Бугунги кунда юртимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий муаммоларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда албатта, ҳудудларда ташкил этилаётган тикув-трикотаж корхоналарининг муносиб ҳиссаси бор.
Навоий вилояти Кармана туманининг Дўрман маҳалласида фаолият бошлаган “Дилором Дўрман” текстиль масъулияти чекланган жамиятида бугун Дўрман, Кумушкон, Қаҳрамон ва Ҳазора маҳаллаларидаги 50 нафар хотин-қиз иш билан банд.
Болалар кийимлари тикишга ихтисослашган ушбу тикув корхонаси 2021 йилда ташкил этилган. Дастлаб Қизилтепа туманида жойлашган корхона жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Кармана туманида фаолият юрита бошлади. Мазкур объектда 20 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. Кунлик ишлаб чиқариш ҳажми эса 2000 донани ташкил этмоқда.
– Биз асосан ярим тайёр маҳсулотлар билан ишлаймиз, – дейди корхона раҳбари Асадбек Ахтамов. – Пойтахтдаги болалар кийимлари ишлаб чиқарадиган “Bonito Kids” ва “Biryuza Group” корхоналари билан шартнома тузганмиз. Улардан бичим кўринишидаги маҳсулотларни буюртма асосида қабул қилиб, тайёр тикилган ҳолда қайта жўнатамиз. Экспорт ҳам улар орқали амалга оширилади. Маҳсулотлар ҳозирги кунда фақат Россияга, ойлик ўртача 100 миллион сўм атрофида экспорт қилинмоқда. Маҳаллий бозорга сотишни ҳам йўлга қўймоқчимиз.
Мавсумга қараб, болалар кийимлари тикиладиган корхонада 45 та замонавий тикув машинкаси бор. Шу кунларда тадбиркор имтиёзли кредит маблағлари эвазига яна 50 та тикув ускунаси олиб келиш ҳаракатида. Бу қўшимча иш ўринлари яратилади, дегани, албатта.
Нафиса Адизова тикув корхонасида уста бўлиб ишлайди. У ушбу йўналиш бўйича 4 йиллик тажрибага эга.
– Ходимларимизнинг 30 фоизини “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”да турган хотин-қизлар ташкил этади, – дейди Н.Адизова. – Биз эса қўлида тикувчилик ҳунари йўқ, аммо ишлашга эҳтиёжи бор бўлган хотин-қизларни иш билан банд қилмоқдамиз. Навоий шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази билан имзоланган шартномага асосан хотин-қизларимиз 3 ойлик махсус курсларда ўқитилади. Бизга келган бичим кўринишидаги маҳсулотларни тайёр қилиб чиқаришимизгача 20 тага яқин босқичдан ўтади. Маҳсулот сифатли бўлиши учун ҳар битта босқич алоҳида назорат остида амалга оширилади. Корхонада тикув бўлими алоҳида. Дазмол, қадоқ, тозалаш ва назорат учун ҳам ходимлар бириктирилган. Охирги босқичда маҳсулотлар тўлиқ назоратдан ўтгач, махсус қопларга солиниб, буюртмачи корхоналарга жўнатилади.
Тадбиркор билан суҳбатимиз чоғида келгусида фаолиятини янада кенгайтирган ҳолда бичим, экспорт масалаларини тўғридан-тўғри шу ернинг ўзида амалга оширишни йўлга қўймоқчилигини таъкидлади. Бу “Дилором Дўрман” бренди яратилиб, маҳсулотлар хорижда янада харидоргир бўлади, деганидир.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |