2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Пандемияга қарши кураш танқидий таҳлил қилинди, ишни янгитдан ташкил этиш белгиланди

Бугун, янги ҳафтанинг биринчи иш кунини эрта тонгдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилидан бошлади.

Хусусан, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемия билан боғлиқ ҳолат ҳамда уни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар давлатимиз раҳбари раислигидаги видеоселектор йиғилишида кўриб чиқилди.

Тадбир иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Президентимиз пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолаётганини айтди. Жумладан, охирги тўрт кунда мамлакат бўйича янги аниқланган 2 136 нафар беморнинг 1 218 таси (яъни, 57 фоизи) пойтахтимиз ва Тошкент вилоятига тўғри келади.

Коронавирусга шубҳа бўлган барча беморларни инфекция мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, зотилжам ва нафас етишмовчилигининг клиник белгилари мавжудлигига асосланган ҳолда даволаш муассасаларига қабул қилиниши белгиланди.

Тошкент шаҳрида мавжуд 16 та клиникага қўшимча COVID-19га шубҳали беморлар учун мўлжалланган яна 7 та 850 ўринли “провизор” клиникалар ташкил қилинди. Ушбу клиникаларнинг тиббиёт ходимларига ҳар бир иш куни учун ойлик маошининг 6 фоизи миқдорида устама ҳақ тўлаш масаласи ҳал қилинди.

Шавкат Мирзиёев таъкидланидек, бугундан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақини жойида олиш тизими жорий этилади.

Коронавирусли беморлар учун ажратилган шифохоналарга қўшимча 285 дона ўпка сунъий вентиляцияси аппарати, 155 дона ўпкани ёрдамчи нафас олдириш ускунаси, 140 дона кислород концентратори, 200 та функционал ётоқлар билан таъминланди, дея қайд этилди йиғилишда.

“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ушбу вирусга шубҳали бўлган беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатувчи 500 ўринли Тақсимловчи марказ ташкил қилинмоқда.

Хусусий клиникаларга ҳам бундай беморларга тиббий ёрдам кўрсатишга рухсат берилди ва ҳозирда уларнинг рўйхати тузилмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг туман бўлимларига коронавирусга ПЦР-анализи олишга ва таҳлил жавобини Республика агентлигига юбормасдан, бевосита беморларга топшириш тартиби ўрнатилди ва бу орқали таҳлил жавобларини кутиш даври қисқаради.

Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам станциясида операторларнинг меҳнат шароити яхшиланди ва бир сменада фаолият олиб бораётган операторлар сони 40 тадан 100 нафарга етказилди. Станцияга қўшимча электр тармоғи уланди, бригадалар сони 250 тагача кўпайтирилди.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти тез тиббий ёрдам хизмати учун жами 100 та “Дамас” амбуланс машинаси ажратилди, шулардан 25 таси жойларга тарқатилди.

Пойтахт вилоятида коронавирус касаллиги гумонланган шахсларни даволаш ва назоратини олиб бориш учун 905 шифо ўрин, диагнози тасдиқланганлар учун 210 ўрин стационар шифохоналар фаолият кўрсатмоқда ва қўшимча 350 захира ўрин тайёрлаб қўйилди.

“Ўзтелеком” корхонаси томонидан уяли телефон аппаратлари тарқатилмоқда.

Коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёни учун 49 хил турдаги дори воситалари захираси учун дастлабки 10 миллиард сўм пул ажратилиши режалаштирилди.

Йиғилишда таъкидланидек, 103 телефон рақамига уланиш вақти 1,5 дақиқадан 15 сониягача қисқартирилди, мурожаатларнинг асосий қисми келиб тушадиган вақт оралиғида (соат 18:00 дан 24:00 гача) энг тажрибали операторлар хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, пандемияни жиловлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар жойларда тизимли йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, бирламчи тиббиёт бўғини, яъни оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари аҳолига ёрдам бериш учун 24 соатлик иш режимига ўтказилмаган.

Тошкент шаҳридаги 11 та туман кўп тармоқли марказий ва 64 та оилавий поликиникада ҳар бирида 50 дан 200 нафаргача тиббиёт ходими мавжуд бўлса-да, уларнинг аксарияти куннинг фақат биринчи ярмида беморларни қабул қилишади.

Ҳар бир поликлиникада COVID-19 инфекциясининг енгил ёки симптомсиз кечаётган беморларга консультатив ёрдам кўрсатиш учун шакллантирилган 3 та шифокордан иборат махсус мобил бригада бириктирилган бўлиши керак, аммо айрим бригадаларда умуман врач йўқ.

Деярли барча поликлиникаларда рентген-диагностика кабинетлари мавжуд, лекин уларнинг имкониятларидан умуман фойдаланилмаяпти.

Агар ушбу поликлиникалар аҳолини самарали патронаж хизматини амалга оширса, табиийки, 103 рақамли тез тиббий ёрдамга босим қисқаради ва аҳоли орасида саросима юзага келишининг олди олинади.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига пойтахтдаги 75 та поликиниканинг имкониятларини, ушбу муассасаларда фаолият олиб бораётган 3 мингдан ортиқ шифокор ва ҳамширани инфекциянинг енгил ва симптомсиз кечаётган беморларга хизмат кўрсатишга 24 соатлик узлуксиз режимда тўлиқ сафарбар қилиш топшириғи берилди.

Шунингдек ушбу фаолиятга жалб қилинаётган шифокор ва ҳамширалар меҳнатини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Ундан ташқари, пандемия даврида ҳар бир беморни даволаш учун кислородга эҳтиёж кескин ортади. Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация маркази, Тошкент шахар 1-сон клиник шифохонаси, Республика биринчи ва иккинчи сон клиник касалхонасида ҳамда барча янги очилаётган “провизор” шифохоналарида 1 000 дан ортиқ кислород ўтказадиган нуқталар сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳри хокимлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудида жойлашган тиббиёт муассасаларини доимий асосда кислород билан тўлдириб боришга шахсан масъуллиги белгиланди.

Чет давлатларда ўпка яллиғланган ҳар бир бемор учун зудлик билан кислород концентраторларига махсус ниқоблар кийгизиш орқали ҳаво олишини енгиллаштириб, қўлига пульсоксиметр тақилмоқда ва бу билан беморнинг нафас етишмовчилиги бартараф қилинмоқда. Бош вазирга мазкур тиббиёт жиҳозларини имкон қадар қисқа муддатларда мамлакатимизга етказиш топшириғи берилди.

Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди.

Беморларни даволаш учун зарур дори-дармон воситалари захираларини яратиш мақсадида қўшимча равишда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти хокиликлари тегишлича 20 миллиард ва 10 миллиард сўм маблағларни “Дори-дармон” акционерлик компаниясига айланма маблағ сифатида ажратиши белгиланди.

Коронавирусни даволаймиз деб, деярли барча ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари тўлдириб ташланди, деди давлатимиз раҳбари. Натижада сурункали касаллиги бор беморлар малакали тиббий хизматдан деярли маҳрум бўлди.

Муасаддиларга сурункали касалликларни даволашга ихтисослашган шифохоналардаги коронавирусга чалинган беморларни бошқа жойларга, шу жумладан хусусий клиникаларга кўчириш орқали сурункали хасталиги бор беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини қайта тиклаш чораларини кўриш топшириғи берилди.

Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши ҳеч гап эмас, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Шу муносабат билан қисқа муддатларда ушбу касалликка чалинганларни даволаш учун яратилган қўшимча ўрин-жойлар сонини, биринчи навбатда олийгоҳлар ётоқхоналари, ёпиқ спорт майдонлари ва бошқа сиғими катта бино-иншоотлар ҳисобига, камида икки-уч баробарга оширилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Пандемиянинг салбий оқибатларини жиловлаш ва ҳар бир раҳбарнинг масъулиятини ошириш, фидокорлик кўрсатаётган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ишлари давом эттирилади.

Касаллик ўчоғида ўз жонини гаровга тикиб ҳар бир касални ўлим ёқасидан олиб чиқаётган шифокорларимизни давлат мукофоти билан тақдирлаш бўйича таклифлар киритиш топшириғи берилди.

Президентимиз қайд этганидек, бугунги кунда республика ва маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган ҳар қандай харажат устувор равишда пандемияга қарши кураш тадбирларига қаратилиши шарт. Бундан муҳим харажатлар бўлиши мумкин эмас.

Шаҳар ва туман хокимлари 24 соат давомида ҳар бир касалхонадаги вазиятни жиловлаб туришга масъул ҳисобланади ҳамда уларни узлуксиз ва муаммосиз ишлашига шароит яратиб беришига жавобгар деб белгиланди.

Шунингдек, янги харид қилинаётган тез тиббий ёрдам автомобиллари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётнинг турли соҳаларидан, биринчи навбатда, фаолияти тўхтатилиши оқибатида даромадсиз қолган йўловчи ташувчи жамоат транспорти уюшмаларининг малакали ҳайдовчилари жалб этилиши юзасидан вазифалар қўйилди.

Барча сектор раҳбарлари иш кунини эрталабдан ўз ҳудудларида касалхоналардаги аҳволни ўрганиш билан бошлаши қатъиян белгиланди.

Ҳар бир раҳбар бугунги кунда фуқароларимизнинг соғлигини сақлаб қолишдан муҳим вазифаси йўқлигини англаши шарт, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

 

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар