“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Байрам Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди.
Президент Шавкат Мирзиёев халқимизни ушбу қутлуғ айём билан муборакбод этиб, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳақида маъруза қилди.
Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш - барчамизнинг шарафли бурчимиз эканини алоҳида таъкидлади.
Конституциямизнинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул экани белгилаб қўйилган.
Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз раҳбари бўлган илк кунларданоқ мазкур конституциявий принцип давлат сиёсатининг асосига айланди. Президентимиз халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилишни олий мақсад, мезон қилиб қўйди. Ташкилотлар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида ишлайдиган бўлди.
Инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида кейинги икки йилда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам катта ўзгаришлар қилинди. Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди. Фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилди. Суд-тергов фаолиятида очиқлик ва қонунийликни таъминлаш, оворагарчилик ва ортиқча сарф-харажатга йўл қўймаслик мақсадида тизимга ахборот технологиялари жорий этилди.
Давлатимиз раҳбари Конституциянинг бош мақсади – халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш борасида қилинган ва қилинажак ишларга ҳам эътибор қаратди. Жамоатчилик ва халқаро экспертлар фикрлари асосида Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилингани, унга мувофиқ солиқ ставкалари пасайтирилиши, баъзи бадал ва тўловлар бекор қилиниши, тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринлари яратиш рағбатлантирилишини таъкидлади.
Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвесторлар учун кенг шароитлар яратиш, айниқса, инфляция даражасини пасайтириш бўйича олдиндаги муҳим вазифаларни кўрсатиб ўтди.
“Агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунёдаги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт. Ягона йўлимиз шу. Бу – Асосий қонунимиз талаби. Бошқа йўл йўқ. Биз бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз ва улар албатта ўзининг ижобий натижасини беради” деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз ўз маърузасида фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, ёшларни ўқитиш ва касбга тайёрлаш, иш ва уй-жойлар билан таъминлаш, пенсионерларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди.
Яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади. Ёшларнинг илмга интилишини кучайтириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, хорижий мамлакатлар билан турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бундан буён ҳам ислоҳотлар марказида бўлишини қайд этди.
«Чунки билимли авлод – буюк келажакнинг, тадбиркор халқ – фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса – тараққиётнинг кафолатидир!” деди давлатимиз раҳбари.
Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ва санъат намояндалари, хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Байрамдаги концерт дастури илк бор тўлиқ жонли ижрода ўтказилди. Унда халқимиз ҳаётидаги ўзгаришлар, мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва қўшни давлатлар билан дўстлик сиёсати намоён бўлди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |