“Ҳашар — элга ярашар”, дея бежиз айтмаган доно халқимиз.
Ҳар йили уйғониш, яшариш фасли бўлмиш навбаҳор, қадимий ва гўзал айёмимиз Наврўзи олам арафасида кўча-кўйлар, маҳаллаларни обод қилиш, ён-атрофни озода, покиза, тартибли, саранжом ҳолга келтириш ўзгача бир анъанага айланиб қолган.
Шу боис 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йил 14-15 март кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Обод юрт» умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашари акциясини ўтказиш тўғрисидаги”ги фармойиши эълон қилинди. Ушбу фармойишга кўра умумхалқ ҳашарини кўтаринки кайфиятда, ҳар йилгидан ҳам ўзгача бир шукуҳ билан ўтказиш белгилаб олинди.
Ҳашар, аввало, инсон қалбидан бошланадиган, унга эзгулик, меҳр- муҳаббат уруғини қадайдиган халқимизга хос қадриятдир.
Ҳашар — неча минг йиллар мобайнида одамларнинг бошини қовуштириб, уларни инсонпарварлик, саховатпешалик, саранжом-саришталик каби эзгу амалларга чорлайди. Ушбу қадриятнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, у инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталари, ҳамжиҳатлик, айниқса, ёшлар қалбида маҳалла-кўйга, она-Ватанга муҳаббат, дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлайди.
Шу боис ҳам мана бугун юртдошларимиз эрта тонгдан маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, таълим муассасалари, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар, кўча ва йўлакларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва шакл бериш ишларига киришиб кетди.
Бу йилги ҳашарнинг жойларда уюшқоқлик билан ташкил этилганини 12 миллион 500 минга яқин юртдошларимизнинг фаол иштирокидан ҳам билиш мумкин. Уларнинг 7 миллион нафардан ортиғи ёшлар экани эртамиз эгаларининг жамоат ишларида тобора фаоллашиб бораётганининг яққол ифодасидир.
Икки кун давомида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан 25 минг 987 гектарга яқин майдон ободонлаштирилмоқда. 11 минг 408 километр узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланиб, 9 минг 631 зиёратгоҳ ва 859 қабристон ободонлаштирилади ҳамда тартибга келтирилади. Шунингдек, 4 миллион 721 минг 278 дона манзарали, 2 миллион 724 минг 840 дона мевали дарахт кўчатлари экилиб, 3 миллион 894 минг 488 дона гул кўчатлари ўтқазилади. Мавжуд 6 миллион 998 минг 700 дона дарахтларга эса шакл берилади ва оқланади.
Бир сўз билан айтганда, умумхалқ ҳашаридан кейин шаҳару қишлоқларимиз кўча-кўй боғларимиз яшилликка бурканиши, ўзгача тароват ёйиши, шубҳасиз.
Шунингдек, ҳашар давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, айниқса, байрам арафасида кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган, кўп болали, боқувчисини йўқотган оилалар, пенсионерлар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, уларнинг уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашишга бел боғланди. Натижада 11 минг 494 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага тегишли 293 минг 773м2 уй-жойларни таъмирлаш, 11 626 та эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, бу йилги умумхалқ хайрия ҳашари ёшларни ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тарбиялашга қаратилган. Хусусан, ҳашар давомида ўтказиладиган “Фарзандларимга мендан боғ қолсин” акцияси каби турли тадбирлар бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси фармойиши хайрия ҳашарини ўтказиш билан боғлиқ ишларни ташкил этишга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳужжатга биноан Республика ишчи гуруҳи тузилди ҳамда хайрия ҳашари доирасида бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳажми ва манзилини аниқлаб, аниқ режа тузиш ва Республика бошқарувига тақдим этиш имконини берди.
Ҳашар маҳалла ҳудудларини, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишда яна бир яхшигина баҳона ёки сабаб, десак янглишмаган бўламиз.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, умумхалқ хайрия ҳашари икки кун давом этади. Аммо унинг моҳиятида мужассам бўлган ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфият бардавом бўлади.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |