Наманган вилоятининг шимолида, тоғлар этагида жойлашган Янгиқўрғон мусаффо иқлими, зилол чашмалари, бепоён боғу роғлари, меҳмондўст, меҳнаткаш аҳолиси билан нафақат вилоятда, балки республикада ҳам ўз ўрнига эга туманлардан биридир.
Тумандаги 71 та маҳаллада салкам 209 минг киши яшайди. Уларнинг турмуш даражасини яхшилаш, фаровонлигини ошириш, кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, сўнгги икки йил мобайнида Боғистон маҳалласи ҳамда Нанай қишлоғида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туман аҳлини янги марралар сари ундамоқда.
Президентимиз ташаббуси билан истиқлолимизнинг 28 йиллигини янада кўтаринкилик билан қаршилаш, аҳолининг турмуш маданияти ва фаровонлигини ошириш мақсадида “Обод марказ” дастури асосида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари Водий, Юксалиш, Бешбулоқ, Обод, Тошкент, Қорасув, Қўриқ ва Қутлуқтол маҳаллаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Туман маданият, мудофаа ишлари бўлимлари, 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, енгил саноат касб-ҳунар коллежи, 1-мактабгача таълим муассасаси ва 10-умумтаълим мактаби биноларининг тубдан таъмирланиши натижасида туман маркази қиёфаси кун сайин кўркамлашиб бормоқда.
Бу саъй-ҳаракатларда фидойи юртдошларимиз ҳам қўл қовуштириб турмай, муносиб ҳисса қўшаётгани кишини қувонтиради. Жумладан, хусусий тадбиркор Саидвали Муҳаммадвалиев ўз маблағи ҳисобидан тиббий диагностика марказини қуришни бошлаб юборган бўлса, бошқа бир тадбиркор 100 ўринли хусусий болалар боғчаси қурилишини якунлаш арафасида.
Қаердаки, ўзаро ҳамжиҳатлик бўлса, ўша жойда ишда унум, барака бўлади. Бу оддий ҳақиқатнинг амалдаги ифодасини қисқа муддат ичида туман марказидаги Наманган, Чортоқ, Амир Темур ва Навкент кўчаларида аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида тортилган 6 километрдан ичимлик суви тармоғи, янги қурилган тик қудуқ, тунги ёритгичлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, оқова сувларни бартараф этиш учун зарур масофага қувурлар ётқизилиб, 700 метр узунликда электр тармоғи тортилгани юздан зиёд хонадонда яшаш шароити яхшиланишига олиб келди.
Марказий кўчаларнинг икки томонига лоток-ариқлар ва замонавий тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиши баробарида айланма йўлда қайта таъмирлаш ишлари жадал суратларда давом эттирилмоқда. Наманган ва Чортоқ кўчаларини боғловчи 1 минг 100 метр йўлнинг икки томонига тадбиркорлар томонидан дорихона, умумий овқатланиш шохобчаси, тикувчилик цехи, ҳаммом, нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ёшлар меҳнат гузари, табобат маркази, меҳмонхона ҳамда бир қатор савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилмоқда. Мазкур объектлар ишга туширилгач, 350 янги иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари, банк кредити ва тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 142 та хизмат кўрсатиш объектида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилаётир. Мазкур кўчаларга режалаштирган 260 та тунги ёритиш чироқларининг 148 таси ўрнатилди. Имконият ва имтиёзлардан руҳланган тадбиркорлар томонидан жойларда музқаймоқ павильони, меҳмонхона, оталар чойхонаси, ёшлар хиёбони ва аҳолининг маданий дам олиши учун яшил хиёбонлар барпо этилмоқда.
Бугун Янгиқўрғон марказига қайси тарафдан келманг, меъморчиликнинг замонавий лойиҳалари асосида бунёд этилаётган 159 дан зиёд маиший хизмат шохобчаси, таъмирланаётган ва янги қурилаётган пиёдалар йўлаги, гулзорлар ва кўкаламзорлаштириш ишларини кўриб кўнглингиз шодланиб, кўзингиз қувнайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, “Обод марказ” дастури доирасида марказда кенг қулоч ёйган таъмирлаш ва ободончилик билан боғлиқ хайрли юмушлар истиқлолимизнинг қутлуғ 28 йиллиги арафасида якунланади. Янги қиёфадаги Янгиқўрғон ҳудуд аҳолисига байрам совғаси бўлади. Бундай юксалишлар ҳар бир янгиқўрғонлик дилига ғурур ва ифтихор нашидасини олиб кириши аниқ.
Акромжон САТТОРОВ, ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |