2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Тошкент юқори технологиялар ривожланган йирик халқаро марказга айланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан мақсад ҳаётимиз ободлиги, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини таъминлашдан иборат. Бу тиббиёт тизимидаги изчил ўзгаришларда ҳам акс этмоқда. Аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар натижасида мамлакатимизда ўртача умр кўриш 1990 йилдаги 67 ёшдан 2017 йилда 74 ёшни ташкил этди. 

Халқимизга сифатли ва ўз вақтида тиббий хизматлар кўрсатишда хусусий секторнинг улуши ортмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хусусий тиббиёт муассасалари қуриш ва кўрсатилаётган тиббий хизмат турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

2018 йилда мамлакатимизда 400 дан зиёд, жумладан, Тошкент шаҳрида 115 та хусусий клиника ташкил этилди. 

Президентимиз ана шундай муассасалардан бири, Мирзо Улуғбек туманидаги "ДМС" хусусий инновацион клиникасига ташриф буюрди. 

Тўрт қаватли ушбу шифо маскани хавфсизлик, энергия тежамкорлик ва мижозлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, кўп тармоқли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича энг замонавий талабларни ҳисобга олиб қурилган. Клиника фасади Германиянинг инновацион технологияси асосида ишлаб чиқарилган иссиқлик ва овоз қайтарувчи изоляция материаллари билан қопланган. 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Зулфия Мақсудова раҳбарлик қилаётган клиника Россия, АҚШ, Германия, Австрия, Японияда ишлаб чиқарилган юқори технологияли тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Шифокорларнинг барчаси хориждаги етакчи клиника ва тиббиёт марказларида малака оширган. 

Жорий йил апрель ойида фаолият бошлаган инновацион клиникада офтальмология, нейрожарроҳлик, ортопедия, пластик жарроҳлик, кардиология, ЛОР, педиатрия, реабилитация, физиотерапия каби ўн бешдан ортиқ ихтисослик бўйича ташхислаш ва даволаш йўлга қўйилган. Замонавий лаборатория диагностикаси билан таъминланган. 

Биринчи қаватда беморлар ташхисдан ўтказилиб, мутахассислар маслаҳатини олади. Иккинчи қаватда жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Вилоятлар ва қўшни мамлакатлардан келган беморлар ётиб даволанади. Компьютерли биобошқарув хонасида медикаментларсиз даволаш, руҳий ва нутқий нуқсони бор беморларни соғлом ҳаётга қайтариш мумкин. 

Клиникада тўр парда касалликлари ва патологик ҳолатларни контраст воситаларсиз ташхислаш имконини берадиган "Topcon" тамограф-ангиографи, микроинвазив операциялар ўтказиш учун “Constellation Vision System” аппарати ўрнатилган. Бундан ташқари, сўнгги авлод артроскопи ёрдамида кам инвазивли даволаш диагностик амалиётлари бажарилади. Бўғимларда эндопротезлаш амалиётлари, жароҳатлар ва операциялардан кейинги комплекс реабилитация хизматлари кўрсатилади. 

Давлатимиз раҳбари инновацион клиникадаги шароитларни кўздан кечирди, шифокорлар билан суҳбатлашди. Касалликларни эрта аниқлаш, даволаш ва сифатга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. 

Биз нима учун тиббиётда хусусий тармоққа шароит яратяпмиз? Рақобат бўлиши керак. Рақобат бор жойда сифатга интилиш бўлади, даволаш, хизмат кўрсатиш яхшиланади, деди Шавкат Мирзиёев. 

Кўз микрожарроҳлиги бўйича инновацион ўқув-симуляция марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Ушбу марказда кўз микрожарроҳлиги мутахассисларини тайёрлашнинг жаҳон стандартларига мос инновацион услуби татбиқ этилади. 

Давлатимиз раҳбари лойиҳани маъқуллаб, кадрлар малакасини оширишга хизмат қиладиган бундай симуляция марказларини тиббиётнинг бошқа йўналишлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. 

Шавкат Мирзиёев “Steel property construction” МЧЖ қўшма корхонаси ҳудудидаги ишлаб чиқариш қувватларини кўздан кечирди. 

Яшнобод туманидаги собиқ авиация заводига қарашли фойдаланилмай ётган биноларда иш бошлаган ушбу МЧЖ ҳудудида қатор корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда хориждан технологиялар келтирилиб, бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Қарийб 20 гектарлик ҳудудда мармар плиталар, иссиқхона жиҳозлари, металл конструкциялар, эшиклар, қувурлар, пўлатдан тайёрланган иситиш радиаторлари, сендвич панеллар ишлаб чиқарилмоқда. 

Масалан, «Dacros» корхонаси Европа технологияси асосида темир эшиклар тайёрлашга ихтисослашган. Бу эшиклар кўп қаватли турар жойлар йўлаклари, намунавий уйларга ўрнатилмоқда. 

Яна бир бинода Нидерландия технологияси асосида турли ўлчамдаги металл конструкциялар ишлаб чиқариш ташкил этилган. Бу ерда йилига 24 минг тонна металл маҳсулотлар билан бирга, сендвич панеллар, брусчаткалар, йўл чети тўсиқлари, иситиш радиаторлари тайёрланади. Ички бозордан ташқари қўшни мамлакатлар маҳсулотнинг асосий бозори ҳисобланади. 

“Midas agrotech” корхонасида замонавий иссиқхона мажмуалари учун конструкциялар, шунингдек, қуёш нуридан ҳимояловчи тўрлар, пластик яшиклар, полиэтилен плёнка кабилар ишлаб чиқарилади. 

"Бектемир металл конструкциялари” корхонасида йўл тўсиқлари, ёритиш устунлари, қурилиш конструкциялари, электр пайвандланган қувурлар тайёрланади. 

Давлатимиз раҳбари мазкур цехлардаги ишлаб чиқариш жараёнини кузатди. Маҳсулотлар сифати ва бозори билан қизиқди. 

Бектемир туманидаги «Бинокор» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар намойиш этилди. 

Президентимиз мазкур корхонада ишлаб чиқарилган темир-бетон панеллардан намуна сифатида қурилган хоналарга кириб кўрди. Кўп қаватли уйларни тез муддатларда қуриш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш учун бундай корхоналар жуда зарурлигини таъкидлади. Шу йўналишга ихтисослашган корхоналарни кўпайтириш ва кадрлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди. 

Шу ерда Тошкент шаҳри иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш, янги корхоналар ташкил этишга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

2019 йилда пойтахтимизга камида 2 миллиард 700 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилиши мўлжалланмоқда. Ушбу маблағлар ҳисобига 227 та лойиҳа амалга оширилиб, туманлар кесимида 28 мингдан зиёд қўшимча иш ўринлари ташкил этилади. Натижада саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларда ўсиш кўрсаткичлари таъминланади, бюджетга солиқ тушумлари янада кўпайтирилади. 

Ташқи иқтисодий фаолияти миллий банки, “Асакабанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк” негизида ташкил этиладиган “Инвестор марказлари”да тадбиркор ва сармоядорларга комплекс хизматлар кўрсатилади. 

Германиянинг “VERIDOS” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхонада пластик карточкалар, ID карта ва чиплар, “Best stainless stell Co.ltd” корхонаси томонидан никель металл маҳсулотлари, “Real House” компанияси томонидан кўп тармоқли шифохона, логистика маркази, шунингдек, бетон маҳсулотлари, мебель, мато ва сочиқлар ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбари киритиладиган инвестицияларни кафолатлаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, пойтахтимизда янги инвестициявий муҳит яратиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди. 

Президентимиз Чилонзор тумани Боғистон кўчасида бунёд этилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиши билан танишди. Бу ерда 9 қаватли 23 та уй қурилиб, келаси йил фойдаланишга топширилади. 

Сир эмас, мамлакатимизда уй-жойлар қурилиши деярли тўхтаб қолганди. Атиги уч-тўрт йил олдин ҳам нафақат пойтахтимизда, вилоят, туман ва шаҳар марказларида, олис қишлоқларда арзон уй-жойлар қурилишини ҳеч ким тасаввур қилолмас эди. 

Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришган илк кунларданоқ ана шу оғриқли, ҳаётий долзарб муаммони ҳал қилишга киришди. 

2017 йилдан илк маротаба аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бошланди. Шу йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Аҳолининг арзон уйларга талабини қондириш учун жорий йилда биргина қишлоқ жойларнинг ўзида 3 мингдан зиёд ёки ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп арзон намунали уй-жой қурилди. Бу жараён изчил давом этади. 

Боғистонда қурилиши бошланган кўп қаватли уйлар ҳам миллий менталитетимизга хос замонавий қурилиш андозалари асосида қад ростлайди. Турар жойлар зилзилабардошлиги, ногиронлар учун қўшимча қулайликларга эгалиги билан ажралиб туради. Ҳовлисида болалар майдончалари, автотураргоҳ, савдо маркази бўлади. 

Президентимиз янги уйлар пойтахтимиздаги энг намунали яшаш манзилларидан бирига айланиши кераклигини таъкидлади. 

Шу ерда Тошкент шаҳрида коммунал тармоқларни ривожлантириш, каналларни таъмирлаш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш, йўл ўтказгичлар қурилиши бўйича лойиҳалар намойиш этилди. 2019 йилда Салор, Дамаши, Қорасув, Бектемир, Бўзсув, Жўн, Бўрижар каби каналлар таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилади. 

Каналлар атрофида, одамлар дам оладиган, болалар чўмиладиган обод ва хавфсиз ҳудудлар ташкил этиш керак, деди Шавкат Мирзиёев. 

Президентимиз чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, иссиқлик манбаи бўйича ёпиқ сув таъминоти тизими лойиҳаларини тезлаштириш юзасидан кўрсатмалар берди. 

Бугун Сергели туманида қурилиш кранлари шунчалик кўпки, худди дарахтзорга ўхшайди. Бу бунёдкорлик ишлари кўламидан, шиддатидан. Жумладан, Чоштепа маҳалласи ҳудудида 3 минг 696 хонадонли 66 та кўп қаватли уй қурилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари янги уй-жойларни бориб кўрди. 

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг июль ойида ушбу маҳаллага ташриф буюриб, қурилиш жараёни билан танишган, мутасаддиларга бунёдкорлик ишларини ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича топшириқлар берган эди. Атиги беш ойда бу ерда улкан мавзе қад кўтарди. 1 минг 176 хонадонга мўлжалланган 21 та уй барпо этилди. Бошқа уйлар қурилиши давом этмоқда. 

Аҳамиятли томони, Туркиянинг инновацион технологиялари асосида бинонинг ташқи деворлари энергия тежамкор материаллар билан қопланган. Бу уйларнинг қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. 

Президентимиз ушбу уйлардан бирини кириб кўрди. Қурилиш соҳасида янги тизим яратилганини, бу аҳолини уйли қилиш билан бирга кўплаб иш ўринлари ҳам очаётганини таъкидлади. 

Мавзеда маҳалла гузари ҳам бунёд этилган бўлиб, унда маҳалла раиси ва маслаҳатчилари хоналари, уй-жой мулкдорлари ширкати, профилактика инспектори хонаси, кутубхона фаолият юритади. 

Шавкат Мирзиёев туман ҳудудидаги яна бир мавзеда бўлди. Бу ерда ҳам кўп қаватли турар жой бинолари барпо этилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, буюк аждодларимизнинг ислом ривожига қўшган улкан ҳиссасини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шундай ташаббуслардан бири – «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли резолюция қабул қилиш таклифи БМТ Бош Ассамблеясининг 12 декабрдаги ялпи сессиясида барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. 

Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳонда тан олинаётганидан, юртимизнинг ушбу масалаларда бой тарих ва катта тажрибага эга эканидан далолат беради. 

Пойтахтимизда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази давлатимиз раҳбарининг айни соҳасидаги эзгу ташаббусларидан биридир. 

Шавкат Мирзиёев жорий йил 15 июнь куни ушбу марказ қурилишига ташриф буюриб, иншоот пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Бугунги кунда бино конструкциялари қад кўтариб, қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. 

Уч қаватли марказ қадимий мадрасаларимиз услубида қурилади. Бинонинг симметрик марказига Усмон Қуръони қўйилади. Иккинчи қаватда кутубхона, анжуманлар ва кўргазма заллари бўлади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналарни ўз ичига олади. 

Президентимиз қурилиш жараёни билан танишди. Кўргазмалар залида Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилиши зарурлигини таъкидлади. 

Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам тарихимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавий озуқа олиб кетиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев. 

Давлатимиз раҳбари марказни пардозлаш ва жиҳозлашни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Шу куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Тошкент шаҳрида 2017 йили ялпи ҳудудий маҳсулот 5 фоизга ўсгани қайд қилинди. Жорий йилда бу кўрсаткич 8,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, жорий йил якуни бўйича саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 9,2 фоиз, қурилиш ишлари 11,6 фоиз, хизмат кўрсатиш 10,5 фоиз ўсади. Бу мамлакатимиз бўйича энг юқори кўрсаткичлардан биридир. 

Президентимиз Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди. Тошкент шаҳрини йирик ишбилармонлик ва молия марказига айлантириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. 

Бугунги глобаллашув даврида иқтисодиётга инвестицияларни фаол жалб этиб, бизнес учун қулай шароитлар яратиб бераётган шаҳарлар жадал ривожланмоқда. Тошкент шаҳрини юқори технологик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган, банк, молия, суғурта ва бошқа замонавий хизматлар кўрсатадиган йирик халқаро марказга айлантиришимиз зарур. Шаҳар атрофи саноат зоналари, шаҳар ичи эса инновацион ҳудуд бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев. 

Ижтимоий соҳа, қурилиш ва коммунал тармоқларини ривожлантириш, аҳоли ва туристлар учун қулайликларни кўпайтириш бўйича ҳам истиқболдаги муҳим вазифалар белгиланди. 

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига биноан Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди. 

Сўзга чиққанлар ҳоким ва унинг барча ўринбосарлари, барча фаоллар Президентимиз томонидан пойтахтимизни жадал ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифаларни бажариш йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этишини таъкидладилар. 


 

ЎзА

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар