Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллалар ҳаёти ва саноат корхоналари фаолияти билан танишиш, янги лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим масалаларини муҳокама қилиш мақсадида 17 февраль куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Президент ташрифни Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади.
Қуръон тиловат қилинди. Аллоҳ таолодан ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди.
– Ҳамма жойларга бориб, соҳаларга туртки бериб, муаммоларни ҳал этиб, халқни рози қилишга ҳаракат қиляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бугун Бухорога ҳам янги марраларни белгилаш, одамларнинг бирини икки қилиш учун келдик. Ҳамма хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.
Олимлар билан суҳбатда диний таълимни ривожлантириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлиги таъкидланди.
– Охирги йилларда ҳамма соҳалар қатори дин бўйича ҳам очиқлик, эркинлик берилди, бир нечта илмий марказлар ташкил этдик. Лекин булардан халқимизга нима манфаат бўлаяпти? Манфаат шундай бўлиши керакки, бу салоҳиятни жамиятга етказиш керак. Бухорий, Мотуридий, Марғиноний каби буюк боболаримиз меросига таянган ҳолда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарур. Бунинг учун диний таълимни амалиёт билан боғлаш, илмий марказларимизни дунёда етакчиларга айлантириш керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги Работиқалмоқ маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.
Бу ерда 9 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Қуйи тизимдаги манзилли ишлар натижаси ушбу маҳаллада ҳам намоён – тадбиркорлик ривожланиб, иш ўринлари кўпаймоқда. Хусусан, илгари фойдаланилмай ётган майдонда тикувчилик корхонаси барпо этилди. 30 дан ортиқ хотин-қиз ўз маҳалласида ишли бўлди. Яқинда иш бошлаганига қарамай, корхона 100 мингта трикотаж маҳсулотлари учун буюртма олган.
Давлатимиз раҳбари мазкур корхона фаолияти билан танишиб, ишчилар билан суҳбатлашди.
– Маҳалладаги ўзгаришларни, сизнинг ишли бўлганингизни кўриб, хурсанд бўлдим. Булар – халқ ичига кириб, халқ билан бирга қилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг кичик бир натижаси. Агар ҳокимлик ва ташкилотлар шароит яратиб беролса, ҳар бир оила ўзини эплаб кетолса, мақсадимга эришган бўламан. Шунда катта оиламиз – давлатимиз ҳам мустаҳкам бўлади, – деди Президент.
Шу ерда вилоятдаги тадбиркор аёлларнинг ҳунармандчилик маҳсулотларидан намуналар намойиш этилди. Улар ишлаб чиқаришда ва касаначилик асосида хотин-қизлар бандлигини таъминлаётганини сўзлаб беришди. Давлатимиз раҳбари уларнинг бу борадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Работиқалмоқ маҳалласида яна 10 дан ортиқ савдо ва сервис шохобчалари, Тадбиркорларга хизмат кўрсатиш маркази ҳам бор. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси мукаммал таъмирланган. Аҳолининг бўш вақти мазмунли ўтиши учун “Отахонлар чойхонаси”, кутубхона, спорт майдончаси ва хиёбонлар ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари бу шароитларни кўздан кечирди, шу ерлик Бахтиёр Пўлатов хонадонида меҳмон бўлди.
Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида кластерлар раҳбарлари билан мулоқот қилди.
Бухоро вилоятида 11 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият юритмоқда. 2022 йилда улар томонидан қарийб 99 минг гектар ерда 358 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилган. Жами 2 триллион 36 миллиард сўмлик 36 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 минг 600 та иш ўрни яратилган. Ташқи бозорга қарийб 77 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Мулоқотда бозор конъюнктурасидаги ўзгаришлар, кластерлар олдидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
– Қийин бўлса ҳам, нима учун кластер тизимига ўтдик? Илгари халқимиз пахта экарди, лекин шунга муносиб манфаат топмасди. Беш йил давомида кластерларни авайлаб, шароит яратиб, шу даражага олиб келдик. Энди улар халқпарвар бўлиши керак. Майли, бой бўлсин, фақат ҳаёт билан бирга, халқ билан бирга, – деди Шавкат Мирзиёев.
Кластерлар раҳбарлари бугунги натижалари сўнгги йиллардаги ислоҳотлар туфайли эканини, бунга жавобан ишсизликни камайтириш бўйича ўзларига масъулият олишини таъкидлашди.
– Барча ислоҳотларимиздан пировард мақсад – халқимизнинг даромадини ошириш. Камбағалликни йўқ қилиб, аҳолининг харид қобилиятини оширсак, тадбиркорларнинг иши ҳам ривожланади. Беш йил олдин Бухоро қандай эди, ҳозир қандай? Шу суръатда давом этса, яна беш йилдан кейин натижалар бундан-да яхши бўлади. Чунки шундай буюк, меҳнаткаш халқимиз бор, – деди Президент.
Кластерлар фаолиятида муқобил энергиядан фойдаланишни кенгайтириш, сув тежовчи технологияларни қўллаш, инновацион ечимларни жорий этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда бухоролик ҳунармандлар маҳсулотларини кўздан кечирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги «Aksa Enerji Bukhara» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган иссиқлик электр станцияси фаолияти билан танишди.
Иқтисодиёт ривожланиб, корхоналар кўпайиши билан энергия ресурсларига талаб ошиб бормоқда. Шунинг учун барча ҳудудларда бундай қувватларни ошириш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, ўтган йили «Aksa Enerji Bukhara» томонидан иссиқлик электр станцияси ишга туширилган эди. У 150 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция эвазига барпо этилган. Ускуна ва жиҳозлар Туркиядан келтирилган. Бу ерда 150 киши меҳнат қилади.
Станция қуввати 270 Мегаватт. Бу йилига 2 миллиард 200 миллион киловатт соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш, вилоятнинг 60 фоиз истеъмолини қоплаш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари станциянинг диспетчер хонасини кўздан кечирди, бошқарувчилар билан суҳбатлашди.
2023 йилда Бухорода йиллик электр истеъмоли 4,3 миллиард киловатт соатни ташкил этиб, тақчиллик 150 миллион киловатт соат бўлиши кутилаётганини инобатга олиб, мутасаддиларга вилоятда тақчилликни қоплаш бўйича кўрсатмалар берди.
Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, энергиядан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва тармоқларда йўқотишларни камайтириш, соҳага юқори технологияларни жалб қилиш юзасидан топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Шофиркон туманидаги “Бухара Азтекс” тикувчилик корхонаси фаолияти билан танишди.
Илгари бу туманда саноат умуман йўқ эди. Қишлоқ хўжалигидаги янгиланишлар, кластер тизими натижасида бу ерда ҳам саноат пайдо бўлди. Ҳозир биргина пахтадан ип, калава, мато, тайёр кийимлар, чигитдан ёғ, совун, озуқа ва бошқа ўнлаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
“Бухара Азтекс” ана шундай замонавий корхоналардан. Бу ерда пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ занжири йўлга қўйилган. Шу боис маҳаллийлаштириш даражаси 100 фоизга етган.
Лойиҳанинг қиймати 8,7 миллион доллар. Ускуналар Япония, Германия ва Туркиядан келтирилиб ўрнатилган. Минг нафардан ортиқ киши иш билан таъминланган.
Корхонада йилига 16 миллион дона тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Уларнинг 50 фоизини хорижга экспорт қилиш мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбари корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди, ишчилар билан мулоқот қилди.
Яна бир муҳим жиҳат, корхона томига қуёш панеллари ўрнатилган. Президент бу каби замонавий корхоналарни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида саноатни ривожлантириш ва энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Йиғилиш аввалида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар Ғиждувон туманидаги “Ғиждувон ипак тола”, Бухоро шаҳридаги “Лайхтер Камалак Текстайлен”, Жондор туманидаги “Аржумандбону чорваси”, Ғиждувон туманидаги “Усмон Шер Шамшод”, Ромитан туманидаги “ВБМ Ромитекс” корхоналари ва Бухоро шаҳридаги тўрт юлдузли меҳмонхонадир. Ипакчилик, тўқимачилик, паррандачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва туризм тармоқларига ихтисослашган бу мажмуаларда 3 минг 500 та янги иш ўрни очилмоқда. Умуман, буларнинг натижасида вилоят ишлаб чиқаришига 850 миллиард сўм қўшилади.
Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни расман ишга туширди. Видеоалоқа орқали уларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилди.
Йиғилишда Бухорода энергия таъминотини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, қўшимча қувватларни яратиш ва самарадорликни ошириш зарурлиги таъкидланди.
Бухоронинг иқлими иссиқ. Бундан фойдаланиб, 740 та корхонада 22 Мегаваттли, ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уйлар устида 11 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш мумкинлиги айтилди.
Электр тармоқларини янгилаш орқали 50 миллион киловатт соат электр йўқотишларини камайтириш, 45 та йирик саноат корхонасида энергия сарфи юқори бўлган ускуналарни алмаштириш имконияти кўрсатиб ўтилди. Хусусан, “Аму-Бухоро” насос станциясида частотали бошқариш воситаларини янгилаш ҳисобига бу йил 60 миллион, келгуси йил 100 миллион киловатт соат энергияни иқтисод қилиш мумкин.
Йиғилишда туманлардаги янги захираларни ишга солиб, саноатни ривожлантириш кераклиги қайд этилди.
Сўнгги беш йилда Бухорода 31 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 3 мингдан зиёд корхона ишга тушган. Ишлаб чиқариш 4,3 бараварга кўпайган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 27 триллион сўм бўлган. Саноат экспорти 200 миллион долларга етган.
Жорий йилда Бухорода 880 миллион долларлик 703 та корхонани ишга тушириб, 15 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу лойиҳаларга 220 миллион доллар кредит ва инфратузилмасига 100 миллиард сўм ажратилмоқда.
Президент ҳар бир туман ҳокимига қўшимча захира топиб, яна камида 50 миллион доллар инвестиция олиб келиб, янги лойиҳаларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасини бориб кўрди.
Бу мадраса 500 йиллик тарихга эга. Ундан кўплаб олимлар, имомлар, муфтийлар етишиб чиққан. Лекин ўтган асрда унинг мақоми ўрта махсус билим юрти даражасига тушиб қолган эди. Биноси ҳам зах тортган, китоблар етишмасди.
Шавкат Мирзиёев 2017 йилда бу ерга келиб, аҳволни кўрган, мадрасанинг тарихий мавқеини тиклашни мақсад қилган эди. Бунинг учун Арк яқинида янги бино барпо этилди ва яқинда фойдаланишга топширилди.
Олий мадраса 200 ўринга мўлжалланган. Бу ерда Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмлари, хорижий тиллар пухта ўргатилади. Бугунги кунда жами 107 нафар талаба таълим олмоқда.
Ўқув хоналари, кутубхона, фаоллар зали, талабалар ётоқхонаси ва хизмат уйи, спортзал ва бассейнда барча қулайликлар яратилган.
Давлатимиз раҳбари мадраса талабалари билан суҳбатлашди.
– Бундай узоқ тарихга эга таълим даргоҳлари жуда кам, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бугун унинг шароитини яхшилаб, тарихий адолатни тиклаганимиз хайрли иш бўлди, деб ўйлайман. Демократик ислоҳотларимиз натижасида диний соҳага ҳам эркинлик эпкини кириб келди. Шу билан бирга, ахборот макони ҳам очиқ. Интернетда илмий асоси бўлмаган турли талқинлар ҳам бор. Лекин уларни тажрибасиз ёшлар қаердан билади? Буни сизга ўхшаган илмли кишилар, имом-хатибларимиз исботлаб, тўғри тушунтириб бериши керак.
Диний таълим соатлари ва сифатини ислоҳ қилиш, уни амалиёт билан боғлаш бўйича фикрлар билдирилди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи якунланди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |