Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Халқ қабулхонаси масъул ходимлари бошчилигида 20 га яқин вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида Тошкент вилояти аҳолиси учун сайёр қабуллар ташкил этилди.
Мазкур қабуллар Тошкент вилоятининг Бекобод, Олмалиқ, Янгийўл, Ангрен, Оҳангарон, Чирчиқ, Нурафшон шаҳарлари ҳамда Зангиота ва Бўстонлиқ туманларида бўлиб ўтиб, уларда вилоятнинг барча ҳудуд аҳолиси қамраб олинди.
Ўтказилган қабуллар давомида мурожаатларда асосан суд-ҳуқуқ, уй-жой, моддий ёрдам, ижтимоий таъминот, прокуратура ва ички ишлар, соғлиқни сақлаш, банк соҳалари, ички йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминоти, коммунал хизмат, меҳнат ва бандлик йўналишларига оид масалалар келиб тушди.
АНИҚ РАҚАМ ВА МИСОЛЛАРГА ЎТСАК...
Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр суд мажлислари ўтказилган ҳолда, жазонинг ўталмаган қисмидан 41 нафар маҳкум жазони ўташдан шартли равишда ва 16 нафар тайинланган жазони муддатидан аввал озод қилинди, 39 нафар маҳкумларнинг жазоси бошқа енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинди.
Мажбурий ижро бўйича 13 та мурожаатга асосан қарз ва зарарни ундиришга оид 387,4 млн. сўм ундирилди.
Бир мисол – 80 ёшли Нўъмон Отажоновнинг бошига эса кексайган чоғида мушкул иш тушди. Йўл-транспорт ҳодисаси отахонинг ўғли Неъматни бу ёруғ дунёдан олиб кетди. Айбдор ҳайдовчи жабрланувчи оиласига 20 миллион сўм товон пули тўлаб бериши лозим эди. Бироқ айбдор томон белгиланган жариманинг 12 миллион сўмини тўламай келаётган эди. Отахоннинг мурожаатидан сўнг Нўъмон Отажонов оиласига 12 миллион сўм ундириб берилди.
Банк кредитларини ажратиш юзасидан ҳам салмоқли натижалар бўлди. Хусусан 108 та тадбиркорлик субъектига 11 млрд. 682 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди.
Оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш масалаларида 48 нафар уй-жойга муҳтожлар мурожаати бўйича субсидия олишга тақдимнома киритилди, 34 нафар фуқарога 6 ойлик моддий ёрдам пуллари тайинлади, 17 та ҳолатда 2 ёшгача нафақа олиш масаласи ҳал этилди.
Хусусан, зангиоталик Зулхумор Пўлатованинг уй-жой билан боғлиқ муаммоси ҳам айни шу оммавий қабулда ҳал қилинди. Ногиронлиги бор фарзандлари билан анчадан буён сарсон юрган эди. Бу аёлга мурожаатидан сўнг доимий яшаш ҳуқуқи асосида 2 хонали хонадон бериладиган бўлди.
Айни шундай яна ногиронлари бор инсонлар, боқувчисини йўқотган аёллардан 5 нафарига ҳам доимий яшаш ҳуқуқи асосида 5 та хонадон ажратиладиган бўлди.
Уй-жой коммунал хўжалиги, газ ва электроэнергия таъминоти, йўл таъмири йўналишлари бўйича келиб тушган мурожаатлар ҳам мутасаддилар эътибори марказида бўлди. Жумладан, 5 та ҳолатда сув қувуридаги авария ҳолатлари ҳал этилди, 3 та кўп қаватли уйнинг 300 м2 том қисми жорий таъмирланди, 2 та кўп қаватли уйнинг ертўла қисмидаги 480 метр оқова сув қувурлари алмаштирилди, 1 та ҳолатда 42 та хонадонли кўп қаватли уйнинг канализация қувури тозалаб берилди.
Мисол учун, Бўстонлиқнинг «Бўстон» маҳалласи Бирлик кўчасида жойлашган кўп қаватли 26-уй деярли таъмирдан чиқарилмаган, шифтдан чакка ўтар эди. Оммавий қабулдаги мурожаатлардан сўнг ҳечдан кўра кеч деганларидек, том ёпиш ишлари бошланиб кетди. Мутасаддилар фасадларни таъмирлаш, фрамуга ойналарни янгилаш муаммоларини ҳам ҳал қилиб беришди.
Янгийўл шаҳри «Гулистон» маҳалласи аҳолиси эса сув босими пастлигидан шикоят қилди. Ҳудуддаги кўп қаватли уйларга оби ҳаёт тўлиқ етиб бормас экан. Бу мурожаат жойига чиқиб ўрганилгач, марказий ичимлик суви қувурини янгилашга киришилди. Бу билан кўп қаватли 24 та уй, 2 та ижтимоий соҳа объектига юқори босимда сув етказишга эришилади.
Электр энергияси таъминоти бўйича 5 та трансформатор янгиланди, 638 та электр ҳисоблагич ўрнатилди, 2,1 км. СИП кабель тортилди ва 39 та таянч устунлар янгисига алмаштирилиб берилди.
Жумладан, Янгийўл шаҳри «Рамадон» маҳалласидаги трансформатор эскириб кетгани сабабли кўп қаватли 3 та уй ва 600 дан зиёд оилалар истиқомат қилаётган уйларнинг электр энергиясида кўп узилиш юз берар эди. Маҳалла аҳолиси оммавий қабулга шу ҳақда мурожаат қилгач, бир кун ичида янги трансформатор ўрнатилиб, муаммо ҳал қилинди.
Газ таъминотида 3 нафар кам таъминланган оила қарздорлик сабабли тармоқдан узилган газ тармоғига қайта уланди, 2 та ГТП да таъмирлаш олиб борилди, 2 та кўп қаватли уйнинг 49 та хонадони газ тармоғига улаб берилди, МФЙга 265 дона газ баллони етказиб берилди.
Йўл таъмири бўйича 8,8 км. асфальт йўл жорий таъмирланди. Узунлиги 45 метр, эни 10 метр кўприк қурилиши бошланди (7,5 млрд. сўмлик).
Хусусан, Тошкент тумани «Алишер Навоий» маҳалласидаги ички кўчалар таъмирталаблиги анчадан буён ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган эди. Аҳоли мурожаатидан сўнг ички кўчаларга майдаланган тош тўшалиб, асфальт қилишга киришилди.
Соғлиқни сақлаш тизими бўйича Бўка тумани 2 та МФЙда (Даштобод ва Хўжақўрғон) тиббиёт пунктини ташкил қилиш бўйича келишилди; бандлик масаласида 59 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди; халқ таълими масаласи бўйича 27 та ўқитувчи ва ёш ОТМ битирувчилари ишга қабул қилинди; мактабгача таълим масаласи соҳасида 75 та оилавий МТМ ва 2 та давлат хусусий шерикчилик асосида МТМни очиш бўйича келишув ижобий ҳал қилинди.
Тошкент вилоятида ташкил қилинган оммавий қабулларда 3 минг 93 та мурожаат асосида 3 минг 195 та масала кўриб чиқилди. Қарийб 1 мингта масалага жойида ечим топилган бўлса, 686 та мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳат берилди, 1 минг 510 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |