2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Андижон миллий тараққиётимиз йўлида янги ёндашувлар, замонавий ислоҳотлар майдони бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 21-22 май кунлари Андижон вилоятида бўлди.

Президентимиз ташрифнинг иккинчи куни Андижон шаҳрида вилоят ва туманлар ҳокимлари, иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Коронавирус пандемияси туфайли бутун дунёга глобал инқироз таҳдид солиб турган бугунги кунда ҳар бир мамлакат ушбу қийин вазиятдан чиқиш йўлларини изламоқда. Барча халқларда катта ташвиш уйғотган ушбу синов, қолаверса, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган офатлар ҳам халқимизнинг мардона иродасини бука олмади. 

 

Юртдошларимиз бугунги жуда мураккаб вазиятда муқаррар хавф-хатар олдида довдирамасдан, янада жипс бўлиб, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, эртанги кун учун кафолатли турмуш шароити барпо этиш йўлида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга камарбаста бўлмоқда.

Андижон вилоятида ҳам коронавирус карантинидан босқичма-босқич чиқиш жараёнида иқтисодиётни тўлиқ юргизиб юбориш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш ва камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланган. Йиғилишда карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, мазкур йўналишдаги ишларни давом эттириш бўйича янги ёндашув ва вазифалар муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг бошида барчани Рамазон ҳайити билан муборакбод этди.

– Вақт шиддат билан ўтаяпти. Ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа ғанимат. Пандемия туфайли кўпгина соҳалар ишламагани боис оилаларда қийинчиликлар бўлди. Карантин бўлишига қарамай, халқимиз билан бамаслаҳат эртанги кунимиз учун тезроқ режалар қилиб олмасак эртага кеч бўлади, – деди Президент.

Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иш ўринлари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Андижон вилоятида 40 мингдан зиёд муҳтож оила борлиги, саноат лойиҳалари, қишлоқ хўжалиги ва томорқачилик, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига уларга даромад манбаи яратиш зарурлиги таъкидланди.

– Бош вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ҳар бир камбағал оила муаммоларини аниқ билиши, улар билан манзилли ишлаши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Энди ҳар бир секторда «Камбағалликни қисқартириш штаби» ташкил этилиши белгиланди. Бу штабларга иқтисодиёт, молия, меҳнат, инвестиция, солиқ идоралари ва банк вакиллари бириктирилади. Уларнинг иш ҳақи эришилган натижаларига кўра берилади. Солиқ идоралари текширувчи эмас, тадбиркорга кўмакчи бўлади.

– Статистик рақамлар билан шу пайтгача тўғри йўналиш қилиб бўлмади, халқимиз манфаат кўрмади. Таклифлар туманлардан, одамларнинг ўзидан чиқиши керак. Вазирлар, раҳбарлар кабинетда эмас, ҳудудларда, узоқ қишлоқларда ишлаши зарур. Шундай оғир шароитда фидойи бўлмаган раҳбар – хиёнаткор. Шу халқ учун ойлик олиб юрибсизлар. Давлат идораси вакили халққа қанча яқин бўлса, жойларда шунча натижа бўлади, адолат мезони таъминланади, – деб таъкидлади Президент.

Йиғилишда вилоятда янги корхоналар ташкил этиш ва иш ўринларини кўпайтириш чора-тадбирлари батафсил муҳокама қилинди.

Жорий йилда 789 лойиҳа бўйича 7 триллион сўм инвестиция ўзлаштирилиб, 42 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган. Тўқимачилик йўналишида умумий қиймати 106 миллион доллар бўлган 13 лойиҳа амалга оширилиб, ип-калавани қайта ишлаш даражаси 78 фоизга етказилади, 278 миллион долларлик экспорт таъминланади.

Қурилиш материаллари тармоғида 2020-2021 йилларда 74 лойиҳа самарасида 106 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Оилавий тадбиркорликка 353 миллиард сўм кредит, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 20 миллион доллар ажратилиши белгиланди.

Бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолини солиқдан озод қилинган 60 дан ортиқ турдаги касбга ўқитиш бўйича топшириқлар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда Андижон вилояти аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Жорий йилда вилоятда 6 минг 196 та – ўтган йилгига нисбатан 2 баробар кўп уй қурилмоқда. Жумладан, “Қишлоқ қурилиш инвест” 5 қаватли 45 та, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” Андижон шаҳрида 16 қаватли 4 та арзон уйлар қурмоқда.

Давлатимиз раҳбари уй-жойга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиб, Андижон вилоятида 819 оилага субсидия ажратиш зарурлигини таъкидлади.

Жорий йилда урбанизация талаблари ва инфратузилма мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир туманда иккитадан замонавий қишлоқ қуриш лойиҳаси Андижондан бошланади. “Замонавий қишлоқ” – кўп қаватли уйлар қуриладиган, инфратузилма объектлари мавжуд, аҳоли учун барча шароит яратилган масканлар бўлади. “Замонавий қишлоқ” лойиҳаси бўйича қурилган уй-жойлар бошқа дастурлар доирасида барпо этилган уй-жойлардан бирмунча арзонлиги билан ажралиб туради.

Бу йил 642 километр автомобиль йўли, 85 километр ичимлик суви тармоғи қурилиши ва таъмирланиши белгиланди.

Таълим сифатини яхшилаш, ўқувчиларни қизиққан касбига 7-синфдан йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бу келгусида уларнинг бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

– Мени энг кўп ўйлантирадиган масала, бу ёшлар ва хотин-қизлардир. Уларга эътибор, кўмак керак. Билими, қўлида касб-ҳунари бўлса, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетади, дунёқараши ҳам бошқача бўлади. Ота-онаси, оиласи ҳам давлатдан рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари вилоятдаги меҳнат бозори талабини, ҳудуддаги тадбиркорлик ва қурилиш инфратузилмаси соҳалари тез суръатларда ўсаётганини инобатга олиб, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтини ташкил этиш ва жорий йилдан қабулни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Тошкент давлат аграр университетининг филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги институтини ташкил этиб, вилоятда аграр соҳа учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

Туризм соҳаси коронавирус сабабли тўхтаб қолган бўлса-да, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишда муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Йиғилишда вилоятда ички туризм дастурини ишлаб чиқиб, унинг доирасида бошқа ҳудудлардан вилоятга ички саёҳатларни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Хонобод шаҳрини Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш таклиф этилди. Ушбу шаҳарда ер ости маъданли сув булоқлари мавжудлигини инобатга олиб, 10 гектар ер ажратган ҳолда, маъданли сув брендини яратиш ва соғломлаштириш санаторияси ташкил этилиши белгиланди.

Маданият ва ахборот технологияларини ривожлантириш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, тармоқ раҳбарлари ҳисобот берди. Видеоалоқа орқали туман ҳокимлари ва фаолларнинг фикрлари эшитилди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу куни Хўжаобод туманидаги кўп қаватли уйлар қурилишини бориб кўрди.

Андижон вилояти аҳолиси мамлакатимиз нуфусининг 10 фоизини, ҳудуди эса бор-йўғи 1 фоизини ташкил этади. Шу боис, шаҳар яқинидаги адир жойларда кўп қаватли уйлар қуриш орқали аҳолининг тобора ўсиб бораётган талабини қондириш чоралари кўрилмоқда.

Хўжаобод туманининг Иттифоқ массивида 35 та уй қурилмоқда. Улар Андижон шаҳри, Андижон, Хўжаобод, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларидаги уй-жойга муҳтож оилаларга берилиши кўзда тутилган. Шунингдек, бу ерда мактаб, тикувчилик цехи, спорт комплекси бунёд этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари қурилиш ишларидаги камчиликларни кўрсатиб ўтди. Бундай жойларда уйлар бунёд этиш мамлакатимизда янги тажриба эканини, уларни халқаро стандартлар асосида пишиқ, сифатли қуриш зарурлигини таъкидлади. Лойиҳани такомиллаштириш, аҳолига қулай транспорт йўналишлари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи якунланди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар