Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
Азиз ватандошлар!
Мана шу қувончли лаҳзаларда сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни Янги йил байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман! Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тилайман!
Ўтиб бораётган йил мамлакатимиз учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Турли қийинчилик ва синовларни ҳам бошимиздан кечирдик.
Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да улкан ютуқларга эришдик. Мамлакатимиз салоҳияти ва рақобатбардошлигини ошириш йўлида янги қадамлар қўйилди.
Иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқлари жадал ривожланмоқда. Юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар, янги транспорт тизимлари ишга туширилмоқда.
Миришкор деҳқон ва фермерларимиз, мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан, мўл ҳосил етиштирдилар.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилди.
Йил давомида ҳудудларда аҳоли, айниқса, ёшларимиз, хотин-қизлар учун кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
Давлат дастурлари асосида шаҳар ва қишлоқларимиз, юртимиз қиёфаси бутунлай ўзгармоқда.
2019 йилда минг-минглаб юртдошларимиз, жумладан, кам таъминланган оилалар шинам уй-жойларга эга бўлдилар.
Илм-фан, таълим ва тарбия соҳасида туб бурилиш даври бошланди.
Янги-янги боғча ва мактаблар, олий ўқув юртлари, етакчи хорижий университетларнинг филиаллари, шифохоналар, маданият ва спорт масканлари бунёд этилмоқда.
Энг муҳими, одамларимизнинг ҳаёт даражаси, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи тобора кучаймоқда.
Жамиятимизда демократия тамойиллари, очиқлик ва эркинлик муҳити чуқур қарор топмоқда.
Куни кеча Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар буни яққол тасдиқлади. Сайловлар Ўзбекистон демократик тараққиёт йўлидан ортга қайтмаслигини яна бир бор исботлади.
Мустақиллигимиз, осойишта ҳаётимиз кафолати бўлган Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳияти мустаҳкамланмоқда.
Тинчликсевар ва амалий ташқи сиёсат олиб бораётган давлатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ортиб бормоқда.
Мухтасар айтганда, 2019 йил янги Ўзбекистон тарихида ҳар томонлама ёрқин из қолдирмоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Биз миллий юксалишнинг муҳим босқичига қадам қўймоқдамиз.
2020 йилда ҳам иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларимизни фаол давом эттирамиз.
Хусусий мулк, тадбиркорлик ва бизнес учун янада қулай муҳит яратишга, янги иш ўринлари ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратамиз. Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни, аҳоли реал даромадларини кўпайтириш эътиборимиз марказида бўлади.
Одамларимизнинг яшаш шароитини, коммунал-маиший хизмат сифатини яхшилаш, арзон ва қулай уй-жойлар қуриш бўйича бошлаган ишларимизни янада кенгайтирамиз.
Фарзандларимизга муносиб таълим ва тарбия беришга, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган ишларимиз янги босқичга кўтарилади.
Нуроний фахрийларимиз, мунис опа-сингилларимизга эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтирамиз.
Ижтимоий ҳимоя ва кўмакка муҳтож юртдошларимизни доимий қўллаб-қувватлашга биринчи даражали аҳамият берамиз.
Тинчлик ва барқарорликни, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва аҳилликни мустаҳкамлаш асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Бу борада дунё ҳамжамияти, аввало, ён қўшниларимиз билан самарали ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтирамиз.
Азиз юртдошларим, қадрдонларим!
2020 йил ҳар бир оила, ҳар қайси хонадонга қут-барака, бахт ва омад олиб келсин!
Барча эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқсин!
Жонажон Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнасин!
Янги йил барчамизга муборак бўлсин!
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |