Президентимиз ғояси асосида кейинги йилларда мамлакатимизда халқ билан очиқ мулоқот қилиш тизими яратилгани Бош қомусимизда белгилаб қўйилган “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” деган нормани ҳаётга кенг жорий этиб, одамларнинг жамиятдан рози бўлиб яшашида муҳим ўрин тутмоқда.
Президентимизнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари ҳамда жойлардаги сайёр қабулларда уй-жойга муҳтож фуқаролар мурожаатлари ҳам бунга яққол мисолдир.
Сурхондарё вилоятида аҳоли мурожаатлари ўрганилганда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар, ота-онасидан маҳрум бўлган етимлар, боқувчисини йўқотган ёки турмушидан ажрашиб фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган аёллар ўртасида уй-жойга жиддий эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Шунга кўра, ўтган йили тажриба асосида Термиз шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ота-онасидан маҳрум бўлган етимлар, боқувчисини йўқотган ёки турмушидан ажрашиб фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган аёлларга ипотека кредити ажратиш ва бошланғич тўловини тўлаб бериш орқали бир ва икки хонадан иборат арзонлаштирилган кўп қаватли уй-жой қуриш йўлга қўйилди. Қиймати 14 миллиард 725 миллион 440 минг сўм бўлган 20 та 1 хонали ва 80 та 2 хонали 100 хонадондан иборат кўп қаватли арзонлаштирилган уй фойдаланишга топширилди. Хонадонларнинг бошланғич тўлови учун 1 миллиард 500 миллион сўм тўлаб берилди. Ишсиз фуқароларнинг ипотека кредитини ўз вақтида тўлаши учун бандлиги таъминланди.
–Бу тажриба ўз самарасини берди, – дейди Президентимизнинг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири А.Эшмуратов.– Жорий йилда ҳам бу ишни давом эттириб, уй-жой ажратиш масаласида келиб тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал этиш учун нотурар жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож 100 нафар хотин-қизга мўлжалланган арзон уй қурилишини бошлаганмиз. Ипотека кредити асосида арзон уйларни қуриб топшириш бўйича пудратчи корхона билан тузилган қарз шартномага асосан ҳомийлик асосида 10 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилган. Қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу уйнинг ҳам 1 квадрат метри 3 миллион 500 мингсўм атрофида бўлиши кўзда тутилган.
Таҳлилларга кўра, аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини қоплаш юзасидан амалга оширилаётган бундай ишлар вилоятда бу масала билан боғлиқ мурожаатларини камайтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, ўтган йилга нисбатан жорий йилда Президентимизнинг виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаатлар 36,8 фоиз камайган. Агар ўтган йили эҳтиёжманд оилалардан арзон уй-жой билан таьминлаш учун 4 минг 698 мурожаат тушган бўлса, ўтаётган йилда бу кўрсаткич 2 минг 968 тани ташкил этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилашда янги босқични бошлаб берди. Шунга мувофиқ 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилди. Шу йил 1 апрелдан бошлаб уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож, шу жумладан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун ижтимоий уй-жойларни “Халқпарвар” комиссиялари билан келишган ҳолда иккиламчи уй-жой бозоридан сотиб олишга рухсат берилди. Уй-жойга муҳтож, жумладан хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 500 минг сўмгача бўлган қисми “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳамда вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
–Мамлакатимизда хотин-қизларга ҳеч қачон сўнгги йиллардагидек ғамхўрлик кўрсатилмаган, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи З.Хидирова. –
Уй-жойга муҳтож аёлларга кўрсатилаётган эътибор ҳам бунга аниқ мисол бўла олади. Субсидиялар ажратилмоқда. Ихчам уйлар қуриб берилмоқда. Ижтимоий уйларга жойлаштирилаётир. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида Ангор туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлиги бўлган уй-жойга эҳтиёж сезаётган етти нафар хотин-қизга Шарқ гули маҳалласида янги уйлар қуриб, фойдаланишга топширилди.
Қадимий Ангор маҳалласида яшовчи чин етим А.Хўшбоқова, Ш.Хўшбоқова, М.Хўшбоқоваларнинг уй-жой қуриши учун 100 миллион сўм маблағ ажратилиб берилди. Сариосиё тумани Афросиёб маҳалласида жойлашган ҳарбий қисмдан бўшаган ётоқхонани 700 миллион сўм эвазига таъмирлаб, ижтимоий уй барпо этилмоқда. Бу ерга 30 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қиз жойлаштирилади. Шунингдек, 33 нафар ногиронлиги бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз туманнинг Лутфикор маҳалласи “Янги Ўзбекистон” массивида қурилаётган кўп қаватли уйлар билан таъминланади.
Воҳада уйга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларни турар-жой билан таъминлашга қаратилган бундай эзгу амаллар бошқа ҳудудларда ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда. Жарқўрғон туманидаги Қораёғоч маҳалласидаги бино қайта таъмирланиб, 8 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларни ихчам хонадонлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Термиз шаҳридаги Гулистон маҳалласида 50 оилага мўлжалланган уй барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Уларнинг 16 нафарига 1 миллиард 40 миллион сўмлик бошланғич бадаллари тўлаб берилди. 34 нафарига бошланғич бадал саховатпеша инсонларнинг ҳомийлик маблағларидан қопланди. Мангузар массивида бир миллиард сўм маблағ эвазига қурилган кўп қаватли турар-жой биносига 50 нафар ёрдамга муҳтож хотин-қиз кўчиб ўтди. Шеробод туманида 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ҳисобига 30 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизга мўлжалланган ижтимоий уйда ҳам қурилиш ишлари якунланмоқда.
Вилоятнинг Қизириқ, Шўрчи, Денов, Қумқўрғон, Узун каби туманларида ҳам “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг турар-жой муаммоларини ҳал этиш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
–Ўз уйинг борлиги катта бахт экан, – дейди Шўрчи тумани Катта совур маҳалласида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Ўразгул Авазова. – Уч нафар биринчи гуруҳ фарзандимиз бор. Бу йил бизга ҳомийлар маблағи ҳисобидан янги уй қуриб берилди. Бу уйда яшаш учун барча шароит яратилган. Ёзда салқин, қишда иссиқ. Бундай ғамхўрликдан бошимиз кўкка етгудек бўлди. Илоҳим юртимиз тинч, мамлакатимиз янада обод бўлаверсин. Саховатпеша инсонларимиз бойлигига бойлик қўшилаверсин. Биздек эҳтиёжмандларга шундай имкониятларни яратган Президентимиздан миннатдормиз.
Маълумотларга кўра, вилоятда Халқ қабулхоналари ва сайёр қабулларда ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, яшаш уйини таъмирлаб бериш ва кредит қарздорлигини сўндиришда ёрдам сўраб мурожаат этган 170 нафар хотин-қизнинг муаммосини ҳал қилиш учун 1 миллиард 555 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, янги йилгача яна 160 га яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизни ижтимоий уй билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 140 нафарининг ипотека кредити асосида уй-жой масаласини ҳал этиш йўллари изланаётир.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда халқимиз манфаатини таъминлаб, инсон қадрини улуғлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |