Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳининг “Оққўрғон тажрибаси” асосида Тошкент шаҳридаги фаолияти давомида тадбиркорликни ривожлантириш орқали ишсиз инсонлар учун доимий иш ўрнини яратиш, аҳолининг реал даромадини оширишга катта эътибор қаратиляпти.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 146 нафар мурожаатчига 3,6 млрд. сўм кредит ажратилгани, айниқса, энди оёққа тураётган тадбиркорлар учун катта мадад, яхшигина дастмоя бўлди.
Бир мисол, олмазорлик Умида Охунова “Шифокорлар” маҳалласида 210 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилотини йўлга қўйиб, 20 дан ортиқ иш ўрни яратди-ю, бироқ муассасани жиҳозлашда андак қийналиб қолди. Айни шу вазиятда тадбиркор аёлдан ҳол сўраб келган Ишчи гуруҳ вакиллари бу масалани тез орада ҳал қилиб беришди. 1 млрд. 300 млн. сўм имтиёзли кредит эвазига, мана, болажонлар учун замонавий мебель жиҳозлари харид қилинди.
“Аёллар дафтари”да рўйхатда турган Умида Тошмуҳаммедовага ҳам ўзи яшаётган “Табассум” маҳалласидан ижарага бўш жой топиб берилиб, 30 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бунинг эвазига аёл 5 та тикув машинаси харид қилиб, иш бошлади.
Икром Содиқов эса худди шундай эътибор боис 33 млн сўм кредит олиб “Шодиёна” маҳалласида пойабзал таъмирлаш устахонасини очиб, ишли бўлди.Бектемир тумани Миришкор маҳалласида яшовчи Манзура Байъатовани ишли-даромадли қилиш масаласи эса бир неча босқичда ҳал қилинди. У аввал тикувчилик ҳунарига ўқитилди. Сўнг 10 млн сўм субсидия ҳисобига 2 та тикув машинаси билан таъминланди. Аёл ўзини эплаб, ишни юргизиб кетди.
Бу жараёнда электр ва иссиқлик энергияси, газ, ичимлик суви таъминоти, йўллар таъмири ва инфратузилмалар билан боғлиқ энг бирламчи ҳаётий масалаларга ечим топиляптики, бу билан кўплаб оилаларни ўйлантираётган тизимли муаммолар ҳам ҳал қилиняпти.
Айтайлик, бу йилги аёзнинг аччиқ сабоғидан сўнг Чилонзор тумани “Боғзор” маҳалласида 200 дан ортиқ хонадонли кўп қаватли 3 та уйни намуна сифатида базальт қопламаси билан ўралди. Бу билан хонадонлар қишда совуқдан, ёзда иссиқдан ҳимояланади. Шунингдек, маҳалладаги 20 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг томи, фасади, кириш йўлаклари таъмирланди, темир эшиклар ўрнатилди. Ички кўчалар асфальтланди, болалар ўйингоҳлари, ворк аутлар, шийпонлар ўрнатилди.
Чилонзорнинг “Гавҳар” маҳалласига ҳам янги трасформатор ўрнатилиши билан эса 500 дан ортиқ хонадоннинг электр таъминоти барқарорлашди, шунча хонадон вакилларини ўйлантирган тизимли масала ҳал қилинди
Яккасаройнинг “Дамариқ” маҳалласи Андижон кўчасида яшовчи аҳоли ҳам чироқ тез-тез ўчишидан зада бўлиб қолган, сабаби электр тармоқлари эскириб кетган эди. Бу масала ҳам шу кунларда бартараф этилиб, 2 километр тармоқ янгилаб бериляпти.
“Боғсарой” маҳалласи Кичик Миробод кўчасидаги 8-уй ертўласидаги иссиқ ва оқава сув тармоқлари таъмирланиши билан 60 та хонадонни ўйлантирган масалага ечим топилди.
Яккасаройда ички йўлларни таъмирлаш борасида ҳам ишлар авжида. Дейлик, “Тепа” маҳалласи аҳолиси нотекис, ўйдим-чуқур йўллардан зада бўлиб арз қилиб келарди. Мурожаатлардан сўнг бу масала дастурларга киритилди ва мана, бугун асфальтлаш ишлари бошлаб юборилди.
Ҳамид Сулаймонов маҳалласи Шота Руставели кўчасидаги йўллар ҳам таъмирлангач, равон бўлди.
Президент Халқ қабулхоналарининг ўтган йили Бектемир туманидаги ўрганишларидан сўнг Йикота маҳалласи Темирчилар кўчасидаги пала-партиш солиб олинган уйлар ўрнига ички имкониятлар ҳисобидан 65 та оилага янги турар-жойлар қуриб берилди. Тупроқ кўчалар асфальтланди, 2 гектар ер чиқиндилардан тозаланди. Пойтахтда қўриқдек очилган бу майдонда бугун 3 минг тупдан зиёд манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, боғ бунёд этиляпти.
Гулбоғ маҳалласи аҳолиси эса кўп йиллар ер ости қудуқларидан сув ичиб келган бўлса, энди дастурлар асосида қарийб 13 км. ичимлик суви тармоғи тортиляпти. Бу билан 538 та хонадонга оби-ҳаёт кириб келяпти, кўпмиллатли гулбоғликларнинг кўпйиллик орзулари рўёбга чиқяпти.
Бу йил худди шундай “Бектемир” маҳалласига 4,3 км. ичимлик суви тармоғи тортилиб, 754 та хонадонга ободлик олиб кириляпти. “Устозлар” маҳалласидаги 825 та хонадон эса марказий оқава сув тармоғига уланяпти. Бунинг учун 5,7 километр тармоқ тортилди.
Ўтган йили Бектемир туманидаги ўрганишлар Абай, Йикота, Иқбол маҳаллалари ёшлари учун умуман мактаб йўқлигини кўрсатган эди. Бу масала тегишли йўл харитасига ва дастурларга киритилгач, бу йил 29 млрд. сўм эвазига 900 ўринли замонавий мактаб биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди.
“Бектемир” маҳалласидаги 600 ўринли 348-мумтаълим мактабида эса жорий таъмирлаш ишларига киришилиб, ҳозирча 1976 йилда қурилиб бирон марта таъмир юзини кўрмаган мактабнинг томи тўлиқ янгиланди.
Бу каби амалий ишлар пойтахтимизнинг барча туманида амалга ошириляпти.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |