2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқи

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар! Муҳтарам меҳмонлар!

Мана шу гўзал ва ҳаяжонли дамларда муаззам “Янги Ўзбекистон” боғида туриб, сиз, қадрдонларимни, кўпмиллатли бутун халқимизни улуғ айём – Наврўз байрами билан самимий табриклайман.

Бугун бепоён Ватанимизнинг воҳа ва водийлари, шаҳар ва қишлоқлари, боғ ва майдонларида эл-юртимиз катта шоду хуррамлик билан Наврўз сайилларини ўтказмоқда.

Қалбларимиз қувончга тўлиб турган ушбу дилбар лаҳзаларда кексаю ёш жамики юртдошларимизни чин дилдан қутлаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Шарқона янги йилимиз муборак бўлсин!

Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ келсин!

Қадрли дўстлар!

Бугун жонажон юртимизга гўзаллик ва нафосат, яшариш ва янгиланиш, меҳр ва оқибат байрами – Наврўз кириб келар экан, дала ва қирларимиз, боғ ва яйловларимиз кўклам ёмғирлари – обираҳматдан баҳраманд бўлиб, бўлғуси мўл ҳосил, қут ва баракадан дарак бермоқда.

Ҳар бир инсон ўзининг табиат фарзанди эканини янада чуқур англаётган мана шундай мунаввар айёмга эл-юртимиз билан соғ-омон етганимиз учун, аввало, Яратганимизга беҳад шукроналар айтамиз.

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Биз бугун юртимизда Янги Ўзбекистонни – инсон эркин, озод ва фаровон яшайдиган жамият ва давлатни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдамиз.

Янги Ўзбекистон ғояси – бу 36 миллионли катта халқимизнинг азму қарори, унинг ҳаёт мазмунидир.

Бу олижаноб мақсад Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.

Инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш – мана, бизнинг бош мақсадимиз.

Шу эзгу йўлда иқтисодиётимиз ва ижтимоий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантириш, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, соғлом турмуш тарзи ва спорт, она табиатни асраш каби йўналишларда бошлаган катта-катта дастурларимизни жадал давом эттирамиз.

Ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишда биз мўътабар отахон ва онахонларимиздан, уларнинг доно маслаҳатлари ва дуои фотиҳаларидан куч-қувват оламиз.

Миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга – бутун халқимизга ишонамиз ва таянамиз.

Шу қутлуғ айёмда сизларнинг ҳар бирингизга Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун қўлимни кўксимга қўйиб, чин юракдан ташаккур билдираман.

Сиз, азизлар олдимизда турган муҳим сиёсий тадбирда ҳам юксак сиёсий тафаккур ва маданиятингизни намоён этиб, эришган ютуқларимиз ва  ислоҳотларимизни қатъий давом эттириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга ўз ҳиссангизни қўшасизлар, деб ишонаман.

Мана шу бетакрор лаҳзаларда кўкламнинг ҳар бир куни, ҳар бир соатини ғанимат билиб, даласига йўл олаётган миришкор деҳқон ва фермерларимизга энг эзгу тилакларимизни билдирамиз.

Бугун катта орзу-умидлар билан сафларимизга кириб келаётган навқирон ўғил-қизларимизни – Янги Ўзбекистон бунёдкорларини барчамиз самимий олқишлаб, уларга бахт ва омад тилаймиз.

Мен бир фикрни такрор ва такрор айтишдан чарчамайман – ҳар томонлама соғлом ва баркамол, билимли ва серғайрат ёшларимиз энг юксак марраларни эгаллашлари учун биз барча имконият ва шароитларни яратиб берамиз.

Азиз фарзандларимиз эл-юртимиз ишончини оқлаб, катта-катта ғалабаларга эришаётгани барчамизни чексиз қувонтиради.

Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қизғин беллашувларда мустаҳкам ирода ва маҳорат намунасини кўрсатиб, Осиё чемпиони деган юксак шарафли номга сазовор бўлди.

Айни пайтда улар Индонезияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритдилар.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшлари хоккей бўйича ўн саккиз ёш тоифасида барча рақибларни ортда қолдириб, Осиё чемпионлигини қўлга киритдилар.

Мамлакатимиз спорт тарихида илк бор мана шундай катта зафар қозонган ёш хоккейчиларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди.

Айниқса, иқтидорли ҳужумчимиз Жасурбек Рустамхонов мусобақа давомида ўн тўртта гол уриб, чемпионатнинг ҳақиқий қаҳрамонига айланди.

Шунингдек, юртимиз ёш шахматчиларининг юксак интеллектуал салоҳияти дунё бўйлаб тилларда достон бўлмоқда, десак, асло муболаға бўлмайди.

Яқинда Тошкентда хотин-қизлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда истеъдодли шахматчи қизимиз Нилуфар Ёқуббоева 100 дан ортиқ хорижий иштирокчилар қатнашган мусобақада фахрли иккинчи ўринни қўлга киритганини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман.

Мана шундай умидбахш ютуқлари билан азму шижоатли фарзандларимиз юртимиз ёшлари қандай улкан ишларга қодир эканини яна бир бор яққол намоён этдилар.

Шу каби ғоят муҳим ютуқларга ёшларимиз илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт соҳаларида ҳам эришиб келмоқдалар.

Шу муносабат билан ёш чемпион ва совриндорларимизни, уларнинг устоз ва мураббийлари, ота-оналарини, барча спорт мухлисларини, бутун халқимизни чин қалбимдан табриклайман.

Бу, ҳеч шубҳасиз, азамат ёшларимизнинг эл-юртимизга ҳақиқий Наврўз совғаси бўлди.

Янги Ўзбекистонга албатта мана шундай ғалабалар ярашади.

Янги Ўзбекистонга миллионлаб тенгдошларига ўрнак ва намуна бўладиган мана шундай ватанпарвар, қаҳрамон ёшлар керак.

Ўз даврида жаҳонни лол қолдирган буюк аждодларимизнинг муносиб давомчилари бўлган бундай ёшларимиз билан халқимиз, Ватанимиз ҳақли равишда фахрланади.

Катта раҳмат сизларга, азиз фарзандларим! 

Ҳаёт йўлларингизда барчангизга доимо янги омад ва зафарлар ёр бўлсин!

Муҳтарам ватандошлар!

Мир Алишер Навоий бобомизнинг олам аҳлига, биз – авлодларга қарата “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин!” деб айтган тилакларини ҳаммамиз яхши биламиз.

Шу маънода, кексаларга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, ёрдам ва кўмакка муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, беморларнинг дардига дармон бўлиш каби халқимизга хос савобли амалларни нафақат Наврўз айёмида, балки ҳар куни, виждон амри билан адо этишимиз лозим.

Бугун биз барпо этаётган ижтимоий ва халқпарвар давлатда меҳр-шафқат, саховат ва ҳиммат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур.

Мен барчангизни, авваламбор, раҳбар ва мутасаддиларни шу борада янада фаол ва самарали ҳаракат қилишга даъват этаман.

Токи азалдан “одамийлик диёри” деб шуҳрат қозонган Ватанимизда ҳар бир инсон халқимиз ва давлатимизнинг меҳри ва эътиборини тўла ҳис қилиб яшасин.

Қадрли дўстлар!

Бу йилги хосиятли Наврўз фасли юртимизга кўплаб қувончли воқеалар, қўшалоқ байрамларни бошлаб келмоқда.

Шу кунларда барчамиз яна бир қутлуғ ва фазилатли ой – муқаддас Рамазони шариф арафасида турибмиз.

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, юртимиз мусулмонларини, бутун ислом умматини ана шу табаррук айём билан чин қалбимдан муборакбод этаман. 

Ушбу илоҳий ойда қиладиган хайрли амалларимиз қабул бўлиб, эзгу ва пок ниятларимиз ижобат топишини тилайман.

Айни вақтда мамлакатимизда эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан ҳам барчангизни қутлайман.

Мустақиллик йилларида Наврўзи олам диёримиздаги барча миллат ва элат вакилларини ягона ва аҳил оила этиб бирлаштирадиган дўстлик ва нафосат байрамига айланганини биз юксак қадрлаймиз.

Бундай ноёб ва бебаҳо бойлигимизни ҳамиша кўз қорачиғидай асраб-авайлаймиз.

Тинчлик ва бағрикенглик элчиси бўлган бу айём – 21 март Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарори билан Халқаро Наврўз куни сифатида кенг нишонлаб келинаётгани албатта барчамизни хурсанд қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, бизга ҳурмат кўрсатиб, бугунги сайил-шодиёнамизда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларини, халқаро ташкилотлар вакилларини чин дилдан қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига самимий салом ва эзгу тилакларимизни йўллаймиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Барчангизни, бутун халқимизни Наврўз умумхалқ байрами билан яна бир бор табриклайман.

Фасли навбаҳор ҳар бир оила, ҳар бир маҳаллага, элу юртимизга тинчлик ва фаровонлик, бахту саодат олиб келсин!

Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар