2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Бирлик, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибатда ҳикмат кўп

Давлатнинг давлатлиги, халқнинг халқлиги қийин пайтларда билинади.

Афсуски, 2020 йил жуда оғир келди. Коронавирус балоси, у келтирган ижтимоий-иқтисодий инқироз етмаганидек, бир ҳафта ичида Бухоро ва Сирдарё вилоятларида табиий-техноген офатлар рўй берди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев иккала жойга ҳам зудлик билан етиб бориб, вазиятни ўз назоратига олган эди. “Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, деган эди Президент ўшанда.

 

Аввало, энг катта оғирликни давлатимиз раҳбари ўз зиммасига олди. Талафот оқибатларини бартараф этиб, ҳаётни тиклаш ишларига бош-қош бўлди. Бу эса жабрдийдаларга кучли далда ва мадад бўлиб, бутун халқимиз бирлашди. Кимдир маблағи, кимдир меҳнати билан ёрдамга келди.

 

Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 2 минг 211 та хонадон яроқсиз ва 2 минг 499 таси таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Давлатимиз раҳбари ўшанда бу аҳволни кўриб, вайрон бўлган маҳаллаларни нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки ундан-да яхши қилиш, ҳамманинг ҳаваси келадиган масканга айлантиришга ваъда берган эди.

 

Шу мақсадда учта ҳудуд танланиб, 50 гектар майдонда 86 та 5 қаватли уй-жой барпо этилди. Хусусан, Сардоба тумани "Дўстлик" маҳалласида 37 та, Мирзаобод тумани "Ҳақиқат" маҳалласида 40 та ҳамда "Навбаҳор" маҳалласида 9 та уй-жой қурилди. Уларда жами 2 минг 640 хонадон бор.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 13 октябрь куни яна Сирдарё вилоятига келди. Давлатимиз раҳбари дастлаб Мирзаобод туманидаги "Ҳақиқат" маҳалласига ташриф буюрди.

 

– Сув тошқини жуда катта талафот бўлди. Ҳам фожиа оқибатларини бартараф этиш, ҳам қисқа муддатда одамларни рози қилишимиз керак эди. Бунга унча-мунча давлатнинг дош бериши ўзи бўлмайди. Ҳар бир одам билан гаплашдик. Вазирликлар, ҳудудларни жалб қилиб, тезкор иш ташкил этилди. Совуқ кунларга қолдирмасдан, оилаларни уй билан таъминлашга эришдик. Энг катта масала – одамларнинг кўнглидаги ғашлик кетди, улар рози бўлди, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Илгари бу жойлардаги кўп уйларда табиий газ йўқ эди. Энди газ, сув, электр энергияси ва бошқа коммуникациялар билан таъминланган. Яна бир муҳим томони – янги уй эгаларининг аввалги ҳовлилари ҳам ўзларида қолди.

 

Давлатимиз раҳбари ўша қийин кунларда бутун халқимиз жипслашиб ҳаракат қилганига катта эътибор қаратди.

 

– Бутун мамлакатимиздан мутахассислар келди. Бу ерда Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоятнинг ўз кўчаси бор. Бирлашсак, меҳрли бўлсак, кўп ишларни амалга оширишимизга ҳамма инонади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

 

Кўп қаватли уйлар шинам, ҳовлилари обод. Бу маҳалла Янги Ўзбекистон, деб номланган.

 

– Янги Ўзбекистон дейилганида ҳам маъно бор. Агар халқимизга маъқул бўлса, бундай уйларни бошқа ҳудудларда, аҳоли зич шаҳарларда ҳам қурамиз. Ҳар бир мавзе ёнида иш ўринлари ҳам ташкил этамиз. Умуман олганда, қуриш ва яшаш маданиятимиз ўзгариши керак, – деди Президент.

 

Янги мавзеда маҳалла гузари, дўкон, кутубхона, болалар майдончалари барпо этилган. Уйларга хизмат кўрсатувчи сервис компанияси ташкил қилинган.

 

Турар жойларни эксплуатация қилиш тизимини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Давлатимиз раҳбари шундан сўнг Оқолтин туманидаги “Нурафшон орзу бўстони” фермер хўжалиги даласида бўлиб, пахта ҳосилини кўздан кечирди.

 

Бу ғўзаларни етиштиришнинг ўзи бўлгани йўқ. Сардоба сув омбори тошқини қишлоқ хўжалигига ҳам катта зарар етказган эди. Хусусан, Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 20 минг гектарга яқин экин майдонини сув босганди.

 

Ҳосилни асраб қолиш учун кўчма насослар ёрдамида сув қочирилиб, ер культивация ва чопиқ қилинди. Имконсиз жойларда пайкаллар бузилиб, қайтадан бошқа экинлар экилди. Қийғос очилган пахта ана шундай машаққатли меҳнат натижасидир.

 

“Нурафшон орзу бўстони” фермер хўжалиги “Оқолтин АПК” пахта тўқимачилик кластерининг ҳамкори.

 

Шу ерда кластерлар раҳбарлари ва фермерлар билан мулоқот бўлди. Пахтани қайта ишлаб, хомашёни тайёр маҳсулотга айлантириб, қўшимча қиймат яратиш муҳимлиги таъкидланди.

 

– Кластер ва манфаатдорлик – Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг келажаги. Илм-фан ва инновацияларни жорий этмай туриб, бу соҳани рақобатбардош қилиб бўлмайди, – деди Президент.

 

Мазкур кластер томонидан 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Оқолтин туманида йилига 30 минг тонна чигитни қайта ишлаш бўйича қиймати 4 миллион доллар ҳамда 50 минг тонна донни қайта ишлаш бўйича қиймати 5,8 миллион доллар бўлган лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

 

Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги "Янги Тошкент" маҳалласини бориб кўрди.

 

Бу ерда 130 та коттеж таъмирланиб, коммуникация тармоқлари тикланган. Янги маҳалла гузари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кутубхона, спорт мажмуаси, ички йўллар қурилган.

 

Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Аҳоли билан суҳбатлашди.

 

– Бу ерга келганимда вазият жуда ачинарли эди. Бу менинг уйим, жигарларим, фарзандларим, деб юрагимдан ўтказдим. Пул топиш, ташкил қилиш осон бўлгани йўқ. Худога шукр, ҳаммаси ортда қолди. Бу уйлар сизларга буюрсин. Энди бу ободликни асраб, яхши яшаб, яхши тўйлар қилинглар. Ўзи менинг энг катта мақсадим – ёшларни бахтли кўриш, – деди давлатимиз раҳбари.

 

Маҳаллада “Нафис либослар” тикувчилик корхонаси ҳам ташкил этилди. Унда 50 нафардан зиёд хотин-қиз иш бошлади. Президентимиз улар билан суҳбатлашди.

 

– Хотин-қизларга эътиборни янада кучайтирамиз. Аёлни рози қилолсак, жамиятимиз файзли бўлади, ҳамма режаларимизни амалга ошира оламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Корхона келгуси йили тўлиқ қувватга чиққач, йилига 500 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади. Уларнинг бир қисмини экспорт қилиш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари оилавий поликлиникага кириб, соғлиқни сақлаш ходимлари билан суҳбатлашди. Тиббиёт билан спорт ҳамоҳанглигини кучайтириб, одамларни соғлом турмуш тарзига одатлантириш, аҳолининг умрини узайтириш масалалари юзасидан сўз юритилди.

 

– Кўп юриш билан тўғри овқатланиш маданиятини йўлга қўйиб олсак, тиббиётдаги 30-40 фоиз масалани ҳал қилган бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Бу борадаги тарғиботни кенгайтириш, рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба туманидаги “Сардоба Оқсарой текстиль” корхонаси фаолияти билан танишди.

 

“Oqsaroy klaster” масъулияти чекланган жамият таркибидаги мазкур корхона йилига 3,5 миллион долларлик тайёр мато ва кийимлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларни 100 фоиз экспорт қилиш мўлжалланган. Туркиядан замонавий тикув машиналари ва энергиятежамкор совутиш тизими келтириб ўрнатилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида 500 та иш ўрни яратилган.

 

Давлатимиз раҳбари бу ерда фаолият бошлаган хотин-қизларни янги уй ва иш жойлари билан табриклади.

 

– Фожиа юз берган кунлари баъзи одамларда эртанги кунга ишонч йўқолиб қолган эди. Бугун сизларнинг кўзингизда ишонч учқунларини кўриб турганимдан хурсандман. Аёллар ишласа, кайфияти яхши бўлади. Аёлнинг кайфияти яхши бўлса, фарзандларининг кайфияти, тарбияси яхши бўлади, оилада, жамиятда муҳит ўзгаради. Шунинг учун хотин-қизларга иш ўринларини кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Шу ерда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, енгил саноатда қўшимча қиймат занжирини яратиш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари 15 май куни Сардоба туманида бўлганида “Дўстлик” маҳалласида янги уйлар қурилишига тамал тоши қўйган эди. Қисқа вақтда бу ерда 1 минг 480 хонадонли 37 та турар жой қуриб битказилди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев бу галги ташрифи чоғида мазкур замонавий мавзени кўздан кечирди.

 

Уйлар беш қаватли бўлиб, икки ва уч хонали квартиралардан иборат. Турар жойларни қуришда энергиятежамкор материаллардан фойдаланилган. Янги мавзеда барча коммуникация тармоқлари мавжуд. Маҳалла гузари, болалар майдончалари қурилиб, ҳудуд ободонлаштирилган.

 

Хонадонлар тайёр ҳолда, тошқиндан жабрланган оилаларга бепул топширилади. Олдин мазкур маҳаллада яшаган Бахтиёр ва Қимматхон Мирзаевлар оиласига ҳам уч хонали квартира ажратилган. Давлатимиз раҳбари ушбу хонадонга кириб, шароитларни кўздан кечирди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев “Дўстлик” маҳалласида сирдарёлик фаоллар, сув тошқинидан жабрланган одамлар билан учрашди.

 

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳли билан шундай ободликда, ёруғ юз билан кўришиб турганидан хурсандлигини билдирди.

 

– Охирги беш ойда ҳаммамиз синовдан ўтдик. Ҳамжиҳат бўлиб, матонат, меҳнат билан шароитни тикладик, янги уйлар, йўллар қурилди. Бугун бу ишларни кўриб, албатта хурсанд бўлдим. Лекин менга энг катта куч, қувонч берган нарса одамларнинг кайфияти бўлди, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Сардоба сув омбори тўғони уй-жойлар, ижтимоий объектлар ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказган эди. Ҳукумат комиссияси тузилиб, унинг оқибатларини бартараф этишга барча куч ва воситалар жалб қилинди. Сув босган маҳаллалар аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиниб, бошпана ва озиқ-овқат билан таъминланди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликлар ўзаро мувофиқ ҳаракат қилиб, турмуш шароитлари қисқа муддатда тикланди.

 

Учта янги мавзе барпо этилди. Боғча ва мактаблар, коллежлар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Сув босган ҳудудлар бугун аввалгидан-да яхшиланиб, янги қиёфага эга бўлди.

 

– Халқимиз розилигини биринчи кундан асосий мақсадимиз, шиоримиз этиб танлаганмиз. Қийин, лекин шунинг учун ишлаяпмиз. Сирдарёдаги қурилишлар, ўзгаришлар шу билан чекланиб қолмайди, яна давом этади. Бунинг учун катта марралар белгилаганмиз, – деди Президент.

 

Учрашувда сув тошқинидан жабр кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш, уй-жойлар қуриш ва таъмирлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, инфратузилма объектларини тиклаш, янги иш жойлари яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида айтиб ўтилди. Мутасадди вазирликлар вилоят фаолларига бу борада бажарилган ишлар ва режалаштирилган лойиҳалар ҳақида тақдимот қилди.

 

Учрашувда сўзга чиққанлар юртимизда биронта инсонни, биронта ҳам оилани ҳар қандай фалокат ва муаммо қаршисида ёлғиз қолдирмаймиз, барча зарур ёрдамни албатта кўрсатамиз, деган холис, пок ва эзгу ният билан иш олиб борилгани, бунинг самарасида кўзлаган марраларга эришилгани таъкидланди. 

 

Хусусан, Президентимиз шахсан бош-қош бўлиб, уй-жойсиз қолган одамларни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, бошпана билан таъминлаш учун катта ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

 

Пандемия шароитига қарамасдан, бугун Сирдарё вилоятида амалга оширилган беқиёс бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг яратувчанлик руҳи, бизнинг улуғ қудратимизни, нималарга қодир эканимизни яна бир бор намоён этди. Бу сирдарёликлар руҳини чексиз шод этиб, эртанги кунга, халқимиз фаровонлигига қаратилган ислоҳотларга ишончини мустаҳкамлади.

 

Шу билан давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига сафари якунланди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбирлари

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар