Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев ЎзА учун махсус интервью берди.
Пойтахтимизда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари: илк натижалар ва келгуси режалар” мавзусидаги халқаро анжумани бўлиб ўтди.
– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Туркиянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа халқаро ташкилотларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётгани инсонпарварлик сиёсати ҳеч қандай чегара, ҳудуд ва халқ танламаслигидан далолат беради, – дейди У.Муҳаммадиев. – Мамлакатимиз раҳбари ғояси билан бугун халқимизни ҳаётдан рози қилишнинг, юртимиз янги қиёфасини яратишнинг энг самарали механизмларидан бирига айланиб улгурган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлили асос бўлди.
Халқаро тажрибага таянсак, иқтисодий ривожланиш, аввало, қишлоқ жойларни ривожлантиришдан, қишлоқ одамлари ҳаёти даражасини оширишдан, уларнинг онги ва дунёқарашини ўзгартиришдан бошланади.
Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йиллар давомида минглаб қишлоқ жойларида зарур шарт-шароитлар яратиб берилмагани, аҳолининг турмуш даражаси ва яшаш шароитини яхшилашга етарлича эътибор қаратилмагани, коммунал инфратузилма объектлари эскириб қолгани, уйлар қурилиши, йўллар, ижтимоий объектларнинг (мактаб, боғча, поликлиникалар в.б) таъмирталаблиги, аҳоли дам олиш масканлари мавжуд эмаслиги, жамоат транспорт қатновлари, давлат хизматлари кўрсатиш даражаси жуда пастлиги бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини мурожаатлар билан ишлаш жараёнида аниқланган мамлакатнинг чекка ва олис қишлоқларидаги ана шундай ўткир муаммоларга амалий ечим сифатида кўриш мумкин.
Мамлакатимиз ҳаётида илк марта бир ҳужжатни қабул қилишдан аввал унинг механизмлари амалиётда синовдан ўтказилди: давлатимиз раҳбари топшириғи асосида “Обод қишлоқ” дастури Жиззах вилояти Дўстлик туманининг “Манас” қишлоғидан бошланди.
Бошқа мамлакатлардаги қишлоқ жойларини ривожлантириш дастурларидан фарқли ўлароқ, “Обод қишлоқ” дастурини Манас қишлоғида синовдан ўтказишда муаммоларни комплекс ҳал қилиш учун, аввало, давлат ташкилотларининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари уйма-уй юриб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ич-ичидан ўрганиши ташкил қилинди. Ҳар бир соҳа бўйича нима ишларни қандай амалга ошириш маҳаллий аҳоли муҳокамасидан ўтказилди. Бунда нафақат ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, балки ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онги-маданиятини ошириш, ҳатто соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланиш қоидаларини жорий қилишгача бўлган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Асосий эътибор ҳудуддаги ишсизлик билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга қаратилди. Бунда, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож, энг оғир шароитда яшаётган ногиронлиги бор шахслар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ишсиз инсонларнинг муаммосини ҳал қилишга катта куч ташланди. Уларга тайёр уй бериш ёки уйини таъмирлаб бериш йўли билангина эмас, балки имконияти даражасида ишлаб ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун шароитлар яратиш йўли билан ҳам кўмак берилди: касб-ҳунарга ўқиши, кафолатланган иш билан банд бўлиши ва уйда тадбиркорликни (уйда тикиш-бичиш, касаначилик, чорвачилик, иссиқхона, ишлаб чиқариш маҳсулотларини қадоқлаш в.ҳ.) йўлга қўйиши учун барча имконият-шароит яратиб берилди. Мана шундай кенг қамровли комплекс ёндашув “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларини дунёда ўхшаши йўқ, ноёб ва янги тизим дейиш учун етарлича асосдир.
Яна бир муҳим жиҳат – “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларида қатнашган тадбиркорларга давлат томонидан кенг имтиёзлар яратиб берилди. Хусусан, маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларини арзонлаштирилган нархларда етказиб бериш учун ҳар бир аҳоли пунктида фирма дўконлари ташкил этилди.
Айрим ҳолларда ҳашарлар ташкил қилиш жараёнини мажбурлаш деб талқин қилишга ҳам уринишлар бўлди.
Лекин, шукунгача Президент виртуал қабулхонасига ва Халқ қабулхоналарига “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида мажбурий меҳнат ёки мажбурий ҳомийлик ҳақида мурожаатлар келиб тушмаган. Аксинча аҳоли ўз ҳудудининг обод бўлиши, муаммолари тезроқ ҳал бўлиши учун бир ёқадан бош чиқариб, қўлдан келганча ўз ҳиссасини қўшаётганини кузатиш мумкин.
“Манас” тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари қабул қилинди. 2018 йилда мазкур дастурлар бажарилиши натижасида мамлакатимизнинг юзлаб қишлоқ, маҳалла ва овулларидаги миллионлаб инсонлар ҳаётида туб ўзгаришлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг– 17 январь куни қабул қилинган “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” фармони “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Фармонга асосан энди Халқ қабулхоналари аҳоли муаммоларини уйма-уй юриш орқали аниқлаши натижасида, ҳар бир маҳалла ижтимоий-иқтисодий ўсиш даражаси тоифаларга бўлинади. Бу тадбирлар келгусида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига тушадиган маҳалла ва қишлоқларнинг адолатли танланишини таъминлайди. Бугун бизнинг олдимизга қўйилган асосий вазифалардан бири – дастлабки босқичларда аҳволи энг оғир ҳудудларни тўғри ва мақсадли танлаб олиш, уларда олиб бориладиган бунёдкорлик ишларини қисқа муддатларда амалга оширишдан иборат.
Фармон доирасида бошланган ишлардан яна бири – “Hudud” ахборот тизимининг такомиллаштирилиши, унга барча Халқ қабулхоналари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг интеграция қилинишидир. Бундай глобал тизимнинг аналоги ҳам халқаро тажрибада доим учрайвермайди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва топшириғи асосида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари каби муҳим аҳамиятга эга бўлган Орол бўйида глобал экологик муаммо таъсирларини камайтириш бўйича йирик лойиҳа ҳам амалга оширилмоқда. Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш, саҳрода юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар – қум-туз кўчишининг, саҳро кенгайишининг олдини олиш мақсадида 500 минг гектар майдонда ўрмонзор барпо қилинмоқда. Шу кунгача Орол тубининг 338 минг 178 гектардан ортиқ майдони саксовул экиш учун тайёрланди, 109 минг 851 гектар майдонда 443,3 тоннадан ортиқ саксовул уруғлари экилди, шундан техникалар боролмайдиган 60 минг гектар майдонга авиация ёрдамида уруғ қадалди. Қисқа муддатда экологик муаммоларни ечишда бундай йирик масштабдаги ҳаракат мамлакатимиз тарихида охирги чорак асрда кузатилмаганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Сайёра Шоева, ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |