Қадрли дўстлар! Аввало сиз, азизларни касб байрамингиз – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Сизларга ўзимнинг самимий ҳурматим, эзгу тилакларимни билдириб, машаққатли ва олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда.
Бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Барча соҳалар каби ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида ҳам рақобат кескин тус олмоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт янги-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, миллий медиа маконда турли мулк шакли ҳамда сиёсий-ижтимоий йўналишдаги оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Глобал тармоқда Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони тобора кўпайиб, улар турли тилларда иш юритмоқда.
Янгича шароитда ахборот соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида собиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилганидан хабарингиз бор.
Ушбу агентлик томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хорижий медиа компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириш, чет эл веб-ресурслари ва сайтларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш, бир сўз билан айтганда, ахборот майдонидаги фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, ҳозирги кунда тобора тезкор ва кўптармоқли соҳага айланиб бораётган оммавий ахборот воситалари учун глобал медиа маконда кескин рақобатга дош бера оладиган, фаол гражданлик позициясига эга замонавий кадрлар тайёрлаш олдимизда турган энг муҳим вазифадир. Ана шу заруратни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети анъанавий билим ва кўникмалар билан бирга, инновацион тафаккур, соҳага оид технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган кадрлар тайёрлаш бўйича республикамиздаги етакчи олий таълим муассасасига айланади, деб ишонамиз.
Кейинги пайтда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар таҳлили, соғлом танқидий руҳ кучайиб бораётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Чунки бундай тенденция ислоҳотларимиз самарасини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, барча даражадаги раҳбар ва мутасаддиларни эл-юрт фикри билан, замон талаблари билан ҳисоблашган ҳолда ишлашга ўргатади.
Албатта, ўзининг билим ва салоҳиятига, ишчанлик фазилатларига ишонган раҳбар танқиддан қўрқмайди, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси, деб билади. Аслида ҳам бундай мулоқот тараққиётимизни таъминлайдиган энг асосий омиллардан биридир.
Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак.
Ҳаётга доимо сергак кўз билан қарайдиган, халқ ва Ватан манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган сиз, матбуот аҳли, ўйлайманки, бу ҳақиқатни ҳар томонлама чуқур англайсиз.
Яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман, ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, ислоҳотларимиз мантиғи барчамиздан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этмоқда.
Шу маънода, оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий матбуотимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига эришиш, Интернет журналистикасини ривожлантириш, ноширлик иши, китоб савдоси, обуна ва тарғибот масалаларида бутун дунёда ўзини оқлаган бозор механизмларини кенг жорий этиш, очиқлик ва соғлом рақобат шароитида ишлашга ўрганиш бўйича биргаликда ҳали кўп иш қилишимиз керак.
Ўз навбатида, биз оммавий ахборот воситаларининг фаолият эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, жамиятда демократик принциплар, фикрлар ва қарашлар ранг-баранглигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларимизни албатта изчил давом эттирамиз.
Азиз ва муҳтарам дўстлар!
Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпсонли барча мухлис ва муштарийларингизни бугунги қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор самимий табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |