси, ўз муаммосига ечим топиш илинжида келган ҳеч бир фуқаронинг мурожаати эътиборсиз қолмади. Мурожаатларнинг салмоқли қисми шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, қолганлари тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга йўналтирилди.
Туманнинг 3-секторидаги “Уланқул”, “Нурафшон”, “Сурхон”, “Файзова”, “Файзобод” каби маҳаллалар фуқаролари томонидан кўтарилган мурожаатларнинг ҳам аксарияти жойида ҳал этилди. Хусусан, тумандаги “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шуҳрат Ҳайдаров қизи бетоб эканлигини айтиб, уни даволатишда ёрдам сўради. Халқ вакилининг ташаббуси билан фуқарога қизини даволатиш учун барча зарур дори воситалари ажратилди.
“Дилкор”га янги трансформатор ва симёғочлар ўрнатилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назир Собиров Олот ва Қоракўл туманларидаги сайловчилари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Олот тумани “Дилкор” маҳалласи аҳолисидан эски симёғочларни алмаштириш ва қўшимча трансформатор ўрнатиш бўйича мурожаат бўлди. Депутат соҳа вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамроҳлигида ушбу масалани жойига чиқиб ўрганди. Йиллар давомида ҳал қилинмаган муаммони ўз кўзи билан кўрган мутасаддилар маҳаллага икки кундан кечиктирмай янги трансформатор ва симёғочлар олиб келишга ваъда берди.
Н.Собиров “Кесакли” оилавий шифокорлик пунктида ҳам бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ва дори-дармон таъминоти билан танишди. Тиббий пунктда 3 нафар олий тоифали шифокор ҳамда 22 нафар ҳамшира ишлайди. Лекин ходимларнинг иш жадвали тартибга солинмаган. Санитария ҳолати ҳам талаб даражасида эмас. Халқ вакили учрашув чоғида тиббиёт муассасасида беморлар учун яратилган шароитлар билан қизиқди. Мавжуд муаммолар назоратга олиниб, уларни ҳал этиш чоралари кўриладиган бўлди.
Депутатнинг кейинги манзили 16-умумтаълим мактаби бўлди. Таълим маскани директори Ойбек Хўжаевнинг маълум қилишича, мактаб ўтган йили “Очиқ бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлиб, таъмирлаш учун 2 миллиард сўм ютиб олган эди. Мактаб таъмирланди, аммо спорт зали ва ошхона масаласи ҳал бўлмади.
Ўқитувчилар депутат билан учрашувда айнан шу масалани кўтариб, ёрдам сўради. Н.Собиров эса ваколати доирасида ёрдам беришини маълум қилди.
Шунингдек, депутат Қоракўл туманидаги “Қуввача” МФЙда жойлашган 12-умумтаълим мактаби билан ҳам яқиндан танишди. Таълим муассасасининг инфратузилмаси, кадрлар билан таъминланганлик ҳолати ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича умумий таҳлил қилинди.
Депутат кўмагида маҳаллага ичимлик суви тармоғи тортилмоқда
Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманидаги “Янги Диёр”, “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди, аҳоли билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотларда депутат Конституциявий қонун лойиҳаси, ундаги янги нормалар мазмун-моҳияти, уни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ҳақида маълумотлар берди.
Юзма-юз мулоқот жараёнида фуқаролар турли масалалар юзасидан мурожаат қилди. Уларнинг айримлари жойида ҳал этилган бўлса, қолганларининг ечими назоратга олинди. Жумладан, “Янги Диёр” ва “Маданият” маҳаллалари биноларини қуриш билан боғлиқ масала тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўз ечимини топадиган бўлди.
Шунингдек, халқ вакили “Маданият” маҳалласи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишди. Таъкидлаш жоиз, маҳалладаги мазкур хайрли ишлар Ўрол Ўрозбоев томонидан амалга оширилган депутатлик сўровининг ижроси юзасидан амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳага 9 миллиард сўм ажратилган бўлиб, 9 километр масофадан янги ичимлик суви тармоғи тортиб келинмоқда. Мулоқотлар чоғида аҳоли бу каби амалий ишлардан мамнун эканликларини билдирди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |