2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
ОРОЛ ДЕНГИЗИ: САҲРО БИЛАН ИНСОН КУРАШИ

Мана, қирқ беш кундан ошдики, Тошкент шаҳридан қарийб 1,5 минг километр, Нукусдан салкам 300 километр олисда жойлашган Мўйноқ туманидаги бепоён саҳро – Орол денгизининг сувсиз ҳудудида ҳар тонг 549 та техника, 2 та самолётнинг – қудратли техникаларнинг гувиллаган шовқини-ю аср фожиаси оқибатларига қарши шиддат билан курашаётган 2 мингдан зиёд фидойи, заҳматкаш ва бунёдкор инсонларнинг мардонавор меҳнати билан бошланмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари асос солган ноёб-тарихий лойиҳа – Орол денгизининг қақраган ҳудудида бостириб келаётган саҳрони тўхтатиш мақсадида жорий йилнинг ўзида 500 минг гектар яшил “қалқон”лар барпо этиш ҳаракати катта куч-ғайрат билан амалга оширилиши бийдай қумликларни чирмаб турган ўлик сукунатни ҳам уйғотиб юборди. Оролбўйига яна қайноқ ҳаёт завқи қайтиб келди. Аслида ҳам касаллик ўзагини йўқ қилмай туриб, натижага эришиб бўлмагани сингари Оролнинг қуриган тубини ўрмонлаштирмасдан саҳро йўлини тўсишнинг имкони йўқ. Зеро, қумнинг ҳаракат йўналиши беркитилса, қайта-қайта чанг-тўзон кўтарилишига имкон қолмайди.

Аччиқ изғирин юз-кўзга игнадек санчилади, суяк-суякларни зирқиратади. Қор бир ёғиб, бир тинади. Охири кўринмайдиган саҳро бағрини тилим-тилим этиб ҳосил бўлаётган бир текис ариқлар, кундан кун кенгайиб бораётган жўякли дала ва шўрлаган она тупроқ бағрига қадалаётган “чўл маликаси” кўчатлари-ю уруғи – аслида халқимиз қалбида неча йиллардан бери яшаб келаётган орзу-армонлар ушалаётгани нишонаси. Аслида ҳам Ватанни ҳимоя қилиш, мардлик ва жасорат кўрсатиш фақат жанг майдонида содир бўлмайди. Жавонмардлик, қаҳрамонлик ва фидойилик кундалик ҳаётимиздан, халқимиз оғирини енгил қилишдан, инсонларнинг дарду ташвишлари билан яшашни ўз ҳаёт мазмунига айлантиришдан бошланади. Зотан, жасорат, фидойилик ва инсонпарварликнинг ўқилдизи бир: эзгуликка интилиб яшаш – инсонни инсон, халқни халқ қиладиган буюк кучдир.

Давлатимиз раҳбарининг  аср фожиаси – Орол денгизининг қақраган ҳудудида 500 минг гектар ўрмонзор барпо этишдек наинки эл-юртимиз ҳаёти, балки инсоният тақдирига дахлдор бу ноёб-тарихий лойиҳани Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва ҳамкор давлатлар изчил қўллаб-қувватлаётгани ҳам бир ҳақиқатдан далолат беради: инсон ўз қалбини англаса, борлиғидаги қувватни жамласа – дунёни ўзгартиришга қодир. Зотан, мўъжиза ўз ўзича содир бўлмайди, унинг замирида ҳамиша ўзига муносиб билганни ўзгага ҳам раво кўра оладиган инсонларни бирлаштирган яхлит тизим, кучли, аниқ ва қатъий механизм ишлаб турган бўлади.

Айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа масъул ташкилотларнинг мутасаддилари-ю ходимлари, мамлакатимизнинг барча вилоятидан келган 2 мингдан ортиқ бунёдкорлар Орол муаммоси оқибатларини бартараф қилиш йўлида саҳро кенгайишига қарши кураш олиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш, бийдай саҳрода юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ҳар куни минглаб гектар майдонга саксовул экилмоқда.

“Чўл маликаси” дея таърифланадиган саксовул – саҳронинг нажот дарахти. Қурғоқчиликка мослашган бу наботот намунаси бийдай саҳрода биохилмахилликни сақлаб-таъминлаб беради. Гарчи баланд ўсмаса-да, унинг тарвақайлаб кетадиган шох-шаббалари чўл ўсимликлари ривожланишида, жониворларнинг чанг-тўзондан ҳимояланишида паноҳ вазифасини ўтайди. Унинг илдизлари тупроқни маҳкам ушлаб, дефоляция (тупроқ бузилиши) жараёнини тўхтатади. Бир гектар саксовул 1 тоннадан зиёд кислород чиқариб, шунча миқдордаги карбонат ангидридни ютади.
 
Энг асосийси, бир туп саксовул 10 тоннадан 100 тоннагача қум кўчишининг олдини олади. Замин шўрини тортиб олиб, шамол йўлини тўсади, атроф мусаффолигини бойитади. Шунинг учун ҳам Президентимиз топшириғи асосида ҳозирги пайтда Оролнинг қақраган майдонларига ҳар куни 15-20 тоннагача саксовул уруғлари экилмоқда. Орол денгизининг қуриган туби бугун ҳақиқий жанг майдонига айланган. Экологик мувозанатни тиклаш учун саҳро билан инсоннинг оғир-мураккаб кураши кетмоқда.

Президентимизнинг Мўйноқ туманида олиб борилаётган ишлар билан мунтазам қизиқиб, хабар олиб тургани, юзага келган муаммоларни тезкор ҳал қилиш юзасидан зарур кўрсатма ва топшириқларни бериб бораётгани ишни самарали ташкил этишда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Давлатимиз раҳбарининг ишончи мазкур тарихий меҳнат фронтидаги ҳар бир инсонга катта куч-ғайрат бағишламоқда.

Мўйноқ тумани марказидан 45 километр узоқликда – Оролнинг қуриган тубидаги 56 метр чуқурликда ташкил қилинган Марказий штабда бир зум ҳам иш тинмаяпти. Механизаторларнинг соғлиғи, техникаларнинг созлиги, ёқилғи ва  эҳтиёт қисмлар захираси, ҳар бир гектар майдондаги иш жараёни – барчаси қатъий назоратда. Ишнинг ана шундай қатъий тартиб-интизом, пухта тизим, аниқ ва қатъий механизм асосида йўлга қўйилгани самарасида, мана, бийдай саҳро нафақат келган жойида тўхтади, балки соат сайин ортига чекинмоқда. 

Аниқ рақамларга мурожаат қилсак:

- шу кунгача Орол тубининг 338 минг 178 гектардан ортиқ майдони саксовул экиш учун тайёрланди; 

- 109 минг 851 гектар майдонда 443,3 тоннадан ортиқ саксовул уруғлари экилди;

- шундан техникалар боролмайдиган 60 минг гектар майдонга авиация ёрдамида уруғ қадалди. 

Ҳақли савол туғилади: 500 минг гектар майдон учун етарлича саксовул уруғи топиш имкони борми? Ҳа, бор. Мўйноқ чўлларида ўсиб турган саксовул уруғларини териш-йиғиш ишлари ҳам пухта режа ва аниқ тизим асосида йўлга қўйилгани мазкур жараёнда қўшимча 600 дан зиёд мавсумий иш ўрни яратилишига олиб келди. Ҳар бир килограм уруғ учун 10-15 минг сўмдан ҳақ тўланмоқда. Бир киши кунига ўртача 10 килограммгача уруғ йиғиши мумкин. Бу бир кунда 150 минг сўм, бир ойда 4,5 миллион сўм қўшимча даромад топиш имконияти дегани.

Аҳоли саксовул уруғларини теришни давом эттирмоқда. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Орол тубида ташкил қилган аэродромларда саксовул уруғларини қабул қилиш пунктлари ишлаб турибди. Бу ерда туман аҳолиси териб-йиғиб бераётган уруғлар қабул қилинмоқда. Иш тўхтаб қолмаслиги таъминлаш мақсадида марказий штабда уруғ омбори ташкил қилинган. Яъни уруғнинг доимий захираси мавжуд. Техникалар ҳаракатлана оладиган ва унумдор ерларда уруғ экиш жараёни қўлда бажарилмоқда.

Шу ўринда барчада бир савол туғилади: Оролнинг қақраган майдонларига саксовул уруғини экиш ишлари нега айнан қиш мавсумида бошланди? Мутахассисларнинг маълумотига кўра, саксовул уруғи экишда декабрь-февраль ойлари жуда қулай. Айниқса, қор остида қолган уруғнинг униб чиқиш самарадорлиги анча юқори. Бу жараён мартдан кечикмаслиги керак. Чунки кунлар исиши ва ёғингарчилик тўхташи билан уруққа нам етмай қолиши ва оқибатда кўчатлар кўкармай нобуд бўлиши мумкин. Шу боис ҳам “яшил қалқон”ни барпо этиш ишларининг биринчи босқичи Орол денгизининг қолган қисми бўйларида амалга оширилмоқда. Табиийки оролдан сув кетган бўлса-да, ҳавонинг исиши билан бу ҳудудларда техникалар ҳаракатлана олмайди. Йиллар ўтган бўлса-да орол тубида балчиқ ва ботқоқлар жуда кўп. Қишнинг совуғида музлаган ер ҳам уруғ униши, ҳам оғир техникаларнинг ҳаракатланиши учун айни муддао. Иш унуми ҳам шунга яраша. Бугунги кунда Жиззах, Тошкент ҳамда Хоразм вилоятлари ҳашарчилари сув минтақасигача бўлган ҳудудга етиб боришди.

Оролнинг шимол томондаги 105 километрлик масофасида вилоятларнинг ҳудудий штаблари жойлашган. Шимолга қараб йўлнинг танобини тортиб бораверар эканмиз, Сурхондарё, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари бунёдкорларининг бир-биридан камида 30-40 километр оралиқдаги ўзига хос мўъжаз овулларида бўлдик. Ҳар бир штаб етарлича ёқилғи ва озиқ-овқат захираси билан барқарор таъминланган. Механизатор ва мутахассислар учун барча қулайликлар яратилган. Кўчма вагонлар, уч маҳал иссиқ овқат, алоқа тизими. Дала шароитидаги ҳаммом, ошхона – барчаси бадастир. Оғир иш кунидан сўнг механизаторларнинг дам олиши учун ҳам шарт-шароит бор.

Бепоён саҳродаги илк “овул” – Сурхондарё вилоятидан келган бунёдкорларнинг қўналғаси, сурхондарёчасига айтсак, воҳаликлар қўшхонаси ҳам, ишхонаси ҳам шу ерда. Механизаторлар ўзларига ажратилган ҳудудларда унумли тупроқни ўзида тўпловчи ариқлар очишмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усул билан ер юзасидаги 15-20 сантиметрли шўрхок қатлам очилади. Ариқлар кучли шамол ёрдамида қум барханларидан кўтарилган унумли қум-тупроқ зарраларини ўзида тўплайди. Эгатлар тўлганидан сўнг унга бемалол саксовул уруғи ёки шўрга чидамли чўл ўсимликлари ниҳолларини ўтқазиш мумкин.  

Ана шундай машаққатли меҳнат, катта ғайрат ва кучли сабр-тоқат талаб этиладиган бу жараёнда ноқулай об-ҳавога, қишнинг қаҳратон совуғига, ўз уйидан, оиласидан олисдалигига қарамасдан механизаторлар катта матонат ва фидойилик билан меҳнат қилишмоқда. 

Навбатдаги манзилимиз Бухоро вилоятининг штаби бўлди. Марказий штабдан 45 километр узоқда жойлашган бу штабда ҳам барча шароит бор. Биз эса ўзимиз учун янги жиҳат – топографнинг иш жараёнини кузатдик. Маълум бўлишича, 1957 йилдан сўнг Оролнинг топографик харитаси тузилмаган. Сув қайтганидан сўнг рельефнинг харитаси мавжуд эмаслиги ойдинлашади. Мудофаа вазирлигининг Шимолий-ғарбий ҳарбий округи топографик таъминот хизмати мутахассислари эса ташаббус кўрсатиб, замонавий техникалар ёрдамида Оролнинг топографик харитасини тузишни бошлади. Бу – Оролни янада чуқур билиш-англаш учун навбатдаги муҳим қадамдир. 

Ҳар бир ҳудуддан келган механизаторларнинг ҳар бир куни ана шундай қайноқ меҳнат, завқли ҳаёт билан ўтмоқда. Уларнинг мазмунли дам олиши учун барча шароит яратилмоқда. Яқинда Янги йил байрамини Оролнинг қоқ марказида кўтаринки кайфиятда кутиб олган ҳашарчилар 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги байрамини ҳам ўзгача руҳда қарши олишди. Барча ҳудудий штабларда байрам тадбирлари ташкил қилинди. Байрам  муносабати билан механизаторларга байрам совғалари, мукофотлар топширилди. Ватанимиз табиати ҳимоясида сидқидилдан хизмат қилаётган бу азамат ва фидойи инсонларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаш учун пойтахтимиздан Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, “Ниҳол” мукофотининг совриндори Феруза Жуманиёзова каби элимиз суйган санъаткорлар Мўйноққа – қаҳратон ичидаги қайноқ меҳнат фронтига келишгани байрамга ўзгача руҳ бағишлади.

Мана, жўшқин, завқли ва залворли фаолиятнинг яна бир куни ортда қолди. Янги уфқларни забт этган механизаторлар ўз штабларига қайтишмоқда. “Аср фожиаси” оқибатларини бартараф қилиш, чўл бағрида ўрмон барпо қилиш учун яна бир қадам олдинга силжилди. Саҳро эса яна бир қадам ортга чекинди. Олдинда эса катта марра турибди. Қирқ беш кунлик фаолияти – бу фақатгина бошланиши, холос. Муҳими, ният эзгу, мақсад қатъий, тизим аниқ, асос мустаҳкам.

Мамлакатимиз раҳбарининг ғояси-ташаббуси билан Орол денгизининг қақраган ҳудудида бостириб келаётган саҳрони тўхтатиш мақсадида жорий йилнинг ўзида 500 минг гектар яшил “қалқон”лар барпо этиш ҳаракатига асос солингани нафақат Оролбўйи ҳудуди, балки эл-юртимиз ҳаётидаги янги тарих саҳифасидир. Ҳали Орол бағрида ҳаёт қайнайди, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган бийдай саҳролар ўрнида ям-яшил ўрмонлар шовуллайди, чўл одамларининг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун барча ҳаётий асос яратилади. Бу эса давлатимиз раҳбарининг «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак», деган ҳаётбахш ғоясининг яна бир амалий натижаси сифатида халқимиз бунёдкорлик солномасининг ёрқин саҳифасига айланади.

Орол денгизи бағридаги бунёдкорлик ишлари давом этади. Демак, бу мавзуга ҳали яна кўп қайтамиз.
 

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар