Қадрли ва муҳтарам ватандошлар!
Авваламбор, сиз азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни, азму шижоатли ёшларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни билдираман.
Рамазони шариф эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида азал-азалдан алоҳида ўрин эгаллаб келади.
Ушбу қутлуғ ойда сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатлар бу йил юртимизда ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.
Мард ва матонатли халқимиз коронавирус пандемияси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Оллоҳ сабр-тоқатли инсонлар билан биргадир”, деган илоҳий ўгитга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик, ҳамжиҳатликнинг юксак нумунасини кўрсатганини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда.
Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.
Асрлар давомида халқимиз онгида бағрикенглик, меҳр-мурувват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мустаҳкам ирода каби ибратли фазилатларни шакллантиришда табаррук Рамазон ойига хос қадриятларнинг ўрни ва таъсири албатта беқиёсдир.
Бу йил карантин туфайли Рамазон амаллари ва ибодатларини адо этишда юзага келган маълум қийинчиликларни тўғри тушуниб, бу масалага оқилона ёндашган, айни вақтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этаётган ҳиммати баланд тадбиркорларимиз ва фермерларимизга, турли касб эгалари бўлган кексаю ёш барча ватандошларимизга шу улуғ айём кунларида яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман.
Азиз дўстлар!
Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Шу ўринда бир ҳақиқатни эслатиб ўтишни зарур, деб биламан.
Карами кенг Аллоҳ таоло муқаддас Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилади.
Чиндан ҳам, ҳар қадай ташвиш ортида енгиллик ва ёруғлик борлигини коронавирус касаллигидан соғайиб чиқаётган, табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимзнинг катта ёрдами ва кўмаги билан ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олаётган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар.
Шу маънода, бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, деб ишонаман.
Шубҳасиз, ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам билан мардона енгиб ўтган олижаноб халқимиз бу синовлардан янада кучли ва қудратли бўлиб чиқади.
Ана шундай қатъий ишонч ва кўтаринки кайфият билан бугунги кунда юртимизни тараққий эттириш йўлида даврнинг ўзи талаб этаётган, биз бошлаган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришларни бир ёқадан бош чиқариб, изчил амалга ошириб, олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришамиз.
Сиз, азиз ва муҳтарам ватандошларимни эзгу ниятлар рўёбга чиқадиган, хайрли амаллар учун беҳисоб савоблар ёғиладиган, ўзаро бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари тараннум этиладиган шукуҳли Ийд-ул-Фитр билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, жаҳондаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни ҳам халқимиз номидан самимий қутлаб, уларга тинчлик-осойишталик, файзу барака ва фаровон ҳаёт тилайман.
Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг ушбу саодатли онларда қилаётган тоат-ибодатлари ва дуолари ижобат бўлсин!
Парвардигори олам доимо йўлимизни ҳам, юзимизни ҳам ёруғ қилсин! Юртимизни, элимизни турли бало-қазолардан Ўзи асрасин!
Ватанимиз тинч, халқимиз соғ-саломат бўлсин!
Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |