Маълумки, юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда улкан бунёдкорлик, ободончилик ишлари изчиллик билан амалга оширилмоқда. Натижада қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, кўркам, сўлим манзилга айланяпти.
Вилоятимизда ҳам олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш-яратувчанлик ишлари бу каби хайрли тадбирларнинг бардавом эканлигидан далолат беради. Айниқса, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида ҳавас қилса арзигулик ишлар бажарилди. Навоий шаҳридаги «Тинчлик» маҳалласида ҳам қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Куни кеча бу ерда янги қиёфадаги маҳалланинг очилиш маросими тантанали тарзда ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Қ. Турсунов иштирок этиб, аҳоли турмуш фаровонлиги йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаётганини фахр билан таъкидлади.
— «Обод маҳалла» дастури доирасидаги ишлардан сўнг маҳалламизни таниш қийин бўлиб қолди, — дейди МФЙ раиси Д. Холов. — Аввало, ҳудуддаги эски ва ноқонуний қурилган бинолар ўрнига замонавий, янги иморатлар қад ростлади. Мактаб, боғча, маҳалла гузари ва бошқаларда катта ҳажмдаги бунёдорлик ишлари амалга оширилди. 6,8 километр ичимлик суви, 2,5 километр табиий газ, яна шунча электр тармоқлари, 8 километр ички йўллар, 10 километр пиёдалар йўлаклари, 32 километр ирригация ва мелиорасия тармоқлари бунёд этилгани маҳалламизни бутунлай ўзгартириб юборди.
Янгидан тикланган гузар, амфитеатр, ҳаммом, футбол, болалар майдончалари барчани бирдек хурсанд қилди. Бундай хайрли тадбирлар одамларимизни яратувчанлик завқи, шукроналик ҳисси билан яшашга, юрт тараққиётига ҳисса қўшишга чорлаётир.
Эътирофлиси, бу ердаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига мўлжалланган лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 70 нафар аҳолининг бандлиги ҳам таъминланди.
Қайд этиш жоизки, жорий йилда вилоятимизнинг 16 та қишлоғида 334 миллиард, 5 та маҳаллада эса 65 миллиард сўмлик ишлар якдиллик билан олиб борилди. Навоий шаҳридаги «Тинчлик», «Бунёдкор», Зарафшондаги «Даугизтау», «Кончилар», «Олтин водий» маҳаллаларида шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган 75 та ноқонуний қурилиш бузилди. Таъмирталаб бўлган 586 та якка тартибдаги уй-жой ҳамда 92 та кўп қаватли уй таъмирлови ниҳоясига етказилди.
Яқинда юқорида тилга олинган ҳамда Кармана туманидаги «Ҳазора», «Тошработ», Қизилтепадаги «Хўжа Ҳасан», Нуротадаги «Сойкечар», Навбаҳордаги «Қушқочди», «Ялтиробод», Хатирчидаги «Зарафшон», Учқудуқдаги «Узунқудуқ», Конимехдаги «Шодибек», «Тўқманғит», Томдидаги «Ажриқти» қишлоқлари ҳам фойдаланишга топширилди. Бу ҳудудларда 2 минг 506 нафар фуқаро иш билан таъминланди, 72 киши касб-ҳунарга қайта ўқитилди, 1510 кишига жами 12 миллиард 642 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Обод манзиллар қаторида Навоий шаҳрида «БАХТ ТEХТИЛE» масъулияти чекланган жамияти иккинчи фабрикасининг очилиши ҳам ҳудуд аҳолиси учун яна бир қувончли янгилик бўлди. Унда сўз олган вилоят ҳокими қишлоқ жойларида енгил саноатни янада ривожлантириш, сифатни яхшилаш ҳисобига тайёр экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кўпайтирилаётганини алоҳида эътироф этди. Кластерлар орқали пахтачиликда даромад икки ҳиссага ошиб, фермерлар жорий йилни 43 миллиард сўм фойда билан якунлагани таъкидланди. Фойдаланишга топширилаётган ип-йигирув фабрикасининг йиллик қуввати 12,6 минг тонна пахта толасини қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Қувонарлиси, бу ерда яна 250 нафарга яқин фуқаронинг иш билан бандлиги таъминланади. Германиядан келтирилган замонавий технологияларнинг халқаро стандартларга мослиги маҳсулот сифатида муҳим аҳамият касб этиши аниқ.
Бир сўз билан айтганда, кундан-кунга чирой очиб бораётган обод манзилларда аҳоли мамнун яшаяпти. Ҳар бир фуқаронинг қалбида шу юртда муносиб меҳнат қилиш, интилиш, изланиш мақсади мужассам.
Зулфия БОБОЙЭВА,
«Дўстлик байроғи» мухбири.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |