Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедов иштирокида брифинг ўтказилди.
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси туфайли жорий қилинган карантин шароитида барча ҳудудий уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, сув таъминоти ва иссиқлик таъминоти корхоналари кучайтирилган иш режимига ўтказилгани хусусида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, ўрнатилган меъёр ва талабларга риоя қилган ҳолда аҳолига коммунал хизматларни кўрсатиш, ичимлик суви ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун барча чоралар кўрилмоқда.
Сув таъминоти иншоотларининг қатъий режими, санитария -муҳофаза қилиш зонаси тиббий ҳолатининг доимий кузатуви ташкил этилган. Жойларда гигиена талаблари ва сифат назорати узлуксиз равишда амалга оширилмоқда. Республикамиз ҳудудида марказлашган ичимлик сув манбаси мавжуд бўлмаган 1 минг 735 та олис аҳоли пункти ва 1 минг 100 тадан ортиқ ижтимоий объектни тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2 мингга яқин махсус техника орқали ичимлик суви ташиб берилмоқда.
Брифингда карантин шароитида Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятига оид ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган масалалар ва аҳолидан келиб тушган мурожаатларга ҳам атрофлича жавоблар берилди. Жумладан, ичимлик суви тармоқлари ва оқова сув тизимларида юзага келган авария ҳолатлари қандай бартараф этилаётганига тўхталиб ўтилди.
– Ҳудудларда эълон қилинган карантин ҳолати туфайли аҳоли кун мобайнида уйларида қолмоқда, – деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедов. – Бунинг натижасида ичимлик суви истеъмоли корхона ва ташкилотларда камайган бўлса-да, аҳолининг эҳтиёжи сезиларли даражада ошди. Ушбу шароитда ичимлик суви тармоқларида авария ҳолатлари ортиши эҳтимоли юқори бўлмоқда. Шуни эътиборга олиб, ҳудудларидаги ичимлик суви таъминоти корхоналарида диспетчерлик ва аварияларни бартараф этиш бўйича хизматлар куну тун ишлаши йўлга қўйилди. Ушбу хизматлар томонидан сув иншоотлари, магистрал сув қувурлари ва тармоқлардаги носозликлар, аҳоли мурожаатлари зудлик билан бартараф қилинмоқда. Бунинг учун ходимларимиз махсус техника ва асбоб-ускуналар билан таъминланган. Хусусан, бир сутка – 24 соат давомида республикамиз бўйича ўртача 50 тадан ортиқ авария бартараф этилиб, аҳолига ичимлик суви етказилиши таъминланмоқда.
Шунингдек, карантин пайтида ичимлик суви ва иссиқ сув ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказишга оид масалаларга ҳам изоҳ берилди.
Маълумки, белгиланган қоидаларга асосан аҳоли хонадонлари, ташкилот ва корхоналарда ўрнатилган ичимлик суви ва иссиқ сув ҳисоблагичлари маълум бир муддатда давлат қиёсловидан ўтказилиши керак. Шунингдек, қиёслаш муддатидан камида 30 календарь кун аввал сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчига шартномада кўрсатилган тартибда огоҳлантириш хати жўнатилиши кўрсатилган.
Ҳозирги шароитда истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида давлат қиёслов муддати келган ёки тугаган ичимлик ва иссиқ сув ҳисобгичларини қиёслашдан ўтказиш ишлари карантиндан кейин ташкил этилади. Ушбу даврда истеъмол қилинган ичимлик ва иссиқ сув учун ҳисоб-китоблар ҳисоблагичлар кўрсаткичлари асосида амалга оширилиши давом эттирилади. Бу борада мутасадди корхоналарга тегишли кўрсатмалар берилиб, назоратга олинди.
Брифингда ҳудудлардаги кўп квартирали уйлар ва уларга туташ ҳудудларни дезинфекция қилиш ишлари юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида вазирлик томонидан тезкор таъсир чоралари кўрилгани айтиб ўтилди. Барча вилоятлардаги уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаларида махсус штаблар ташкил қилинган. Улар кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳолини коронавирус инфекциясидан самарали ҳимоя қилиш борасида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрмоқда.
Жумладан, кўп квартирали уйларнинг ҳар бир кириш йўлаги, зинапоя тутқичлари, эшик ва ромларини ушбу уйларда яшовчи фуқаролар томонидан ҳар куни камида икки маротаба (эрталаб ва кечқурун) хлор эритмаси ёки бошқа турдаги дезинфекция воситалари ёрдамида ювиш ишларини ташкиллаштириш бўйича тавсиялар берилмоқда. Режага мувофиқ ҳозиргача республикамиз бўйича мавжуд 36 минг 43 та кўп квартирали уйнинг 24 минг 712 таси (ертўла, кириш йўлаклари, туташ ҳудудлари), 5 минг 338 та болалар майдончаси, 3 минг 993 та лифт ускунаси ва 5 минг 896 та бошқа турдаги объектлар (умумий хожатхона, тандирхона, айвон)да дезинфекция ишлари амалга оширилган. Бу ишлар жойларда давом эттирилмоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |