Юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинади.
Президентимизнинг шу йил 6 апрелдаги «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2024 йилда туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдонини электрон онлайн аукцион орқали ёшларга ижарага бериш белгиланган.
Хусусан, «Темир дафтар», «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалар фарзанди, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «Меҳр дафтари»га киритилган ёшлар, оиласи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш фуқаро, ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларига бириктирилган, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишдан қайтган ёшларга ер ажратилиши назарда тутилган. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етган ёш фуқароларга ҳам ер ажратиш белгиланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтказилган семинарда ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини оширишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ишлар муҳокама қилинди. Депутатлар ер ажратишда «маҳалла еттилиги»нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар қамраб олиниши, бунда ер майдонларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилганлигини эътироф этди.
Ер ажратишда алоҳида тартиб ҳам жорий этилмоқда. Бунда сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинлар етиштиришга суғориладиган экин майдонлари, доривор ўсимликлар етиштириш, чорвачилик йўналишлари учун чорва озуқаси экинларини етиштиришга мўлжалланган, лалми, бўз, яйлов ва янги ўзлаштирилган ер майдонлари ажратилади. Мазкур ер майдонлари 30 йил муддатгача кичик лотларда «бир массив – бир маҳсулот» тамойили асосида ижарага берилади.
Тадбирда таъкидланганидек, ер участкаларини олиш мақсадида бўлган ёшлар «Фермерлар мактаби», «Сувчилар мактаби», аграр соҳада кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ва ҳудудлардаги кичик бизнесга кўмаклашиш марказларидаги махсус ўқув курсларида ўз малакаларини оширади. Бу эса ёшларнинг тажрибага эга бўлиши, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришларида қулай шароитлар яратади.
Семинарда ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини оширишга қаратилган вазифалар ижроси юзасидан доимий назорат-таҳлил тадбирлари олиб борилишига келишиб олинди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |