Президент ташрифидан сўнг...
Ҳар бир маҳалла ўзида юртнинг сирини сақлайди. Сирни билиш эса жуда осон – у билан танишиш кифоя. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин. Барчаси кўринганидек. Бу ерда халқнинг кайфияти, дастурхонида нима бор-йўқлиги, мамлакатда қандай ўзгаришлар бўлаётгани рўй-рост намоён.
Давлат раҳбарининг ҳудудларга ташрифлари давомида маҳаллаларни айланиши анъанага киргани халққа манзур бўлаётгани ҳам шундан.
Президентнинг Нукус шаҳридаги Алтин жағис маҳалласидаги ташрифини ёритган журналистлар сафида биз ҳам бор эдик. Ўшанда ҳаммаси жуда самимий ўтган эди. Ёшуллилар, фаоллар, ёшлар давлат раҳбарига ўз маҳалласидаги ўзгаришларни сўзлаб беришди...
Бу ҳақда сал кейинроқ батафсил тўхталамиз. Ҳозир эса Нукусдаги маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар, ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтишни ўринли деб билдик.
Ўтган йили Жанабазар ва Чимбой гузари маҳаллаларини обод масканга айлантиришга киришилди. Бунинг учун барча давлат идоралари ва ташкилотлари бир ёқадан бош чиқарди. Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, маҳалла инфратузилмасини такомиллаштириш, манзилларни обод этиш бўйича ҳамжиҳатликда ишланди. Бу эзгу ташаббус бугун Нукус шаҳрининг барча маҳаллалари бўйлаб кенг қулоч ёйган.
Жанабазар – Нукус шаҳрининг чекка қисмида, саҳро қумлари ўртасида жойлашган маҳаллада. Бу ернинг ўзига яраша муаммо ва қийинчиликлари кўп эди.
Узунлиги 850 метрлик Темир жол жағаси кўчаси бўйида 36 та хонадон жойлашган. Бу хонадонларнинг томорқа ерлари тартибга келтирилди. Йигирмадан ортиқ уй таъмирланди, баъзиларининг томи шиферланди. Кўча бўйи махсус техникалар ёрдамида текисланди. Пиёда ва автотранспортда ҳаракатланиш учун қулайлик яратилди.
Маҳаллада бундай катта-кичик кўчалар сони 40 та. Ҳар бир кўчада мана шундай ўзгаришлар бўлди. Бу орқали бутун маҳаллада қандай янгиланиш бўлганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Чимбой гузари маҳалласи ҳудудига одамлар бундан йигирма йиллар олдин ўрнаша бошлаган. Ўшанда уйлар режасиз қурилгани оқибатида кўчалар тартибсиз тушган. Шунингдек, электр энергияси ва ичимлик суви етишмаслиги жиддий муаммолардан бири эди.
Ўн тўрт минг нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган бу маҳалла “Обод маҳалла” дастурига тушди. Бугун бу ердаги таъмирланган кўчалар, пиёдалар йўлакчаси кўзни қувнатади. Трансформаторлар, зарар кўрган устунлар янгисига алмаштирилди. Электр тармоқлари билан боғлиқ муаммолар барҳам топди. Ариқлар тозаланиб, кўплаб дарахтлар экилди.
Ҳудудда енгил конструкциядан тўқимачилик корхонаси ташкил этилди. Натижада 300 дан ортиқ хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Дарвоқе, Президентимиз ўтган йили бу ерда қилинаётган ишлар билан танишиш мақсадида маҳаллага ташриф буюрган эди.
– Президентимиз ҳар сафар Қорақалпоғистонга ташаббуслар, янги ғоялар, кутилмаган янгиликлар билан ташриф буюради, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Сағиндиқ Турманов. – Бу галги ташрифида ҳам шу анъана бўлди. Хусусан, Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилиши катта янгилик бўлди. Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга жорий йилда 250 миллиард сўм йўналтирилиши ҳазилакам ишмас. Шунингдек, кадастри йўқ 38 мингта уй-жой ва кўчмас мулк бўйича тегишли ҳужжатлар қилиб бериладиган бўлди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистонни “ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, Президентнинг 2022 йил 25 октябрда “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат асосида Оролбўйида 252 та маҳаллада қатор ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминоти, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш белгиланган. Ҳудудда ҳужжат ижроси бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Айтилганидек, Алтин жағис маҳалласига қайтамиз. Бу ерда 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Манзилли ишлар Алтин жағисда ҳам ўз натижасини бермоқда.
– Яқин-яқингача бу ер транспорт воситалари келиши қийин, коммуникация тармоқлари камчил жой эди, – дейди маҳалла раиси Нигаргул Гобенова. – Ўтган йили бу ер “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Йўл, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда газ тармоқлари янгиланди. Маҳалла биноси янги қурилиб, унинг атрофида болалар майдончалари, тиббиёт пункти, тадбиркорликка кўмаклашувчи марказ, савдо шохобчаси ташкил этилди. Замонавий спорт мажмуаси қуриб битказилмоқда. Бундай яхлит мажмуа аҳолига қулайлик яратади. Давлатимиз раҳбари маҳалладаги ўзгаришларни кўздан кечирди, сумалак сайлимизда қатнашди. Хонадонларимиздан бирида ифторлик қилди, халқнинг дастурхонини ўз кўзи билан кўрди. Бу ўзгаришлар учун барчамиз Президентимизга раҳмат айтдик.
Маҳалланинг ери унумдор эмас. Аҳоли асосан хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш орқали даромад олади. Маҳаллада маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тикувчилик корхоналари, новвойхона, мебель устахоналари ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари кўп. Келгусида қуёнчилик ва балиқчиликни ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Тинчлик ва оғзибирчилик бор жойда манзиллар обод бўлаверади. Оролбўйида амалга оширилаётган хайрли ташаббуслар эса халқимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин бўлади.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |