Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан Навбаҳор туманига Пресс-тур уюштирилди.
Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Дастлаб тадбир қатнашчилари “Straus farm Navbahor”, “Paradise garden”, “Учтут жавоҳир тошлари” масъулияти чекланган жамиятлари, тумандаги асфальт заводи, “ATLANT” хусусий клиникаси ҳамда “Севинч” давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишди.
Жанубий Африка Республикаси, Туркия давлати билан ҳамкорликда ташкил этилган “Straus farm Navbahor” масъулияти чекланган жамияти тумандаги жадал ривожланаётган корхоналардан биридир. Журналистлар мазкур корхонанинг паррандачилик мажмуасида Африка туяқушларини парваришлаш жараёни билан танишди. 35 нафар ишчи-ходим фаолият олиб бораётган корхона ҳудуди бир гектарни эгаллаган бўлиб, мажмуада гўшт йўналишида бройлер жўжа, наслдор курка, ўрдак, қорамоллар боқилади.
Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига тегишли асфальт заводи ҳудуддаги яна бир истиқболли корхоналардан бири. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлардан нафақат туман, балки, Хатирчи, Нурота ва Кармана туманларидаги йўлларни таъмирлашда ҳам фойдаланилмоқда.
Соатига 120 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга субъектда 12 нафар мутахассис фаолият олиб бормоқда. Корхона учун айни пайтда маъмурий бинолар ҳамда ишчилар дам олиши учун хоналар ташкил этилмоқда.
– Мазкур ишлаб чиқариш бўлимимизнинг жами лойиҳа қиймати 7,5 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этади, – дейди корхона раҳбари Мунис Фозилов. – Завод иш бошлагач тегишли ҳудудларда йўлларни таъмирлаш ишларининг ҳажми ва сифати сезиларли равишда ошди. Хусусан, қишлоқларимизнинг ички, тупроқ кўчаларида асфальт қоплама ётқизиш тобора кенгайиб бормоқда.
Маълумки, Навбаҳор туманининг иқлими, тупроғи узумчиликни ривожлантиришга қулай. Бир вақтлар “Жамбул” боғларининг довруғи, бу ерда етиштирилган мевалардан тайёрланган маҳсулотлар жаҳон бозорида харидоргир бўлган.
Ўтган йили фаолиятини бошлаган “Paradise garden” корхонаси туманда ана шу ишларни қайта тиклаш мақсадида 16 гектар майдонда томчилаб суғориш асосида узумзор ташкил этган. Қўшимча яна 60 гектардан зиёд ерда ҳам шу асосда боғ ташкил этилади.
Пресс-тур иштирокчилари чўл бағрида барпо этилаётган мазкур токзорлар билан бирга, айни шу корхона томонидан “Қоражон” маҳалласи ҳудудида қурилаётган, қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мевани қайта ишлаш заводини кўздан кечирди. Айни пайтда бинонинг қурилиши тугатилган бўлиб, Жанубий Корея Республикасининг “MS Holdings” ҳамда Италиянинг “DELLA TOFFALA SPA” компанияларидан технологиялар олиб келиниши кутилмоқда.
“Севинч” давлат хусусий шериклик асосидаги 120 ўринли болалар боғчаси яқинда фойдаланишга топширилган. ОАВ вакиллари мазкур муассаса фаолиятини кўздан кечирар экан, бу ерда болажонларнинг сифатли таълим олиши учун барча шароитлар яратилганига гувоҳ бўлди.
Пресс-тур доирасидаги навбатдаги манзил – “Учтут жавоҳир тошлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган “Оқ тепа” дам олиш маскани бўлди. Мазкур туризм объекти ҳозирда нафақат юртдошларимиз, балки Нурота туманига зиёратга бораётган хорижлик меҳмонларнинг ҳам диққатини тортган. Ҳудудда замонавий кафе, бассейн, маданий ҳордиқ чиқариш майдончалари ҳамда меҳмонхона хизмати ташкил этилган.
Шу ернинг ўзида туман ҳокими Лочин Облоқулов иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Л.Облоқулов ҳудудда бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар, келгусида режалаштирилган лойиҳалар хусусида маълумотлар берди. Шундан сўнг туман раҳбари журналистларнинг коммунал соҳада, ёшлар сиёсати ҳамда нуронийларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саволларига батафсил жавоб берди.
– Амалга ошираётган лойиҳаларимиз кўп, қилишимиз керак бўлган ишлар эса ундан ҳам салмоқли, – деди ҳоким. – “Обод қишлоқ”, “Обод марказ” ҳамда бошқа давлат дастурлари асосида олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз жойлардаги кўпгина масалаларга ечим бўлмоқда. Мисол учун, туман марказини тубдан ўзгартираяпмиз. 100 дан зиёд тадбиркорларимиз томонидан ҳудудда замонавий савдо объектлари қурилмоқда. Худди шундай ўзгаришлар чекка қишлоқларда ҳам давом этаётир.
Пресс-тур якунида туман ҳокимлиги ҳамда ҳудуддаги бошқа масъул ташкилотларнинг журналистлар билан ҳамкорлигини кучайтириш масаласи муҳокама қилиниб, бу борадаги қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Озод МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Навоий вилояти бўлими мутахассиси.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |