Шу кунларда барча хизмат кўрсатиш соҳаларида куз-қиш мавсумига жиддий ҳозирлик кўрилмоқда.
Халқимизда “Қиш ғамини ёзда е”, деган нақл бежизга айтилмаган. Дарҳақиқат, қайси соҳада бўлмасин, ўз вақтида кўрилган тайёргарлик турли кўнгилсиз ҳолатларнинг келиб чиқишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, газ хўжалигини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, бунда газ етиб бориши қийин бўлган, қишнинг қаҳратон кунларида газ босими тушиб кетадиган ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ва унинг тумангаз идоралари томонидан белгиланган режа асосида иш олиб борилмоқда.
Ҳеч кимга сир эмас, жорий йил январь ойидаги аномал совуқ барча тизимлардаги камчилик ва муаммоларни кўрсатиб қўйди. Айни пайтда 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик даврида табиий газ етиб бориши қийин бўлган оғир ҳудудларда реконструкция қилиш ва монтаж ишлари бошлаб юборилган. Жумладан, Кармана туманидаги Каловат ва Боғишамол кўчаларида газ қувурлари диаметри 89 миллиметр бўлган газ қувурларига алмаштирилган бўлса, туманнинг “Варқ” ҳамда “Талқоқ” маҳалларида ҳам куз-қиш даврида газ таъминотини яхшилаш мақсадида қатор ишлар бажарилди.
– Кармана туманида кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишлари давомида табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилган, – дейди “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Шерпўлат Авезов. – Жумладан, “Талқоқ” маҳалласида истеъмолчиларга бир маромда табиий газ етказиб бериш мақсадида ер ости газ қувурлари ер устига чиқарилди. Бу билан маҳалладаги 5180 истеъмолчи хонадонларига 2023-2024 куз-қиш мавсумида табиий газ бир маромда бориши таъминланади.
– Маҳалламизда 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Талқоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зиёдулла Рўзиев. – Ўтган йили қиш оғир келгани сабаб газ босими пасайиб, қийналгандик. Бу йил тумангаз идораси ходимлари томонидан табиий газни узлуксиз ва бир меъёрда етказиш учун тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Бундан хурсандмиз, албатта.
Айтиш керакки, Хатирчи туманидаги “Ғалабек”, “Деҳқонобод” ва А.Навоий, Нурота туманидаги “Нур фахр”, Қизилтепа туманидаги “Башир”, “Арабхона” ва “Ўртақўрғон”, Навбаҳор туманининг “Гулистон” маҳалларида ҳам ўтган қиш мавсумида табиий газни узлуксиз етказилишида муаммолар кузатилган эди. Жорий йилдаги тайёргарликда ушбу маҳаллаларда ҳам газ қувурларини реконструкция қилиш, монтаж ва демонтаж тадбирлари кетма-кетликда олиб борилмоқда. Асосий мақсад бу йилги куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонларига бир маромда табиий газ кириб боришини таъминлашга қаратилган.
Навбаҳор туманидаги “Арабхона” маҳалласи табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлардан саналади. Бугунги кунда 568 истеъмолчига эга бўлган маҳалланинг Буюк ипак йўли кўчасида реконструкция ишлари қизғин давом этмоқда.
– Табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадидаги тадбирларимизга 2 та пайвандлаш бригадаси жалб этилган, – дейди “Навбаҳортумангаз” газ таъминоти бўлими устаси Олим Пўлатов. – “Арабхона” маҳалласида диаметри 89 миллиметр бўлган газ қувурлари тортилмоқда. Натижада 320 хонадонда газ таъминоти янада яхшиланишига эришилади. Реконструкция ишларини август ойининг охиригача якунлашни режалаштирганмиз.
Вилоятда филиал ва тумангаз идоралари ходимлари томонидан мавсумни беталофат ўтказиш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига асосан ишлар олиб борилмоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |