2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Маҳаллий Кенгашларда долзарб масалалар муҳокама қилинди

2018 йилнинг 19-20 декабрь кунлари Тошкент вилояти Охангарон шаҳри, Охангарон ва Қибрай туманларида, Навоий вилояти Навоий шаҳри ва Қизилтепа туманида, Наманган вилояти Наманган шаҳрида Ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг сессиялари ўтказилди. Улар ишида Олий Мажлис Сенати аъзолари, давлат ҳокимияти органлари, тегишли вазирликлар, идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Кун тартиби доирасида асосий эътибор туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, шунингдек аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижроси юзасидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларига қаратилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси аввало жойлардаги барча тузилмалар ўз вазифаларини қай даражада бажараётганига боғлиқдир. Бу борада амалга оширилаётган жараёнларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий вакиллик ҳокимияти идоралари, қолаверса маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идораларининг изчил ҳамкорлигини таъминлаш, белгиланган вазифалар ижроси устидан назоратни кучайтириш алоҳида аҳамият касб этади.   

Ушбу  ҳамкорлик зарур даражада йўлга қўйилмаганлиги оқибатида жойларда аҳолини ўйлантираётган, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар кўлами ҳануз камайганича йўқ. Буни  Республика ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида жорий йилнинг 19-27 ноябрь кунлари 21 та маҳаллада уйма-уй юриш ҳамда ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш давомида аниқланган масалалар ҳам тасдиқлаб турибди. Бунда энг кўп муаммолар  кўча ва йўлларини таъмирлаш, электр энергияси таъминоти, бандлик, ичимлик суви, соғлиқни сақлаш,  уй-жой шароитларни яхшилаш билан боғлиқлиги қайд этилди. Аниқланган муаммоларнинг  бор-йўғи 56 таси (4,0%) жойида бартараф этилгани аҳоли кўтараётган масалаларнинг аксарияти чуқур илдиз отганидан дарак беради.

Шу муносабат билан сессияда одамларнинг турмуш сифатига таъсир этаётган ижтимоий масалаларнинг туб сабаблари таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, муаммоларнинг юзага келишига аввало бошқарувнинг эскирган, самарасиз шаклларидан ҳамон фойдаланиб келинаётгани сабаб бўлмоқда. Қолаверса, тегишли даражадаги мансабдорларнинг масъулиятини кучайтириш, айниқса жамоатчилик назоратининг янги, натижадор усулларидан фойдаланиш, бунда назорат маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари даражасидан бошланиши лозимлиги таъкидланди.

Сессиялар кун тартибида урғу берилган масалалардан бири аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳолати ҳақида бўлди. Хусусан, халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгаши сессиясида таъкидланганидек, туманда 29 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, 94 427 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ишчи гуруҳ ўрганиши давомида бандлик билан боғлиқ 1435 та муаммо аниқланган. Шундан келиб чиқиб, сессияда таъкидланганидек, туманда нафақат ёшлар, балки турли ёшдаги инсонлар бандлигини таъминлаш долзарб масала бўлиб турибди. Уни ҳал қилиш мақсадида жорий йилда туманда 4 маротаба меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, уларда 100дан ортиқ корхона ва ташкилотлар 1194 та бўш иш ўрнини таклиф этганлар. Уларга асосан аёллар ва ёшлар жойлаштирилган.

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва фаолиятини кенгайтириш орқали фуқаролар бандлигини таъминлашга ҳам катта аҳамият берилмоқда. Бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида сессияда вақтинча банд бўлмаган фуқароларни жамоатчилик ишларига кенг жалб этиш, туманда амалга оширилаётган қурилиш ишларида кўпроқ маҳаллий аҳоли вакиллари кучидан фойдаланиш ва уларга муносиб иш ҳақи тўланишини назоратга олиш таклиф этилди.

Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши сессиясида қайд этилганидек, ҳудудда 221 585 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бунда одамларни қийнаб келаётган муммолар орасида ичимлик суви таъминоти алоҳида қайд этилди. Хусусан, сессияда таъкидланганидек, тумандаги 87 та маҳаллада жами 386,9 км ичимлик сув тармоқлари мавжуд бўлиб, 120 км қисмининг яроқлик муддати ўтиб кетган. Натижада ичимлик суви 30-40 фоизга исроф бўлмоқда.  

Шу муносабат билан сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 мартдаги “Тошкент вилояти ичимлик суви таъминоти тизимларини реконструкция килиш” тўғрисидаги қарори асосида (1-босқич) Осиё тараққиёт банки иштирокида сув таъминотини яхшилаш белгиланганганлиги таъкидланиб, мазкур тадбирларни сифатли ва ўрнатилган  муддатларда амалга ошириш лозимлигига урғу берилди. Бу борада  Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Тошкент вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига зарур тавсиялар берилди.

Туман бўйича жами 8 та маҳалла оғир ҳудудлар ҳисобланиб, булар - “Нуробод”, “Кўприкбоши”, “Узумзор”, “Қипчоқ” “Ўткир” “Май”, “Шарқ” ва “Шалола” МФЙлар. Шундан 3 таси: “Май”, “Шарқ” ва “Шалола” маҳаллалари Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган.

Таъкидланганидек, ушбу ҳудудлардаги умумий долзарб муаммолар бу – инфратузилма ва ижтимоий объектлар соҳаси. Хусусан, ичимлик суви таъминоти деярли мавжуд эмас, йўллар таъмирлашга муҳтож, газ ва электр энергияси таъминоти талаб даражасидан жуда йироқ. Қолаверса, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи ўта долзарб, мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим мактаблари, жамоат транспорти билан боғлиқ муаммолар одамларнинг кундалик турмуши сифатига таъсир қилмай қолмаяпти.  Хусусан,  “Шарқ” маҳалласи туман марказидан 30 км узоқликда жойлашган бўлиб, туман марказига ушбу ҳудуддан жамоат транспорти қатнови умуман йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, боғча, қишлоқ врачлик пункти мавжуд эмас.  Сессияда шу каби ҳолатлар муҳокама қилинар экан, аввало аҳоли турмуш шароитини яхшилашда катта ўрин тутган маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш борасида зудлик билар зарур чора-тадбирлар кўриш, бунинг учун  ажратилаётган бюджет маблағлари назоратини кучайтириш, зарур ҳоллатда тижорат банкларининг кредит маблағларидан фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши сессиясида таъкидланганидек, ҳудудда мавжуд долзарб муаммолардан бири бу имтиёзли нархларда сотилиши белгиланган, қолипланган нон  маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун давлат заҳирасидан ажратиладиган ва ҳокимликлар томонидан тақсимланадиган ун ҳомашёсини тўғри тақсимланишида йўл қўйилаётган камчиликлар хисобланади.

Хусусан, “Наманган нон маҳсулотлари савдо” МЧЖ давлат аҳамиятига молик 1-тоифали махсус объект ҳисобланади. Мазкур корхонанинг 1 ойлик қуввати 1000-1300 тонна бўлиб, махсус қолипланган нон маҳсулотларига ихтисослашган 9 та печлари мавжуд. Аммо ҳозирда соҳанинг мутасадди раҳбарлари томонидан имтиёзли нархларда тарқатиладиган ун хомашёси ҳудудда фаолият юритувчи бошқа тадбиркорларга етказиб берилиши оқибатида “Наманган нон маҳсулотлари савдо” МЧЖ корхонасига ажратиладиган ун хомашёси кескин камайган. Натижада ҳозирда мавжуд 9 та печлардан атиги 1 таси ишлаётганлиги аниқланган. Айланма маблағлар  камайганлиги натижасида  ишчиларнинг сони қисқарган ва мазкур корхона 2017 йил ва   2018 йилда катта зарар кўрган. Сессияда таъкидланганидек, аҳолининг кескин эътирозларига сабаб бўлаётган бу каби муаммолар кечиктирмай ҳал қилиниши лозим. Чунки пировардида бундай ҳолатлар ижтимоий зиддиятларнинг келиб чиқишига, норозилик кайфияти пайдо бўлиши ва кучайишига олиб келиши мумкин.

Навоий вилоятида бўлиб ўтган халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши сессиясида таъкидланганидек, аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан Навоий шаҳрида 2018 йилнинг январ-ноябр ойларида 6606 та (127%) янги иш ўринлари ташкил этилганлиги қайд этилган. Бунда республика аҳамиятидаги саноат корхоналари билан бир қаторда кичик ва ўрта бизнес вакилларининг ҳам иштироки катта эканлиги таъкидланди. Бу жараёнда айниқса мамлакатимиздаги энг ёш шаҳар ҳисобланган навоийлик ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Сессияда  2019 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурига мувофиқ  шаҳарда қўшимча иш ўринлари ташкил этиш юзасидан зарур чоралар кўрилиши лозимлиги, дастурларда назарда тутилган иш ўринлари тўғрисида аҳолини хабардор қилишда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда мавжуд бўш иш ўринларига айнан шаҳардаги ишсизларни жалб этишга эришиш мақсадида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Интернетдаги ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.

Халқ депутатлари Қизилтепа туман сессиясида қайд этилганидек,  Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳудудда олиб борилган ўрганишлар давомида қарийб 3221 та муаммо аниқланган, уларнинг 2890 тадан кўпроғи ҳал этилган. Бундан келиб чиқадики, туманда аксарият   масалаларнинг ечими  кўпроқ маҳаллий мутасаддиларнинг ваколат ва вазифалари доирасида бўлган. Шу муносабат билан мажлисда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва бошқарув органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, мансабдорларнинг маъсулиятини ошириш лозимлиги уқтирилди. 

Кун тартибига кўра тумандаги бўш турган бинолар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ер майдонлари ҳамда улар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борар экан, ҳудудда жами 265 та бўш турган бино, қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ер майдонлари мавжудлиги, мазкур объектларнинг катта қисми  давлат мулки, шунингдек аввал хусусийлаштирилган ва айримлари давлат улуши мавжуд корхоналари объектлари эканлиги қайд этилди. Сессияда аввал хусусийлаштирилган ва инвестиция лойиҳаларига киритилган иншоотлар   инқирози сабаблари чуқур таҳлил қилиниб, янги ишлаб чиқилаётган лойиҳаларда ушбу омиллар ҳам ҳисобга олиниши лозимлиги таъкидланди. Бунда Навоий вилояти Инвестиция бошқармаси, Иқтисодиёт бошқармаси ва тижорат банклари  мулкдорлар томонидан қурилган объектларни ишга туширишга қаратилган инвестиция лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида кўмаклашиши лозимлиги уқтирилди.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида ҳудудларни ривожлантириш ва уларнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек туман аҳолиси турмуш даражаси ва сифатини янада оширишга оид бошқа масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, инвестиция лойиҳаларини ва бошқа йўналишлардаги ишларни рўёбга чиқариш масалалари юзасидан масъул шахсларнинг ахбороти эшитилди. Ҳудудларни комплекс ривожлантиришга оид вазифалар бажарилиши устидан парламент, депутатлар ва жамоатчилик назоратини таъминлаш чора-тадбирлари ҳам батафсил кўриб чиқилди.

Сессияларда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Маҳаллий Кенгашларнинг туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, шунингдек аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижроси юзасидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларига бағишланган сессиялари бошқа вилоятларда ҳам ўтказилмоқда.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар