Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон туманидаги Халқ қабулхонасига жорий йил давомида жами 412 та мурожаат келиб тушган.
Халқ қабулхонасининг назорати остида 276 та мурожаатлар туман ташкилотларига, 136 таси эса юқори ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборилган. Мурожаатларнинг 249 таси ижобий ҳал қилинган. 102 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилган. Қолган 61 та мурожаат эса кўриб чиқиш жараёнида.
Келиб тушган мурожаатлар таснифи бўйича таҳлил қилинганда аксариятини уй-жой, ер билан таъминлаш, ишга жойлаштириш, алимент, соғлиқни сақлаш, газ, электр, сув масалалари ташкил қилади.
– Туман Халқ қабулхонаси томонидан секторларнинг маҳаллаларга чиқиб сайёр қабуллар ташкил қилиш режа-графиги тузилган, – дейди Халқ қабулхонаси мудири Саид Мирзаев. – Режа-график асосида жорий йилнинг шу вақтига қадар 72 та сайёр қабул ўтказилган. Унда 1 минг 730 нафар фуқаронинг мурожаати тингланган.
Туман Чолоки МФЙ Қасри Орифон қишлоғи 24-уйда яшовчи фуқаро Қосим Файзиевнинг жорий йилнинг 19 октябрь кунидаги мурожаати юзасидан 1-сектор раҳбари ва ишчи гуруҳи иштирокида унинг яшаш жойи бориб ўрганилди. Мурожаатчи “Темир дафтарда” бўлиб, кам таъминланганлар рўйхатида туради. Оилавий шароити, кам таъминланганлиги инобатга олиниб, нафақат унинг талабига кўра уйининг том қисмини таъмирлаб бериш, балки унинг ҳовлисига қўшимча хоналар қуриш учун ишлар бошлаб юборилди. Туман 1-сектори томонидан унга цемент, ғишт, шифер каби қурилиш материаллари етказиб берилди. Мурожаат муаллифига Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ж.Каримов томонидан ун, ёғ ва 10 дона товуқ етказиб берилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, айрим ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқишда масъул идоралар томонидан мурожаатчиларнинг важлари тўлиқ ўрганилмасдан, мурожаатнинг ижобий ечимини топиш чоралари кўрилмасдан тушунтириш бериш билан чекланмоқда. Масалан, туман Тараққиёт МФЙ Дехмирзаён қишлоғида яшовчи 1986 йилда туғилган фуқаро Нодирбек Раҳматов янги қурилган уйига газ ўлчагич ўрнатиш мақсадида “Когонтумангаз” филиалига бир неча бор мурожаат қилганига қарамай тушунтириш билан чекланиб қолганлиги аниқланди. Халқ қабулхонаси томонидан унинг мурожаати назоратга олиниб, мутасадди ташкилотлар томонидан унинг хонадонига газ ҳисоблагич ускунаси ўрнатилиб, мурожаатнинг ижобий ҳал этилишига эришилди.
Туман Халқ қабулхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрациясининг топшириғи асосида ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўрганиш секторлар штаблари аъзолари билан ҳамкорликда доимий амалга ошириб келинмоқда.
Когон туман аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 54 фоизни ташкил этади. “Бухоро сув таъминоти” МЧЖ Когон шаҳар бўлими томонидан 45 та аҳоли пунктида хизмат кўрсатилади. “Бухоро сув таъминоти” МЧЖ Бухоро шаҳар бўлими томонидан 64 та аҳоли пунткларига марказлашган ичимлик суви таъминоти орқали хизмат кўрсатилмоқда.
Қолган аҳоли пунктларига (35 минг 758 нафар) транспортда ташиш йўли орқали ичимлик суви етказиб берилади.
Туман халқ таълим бўлими тасарруфида 23 та умумтаълим муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 22 та умумтаълим мактаби, 1 та ихтисослаштирилган мактаб ва 1 та “Баркамол авлод” маркази фаолият юритмоқда. Туманда жами 8 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритиб келмоқда.
Тиббиёт соҳаси бўйича аҳолига 4 та ҚОП, 4 та ҚВП ва 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатиб келмоқда. Мазкур ижтимоий объектларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари халқ қабулхонаси томонидан доимий назоратга олинган.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |