Сўнгги йилларда давлат ва жамиятни ислоҳ қилишда, аввало фуқаролар билан давлат органлари ўртасида самарали мулоқот тизими йўлга қўйилди. Давлат раҳбаридан тортиб энг қуйи бўғин раҳбарларининг аҳоли билан доимий ва юзма-юз мулоқот олиб бориш тизими жорий қилинди.
Хусусан, Президентимизнинг ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятларга ташрифи анъана тусига кирди. Жумладан, жорий йилнинг 24 февраль куни давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятида бўлиб, вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишди.
Ташриф аввалида Президентимиз Қарши туманида 2021 йилда янгидан ташкил этилган Янги Батош маҳалласида бўлиб, маҳалла инфратузилмаси, фуқаролар турмуш тарзи билан яқиндан танишди. Маҳаллада янгидан ташкил этилган 660 ўринли мактабда бўлиб, у ерда ўқувчи ёшлар ва педагоглар билан мулоқот қилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, бугун мамлакатда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина Қашқадарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, вилоятда 155 минг ўқувчи ўрни етишмас эди. Бунинг учун вилоятга 1 триллион маблағ ажратилиб, 215 та мактаб қурилди. Натижада Қашқадарё вилояти мактаблар сони бўйича республикада биринчи ўринга кўтарилди.
Мулоқот давомида давлат раҳбари эндиликда ўқувчилар мактабдан чет тилларини ва ҳунар ўрганиб чиқиши, 11-синф ҳаёт йўли синфи бўлиши ва ҳар бир ёш шундай ўқиб, жамиятда ўз ўрнини топса, бу Ўзбекистонимизга мустаҳкам замин бўлишини таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга, ташриф давомида Президентимиз Қарши шаҳридаги “Буюк турон” кичик саноат зонасида ҳам бўлиб, бу ерда тадбиркорлар учун яратилган шароитлар ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳамда ишчилар меҳнат фаолияти билан танишди. Ушбу саноат зонасида ҳозирга қадар 2 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 500 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Жорий йил охирига қадар яна 2 та лойиҳа ишга туширилади ва умумий иш ўринлари сони 1 минг 500 тага етади.
Албатта, ҳудудлар иқтисодиётини юксалтириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда бундай саноат зоналарининг ўрни беқиёс саналади. Боиси, Қашқадарё вилояти тадбиркорликни ривожлантириш учун меҳнаткаш аҳолиси сони юқори, бой табиий ресурслари етарли бўлган вилоят ҳисобланади.
Жумладан, вилоят ҳудудида ерости ва ерусти табиий қазилма бойликлари, қолаверса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича улкан хом ашё базаси ҳамда истеъмол бозори мавжуд. Аммо, вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг саноат усулида қайта ишлаш даражаси паст. Хусусан, етиштирилган меванинг 12 фоизи, сабзавотнинг 2 фоизи, узумнинг 4,8 фоизи, гўштнинг 1,1 фоизи, сутнинг 2,8 фоизи қайта ишланаётганлиги, бу маҳсулотларга вилоятнинг ўзида катта бозор борлигини кўрсатади.
Вилоятда кейинги 5 йилда етиштириладиган қарийб 10 миллион тонналик чорвачилик маҳсулотларини ёки қарийб 65 миллион тонналик деҳқончилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини жорий этиш зарурати мавжуд. Шу боис, вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари вилоятни келгуси йилларда ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб берди.
Йиғилишда, аввало, вилоятда энергия таъминотини яхшилаш чоралари кўрсатиб ўтилди. 2023 йилда вилоятда электр истеъмоли 6,9 миллиард киловатт соатни ташкил этиб, 310 миллион киловатт тақчиллик бўлиши кутилаётгани ҳисобга олиниб, Нишон ва Чироқчи туманларида 3 та қуёш электр станциясини ишга тушириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, электр тармоқлари янгиланиб, энергия истеъмоли юқори қурилмалар алмаштирилади. Йилига 2,2 миллиард киловатт сарфлайдиган Қарши магистрал каналининг насос станцияларида 6 частотали бошқариш воситаси ўрнатилади. Бу орқали шу йилда 50 миллион киловатт, келгуси йилдан бошлаб йилига 175 миллион киловатт электр иқтисод қилинади.
Йиғилишда вилоятда саноатни ривожлантириш, тадбиркорлик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор чоралар белгилаб олинди. Хусусан, 2023 йилда вилоятга 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 440 минг аҳолини даромадли иш билан таъминланади.
Айни кунда вилоятдаги тадбиркорлар учун яратиб берилган шароит сабаб 80 та маҳаллада 6 мингдан зиёд аҳоли касаначилик билан шуғилланиб келмоқда. Хусусан, касаначиликка жалб қилинган эҳтиёжманд фуқарога ижтимоий нафақа 6 ой давомида тўлаб берилмоқда. Асбоб-ускуна ва хомашё сотиб олишлари учун эса 9 миллион сўмгача субсидия тақдим этилади. Булар орқали Қашқадарёда яна 150 та маҳаллада қўшимча 20 минг аҳолини касаначи қилиш мумкинлиги қайд этилди.
Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Деҳқонобод, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Нишон туманларида сув таъминотини яхшилаб, 10 минг аҳолини банд қилиш, Миришкордаги 5 минг гектарли табиий кўлда балиқ етиштиришни кўпайтириш вазифалари белгилаб олинди.
Хулоса қилиб айтганда, ташриф давомида белгилаб берилган вазифа ва режалар, аввало, вилоят аҳолиси фаровонлигини ошириш, турмуш тарзини янада яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |