2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ҳоким сайёр қабулидан сўнг муаммолар ўз ечимини топмоқда

Пахтачи туманининг “Қарнабота” маҳалла фуқаролар йиғини Самарқанд вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири бўлиб, Қарнабдан вилоят марказигача бўлган масофа қарийб 170 километрни ташкил этади.

Тўғрисини айтиш керакки, 6,5 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ушбу ҳудуд кейинги йилларда эътибордан четда қолиб келаётган эди.

 

Аввал хабар қилганимиздек, қарнабликларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, ҳудуд қиёфасини тубдан яхшилаш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, халқ қабулхонаси ва сектор раҳбарлари иштирокида 14-сентябрь куни “Қарнабота” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан сайёр қабул ўтказди. Унда Чашма ва Қарнабота маҳаллаларида истиқомат қилувчи 50 нафардан ортиқ одамлар ўзларини қийнаб келаётган муаммоли масалалар бўйича вилоят раҳбарига мурожаат қилди.

 

Шундан сўнг аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ижтимоий нафақалар тайинлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уй-жой ва аҳоли турмуш тарзи билан боғлиқ бошқа қатор долзарб масалаларни бартараф этиш юзасидан масъуллар иштирокида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

 

Айниқса, мулоқот чоғида вилоят ҳокими ҳудуддаги энг асосий муаммолардан бири ҳисобланган ичимлик суви таъминоти, йўллар таъмири, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, ишсизликни камайтириш мақсадида вилоятдаги корхона ташкилотлар мутасаддиларига кўрсатма ва топшириқлар берди.

 

Халқ фаровонлигини таъминлашдек олий мақсадларни кўзлаб ўтказилган ушбу тадбирдан сўнг Пахтачи туманининг Қарнаб қишлоғида яшовчи аҳолининг кўп йиллик орзу армонларини рўёбга чиқариш йўлида дастлабки қадамлар ташланди. Ҳозирда қарийб 3 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 15 километрдан зиёд сув тармоқлари тортилмоқда. Бу ишлар якунига етказилгунига қадар тоза ичимлик суви ташувчи махсус автоулов ажратилди.

 

Вилоят ҳокими Қарнабдаги “Малика” номидаги 8-мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишди. Бу таълим-тарбия масканининг моддий-техник базасини янгилаш, замонавий қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан таъминланишини ҳамда барча қулайликлар яратилишини таъкидлади.

 

Ҳудуддаги 840 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил оладиган 45-умумтаълим мактабининг қурилганига 40 йилдан ошган. Айни пайтда ушбу зиё маскани таъмирга муҳтож. Шу боис вилоят раҳбари мактабни тўлиқ замонавий қиёфага келтириш, моддий техника воситалари билан жиҳозлаш, таъмирлаш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берди. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

 

Вилоят ҳокими мулоқотдан сўнг Чашма маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган, қаровчисиз, иккинчи гуруҳ ногирони Ойша Ражабова ҳамда “Қарнабота” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳиддин Мелиевларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Оғир шароитда кун кечираётган ушбу фуқароларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган уй-жойини қайта қуриб, таъмирлаб бериш вазифасини масъуллар зиммасига юклади.

 

Ҳозирда ушбу хонадонларда қурилиш, таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Якка-ёлғиз истиқомат қилиб келаётган Ойша Ражабова ҳамда Муҳиддин Мелиевларнинг қалбида бугун яшашга бўлган умид учқунлари порлай бошлади. Чунки, уларнинг кўп йиллик орзулари ушаладиган бўлди.

 

– Мен етимликда катта бўлганман, айни пайтда чўпонлик қилиб келмоқдаман, – дейди Муҳиддин Мелиев. – Ҳаёт қийинчиликлари сабаб турмуш ўртоғим ҳам кетиб қолган эди. Туман раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан аёлим билан ярашдим. Мана хонадонимизда 20 нафарга яқин ишчилар иморатни қайта тиклаш юмушларини амалга оширмоқда. Бундан миннатдорман.

 

Қарнаботадаги яна бир ижтимоий муаммолардан саналган аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашга ҳам шу куннинг ўзидаёқ киришилди. Аҳолига 200 дан ортиқ суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.

 

Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, фуқароларнинг хонадонларини куз-қиш мавсумида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида мавжуд электр энергиясини узатиш ускуналари, симёғочларнинг аҳволи мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиб, муаммолар бартараф этила бошланди.

 

– Вилоят ҳокимининг ўтказган сайёр қабулидан сўнг ҳудудимизда қурилиш, таъмирлаш ишлари кенг қулоч ёйди. Аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларга босқичма-босқич барҳам берилаяпти, – дейди “Чашма” МФЙ раиси Турсунтожи Бегматов. – Бу эса йиллар мобайнида умидсизлик, ишончсизлик кайфиятида яшаб келаётган халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширмоқда.

 

Мазкур ҳудудда сўнгги йилларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда ҳам баъзи муаммолар юзага келган эди. Сайёр қабулдан сўнг вилоятда фаолият кўрсатаётган ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг тажрибали мутахассислари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳам ташкил қилинди. Улар уйма-уй юриб аҳоли саломатлигини кўрикдан ўтказмоқда.

 

Бундан бир неча ой муқаддам вилоят ҳокимининг Пахтачи туманида ўтказилган оммавий сайёр қабулида мазкур ҳудудда яшовчи фуқаролар замонавий тиббиёт муассасаси қурилиши юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишган эди. Шундан сўнг “Қарнабота“ маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қўрғонча қишлоғида 750 миллион сўм маблағ эвазига замонавий тиббиёт пункти барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур тиббиёт пункти Қўрғонча ҳамда Кетмончи қишлоқларининг қарийб 1000 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатади.

 

Бир сўз билан айтганда, Пахтачи туманининг “Қарнабота” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган мулоқот, ушбу қишлоқ одамларининг қувончига сабаб бўлувчи хайрли ишларнинг бошлаб юборилишига замин яратди. Бу давлатимиз раҳбарининг “Халқимиз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак” – деган пурмаъно фикрларининг амалдаги ифодаси десак муболаға бўлмайди.

 

Абдулазиз Йўлдошев, ЎзА

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар