2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ўзбекистон ёшларига байрам табриги

Қадрли ўғил-қизларим!

Сиз, азизларни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз ижобатини, Янги Ўзбекистон келажагини бутун эл-юртимиз қатори сиздек азму шижоатли фарзандларимиз билан боғлиқ ҳолда кўрамиз. Шу боис, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни камол топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, сўнгги йилларда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Бу эса маҳаллалардаги Президент вакиллари бўлган ёшлар етакчилари орқали қанча-қанча йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қуйи бўғиннинг ўзида  ҳал этиш имконини бермоқда.

Айниқса, “Ёшлар дафтари”, “Ёшлар баланси” платформаси асосида олиб бораётган кенг кўламли ишларимиз натижасини ўғил-қизларимиз ўз ҳаётида аниқ ҳис этмоқда.

Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш бўйича жорий этилган янги тизим туфайли бу йилнинг ўзида “маҳалла еттилиги” тавсияси билан 156 минг ёшга 60 минг гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилгани ҳам шу йўлдаги муҳим қадамдир.

Албатта, ёшларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда муҳим ютуқларга эришаётгани барчамизни хурсанд қилади. Биргина ўтган ўқув йилида мактаб ўқувчиларимиздан 55 нафари математика, кимё, биология, физика ва информатика фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадаларда 8 та олтин, 15 та кумуш, 32 та бронза медалини, маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро танловларда эса ёшларимизнинг 383 нафари бош совринни, 1 минг 359 нафари 1-ўринни қўлга киритди.

Яқинда Қатарда бўлиб ўтган футбол бўйича Осиё кубоги ўйинларида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мамлакатимиз тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритгани ҳам барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Мана, бизнинг қандай истеъдодли, билимли ва матонатли ёшларимиз бор! “Янги Ўзбекистон ёшлари” деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган бундай йигит-қизлар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин фондимиздир.

Қадрли навқирон дўстларим!

Ўзбекистонда ёшлар сиёсати борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар дунё миқёсида тан олинмоқда. Ўтган йили Ёшлар тараққиёти индексига кўра, Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири, деб эътироф этилгани ҳам шундан далолат беради. Шунингдек, БМТ томонидан “Ёшлар стратегияси – 2030”ни намунавий тарзда амалга ошириш бўйича танлаб олинган 10 та мамлакатдан бири айнан Ўзбекистондир. 2022 йилда Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, 2024 йилда эса азим Тошкентимиз – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги минтақасида биринчи ёшлар пойтахти деб эълон қилинди.

Шу кунларда мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган Бутунжаҳон ёшлар фестивали ҳам Ўзбекистонга бўлган юксак эътибор намунаси, десак, тўғри бўлади. Ушбу анжуманда 92 та мамлакатдан 700 нафардан зиёд чет эллик ёшлар, 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг вазирлик ва идораларидан раҳбар ва масъул ходимлар иштирок этмоқда. Энг муҳими, юртимиз ёшларининг бутун дунёда дўстлари, ҳамкорлари кўпаймоқда, билим ва касб ўрганиш, глобал мулоқот ва алмашувларда иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда.

Азиз ўғил-қизларим!

Фарзандлари билимли, истеъдодли, ўзининг кучи ва салоҳиятига ишониб, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг истиқболи албатта ёруғ бўлади. Биз Ўзбекистон ёшларини ана шундай эзгу фазилатлар соҳиблари этиб тарбиялаш учун бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Ҳеч қачон унутманг, сизлар ёшликнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, доимо бунёдкорлик ва ижодкорлик ҳисси билан, Ватанга чексиз меҳр ва садоқат туйғуси билан яшасангиз албатта кам бўлмайсиз.

Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, ўз олдингизга қўйган мақсадларга эришишда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, омад ва зафарлар тилайман.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ўғил-қизларим!

         

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар